Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 20:29

Тошкентнинг “смотряшчийси” судида холис гувоҳ ўз кўрсатмаларидан тонди (ВИДЕО)


Тошкентнинг "смотряшчийси" судида холис гувоҳ ўз кўрсатмаларидан тонди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:00:46 0:00

Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Олмазор туман судида судланувчи Аббос Хўжаев устидан январнинг иккинчи ярмида бошланган суд жараёнининг ўтган ҳафтадаги мажлисида иштирок этган холис гувоҳ тергов давомида берган кўрсатмасидан тонди.

1988 йилда туғилган тошкентлик Талъат Эрмуҳаммедов билан суҳбатлашган мустақил журналист Малоҳат Эшонқулова Озодликка тақдим этган аудиоёзувда Эрмуҳаммедов қандай қилиб “холис гувоҳ”га айланиб қолгани, судланувчига қарши кўрсатмаларини тезкор ходимларнинг босими остида бергани тўғрисида айтганлари акс этган.

Талъат Эрмуҳаммедов билан Малоҳат Эшоқулова ўтказган суҳбат
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:22:35 0:00
Бевосита линк

Тошкентнинг “смотряшчийси” эканлиги айтиладиган Аббос Хўжаев (ҳужжатларда Ходжаев) 2017 йилнинг 13 сентябрида қўлга олинган эди.

Ширакайф "холис гувоҳ"

Талъат Эрмуҳаммедов билан ўтказилган суҳбатдан маълум бўлишича, у Аббос Хўжаевнинг уйида ўтказилган тинтувда холис гувоҳ сифатида иштирок этишга мажбур бўлган.

Талъатнинг 18 март куни журналист Малоҳат Эшонқуловага берган суҳбатида айтишича, уни 2017 йил, 13 сентябрь оқшомида, ширакайф ҳолатида ППС ходимлари тўхтатиб, “ҳужжатларини текширган ва уни ички ишлар бўлимига олиб бориш баҳонасида қандайдир бир жиноятчининг уйида ўтказиладиган тинтув жараёнига холис гувоҳ сифатида олиб боришган”.

Талъат тинтув ўтказилган хонадонга тинтув тугагандан сўнг олиб кирилган ва тезроқ уйга кетишни ўйлаб тургани учун тезкор ходимлар айтган қоғозларга қўл қўйиб берақолган.

Эртасига эрталаб, Талъатнинг айтишича, уни “шаҳар Ички ишлар бошқармасига икки ходим олиб кетган. У ерда терговчи ортида турган 3 киши иштирокида Талъатдан кеча кечқурун тинтув ўтказилган хонадонда гиёҳванд модда топилгани тўғрисида кўрсатмага қўл қўйиши кераклигини айтган. Шу аснода, Талъатнинг айтишича, тезкор ходимлардан бири унинг юзига бир тарсаки туширган ва шундан кейин у қўл қўйиб беришга мажбур бўлган.

Ўтган ҳафтада бўлиб ўтган суд мажлисида Талъат Эрмуҳаммедов тергов давомида ўша кўрсатмаларидан тонди.

Балки холис гувоҳга судланувчи босим ўтказгандир?

Судланувчи Аббос Хўжаев Тошкентнинг “смотряшчийси”, яъни жиноят дунёсининг ҳудуд бўйича фавқулодда вакили эканлиги айтилади. Бас, шундай экан, балки унинг атрофидагилар холис гувоҳ Талъат Эрмуҳаммедовга босим ўтказгандирки, у терговдаги кўрсатмаларидан тонгандир?

Малоҳат Эшонқулова
Малоҳат Эшонқулова

​Озодлик бу саволни Талъат билан суҳбатлашган Малоҳат Эшонқуловага берди.

Малоҳатнинг айтишича, худди шундай саволни у Талъатга суҳбат давомида 3 марта берган.

- У йигит, “ўшанда ичган эдим, орадан 6 ой ўтди, мен ўзимга келиб қолдим, бировга туҳмат қилаётганимни чуқур тушуниб етдим ва шунинг учун кўрсатмамдан қайтдим”, деди. Қолаверса, судда олдинги кўрсатмаларидан тонган биргина бу йигит эмас. Уларни ҳам топиб суҳбатлашмоқчиман”,- деди Малоҳат Эшонқулова.

Судланувчининг яқинлари нима деди?

Суд мажлисида ўзининг аввалги кўрсатмаларидан Аббос Хўжаевнинг акаси Аҳрор Хўжаев ҳам тонган.

Ака-ука хўжаевларнинг яқинларидан бирининг Озодликка айтишича, тинтув ўтказилган куни уларнинг хонадонига 15 нафарча ходим кириб келган ва укаси Аббос билан битта хонадонда яшайдиган Аҳрор Хўжаевни “бутун оилангни жиноятга шерик қиламиз”, деб қўрқитиб, “уйдан ўзлари ташлаб қўйган нарсанинг топилгани тўғрисида кўрсатма ёздириб олишган”.

Хўжаевлар яқинининг Озодликка айтишича, Аҳрор Хўжаев судда хонадонида ўтказилган тинтувнинг бутун тафсилотларини, унга қилинган босимлар тўғрисида айтиб берган.

Бошқарма баёноти ва ака топган видео орасидаги фарқ

Тошкент шаҳар Ички ишлар бошқармаси расмий сайтида эълон қилинган хабарда “2017 йилнинг 13 сентябрь куни соат 17:00 ларда, ички ишлар идоралари ходимлари томонидан Миробод тумани ҳудудида ўтказилган тадбир давомида, фуқаро Ходжаев Аббосхон Ахмадович тўхтатиб текширилганда (таъкид Озодликники) унинг ёнидан сотиш мақсадида сақлаб келаётган оғирлиги 0,34 грам бўлган «героин» гиёҳвандлик воситаси аниқлаб олинган”и айтилган.

Хўжаевлар яқинларидан бирининг Озодликка айтишича, Аббос Хўжаев Ички ишлар бошқармаси хабар қилганидай, тўхтатиб текширилган эмас, балки Тошкентдаги “Тезиковка-дача” кафесида ўтказилган махсус амалиёт давомида қўлга олинган. Сўзларининг исботи сифатида ака-ука хўжаевларнинг яқини Аббос Хўжаевни қўлга олиш жараёнининг кафега ўрнатилган кузатув камераларида ёзилиб қолган тасвирларини Озодликка тақдим этди.

Ака-ука хўжаевлар яқинининг иддао қилишича, Аббоснинг ёнидан топилгани айтилаётган 0, 34 грамм наркотик модданинг бир қисми уни қўлга олиш жараёнида “оперлар томонидан унинг чўнтагига солиб қўйилган, бошқа қисми эса, гўёки унинг уйида ўтказилган тинтув пайтида топилган”.

Аббос Хўжаев қўлга олинишининг бу икки хил талқини юзасидан Тошкент шаҳар ички ишлар бошқармаси изоҳини олишнинг ҳозирча имкони бўлмади.

Инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Аъзам Турғунов бу ишни яқиндан кузатмоқда

Аъзам Турғунов
Аъзам Турғунов

Маълум бўлишича, Аббос Хўжаев устидан ўтказилаётган суд жараёнини 10 йил қамоқда ўтириб, 2017 йилнинг 7 октябрида озодликка чиққан инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Аъзам Турғунов томошабин сифатида яқиндан кузатмоқда.

Хўжаевнинг ишига қизиқиши сабабини Турғунов Озодлик билан суҳбатда бундай изоҳлади:

- Аббос ўғлимнинг синфдоши, ота-оналарини ҳам, акаларини ҳам яхши танийман. Аббоснинг ўзи билан жуда яқинман. Чунки қамоқда бирга ўтирганман,- деди Аъзам Турғунов.

У Аббос Хўжаевнинг муқаддам судланганини яширмаганидай, унинг шаҳардаги криминал авторитетлардан бири эканлигини ҳам яширмади.

- Авторитет дер экансиз, нимани назарда тутаяпсиз?

- Энг обрўлиларидан биттаси. Бахти Ташкентский бор, яна бошқалари бор.

- Криминал дунёнинг обрўлиларидан демоқчимисиз?

- Ҳа, деб жавоб берди Аъзам Турғунов.

Инсон ҳуқуқлари ҳимоячисига ҳам “балки Аббос Хўжаевнинг атрофидагилар холис гувоҳ Талъат Эрмуҳаммедов ва бошқаларга босим ўтказгандирки улар кўрсатмаларидан тонишга мажбур бўлгандир?” деган саволни бердик.

Бу саволга жавоби йўқлиги айтаркан, Аъзам Турғунов эътиборимизни масаланинг бошқа жиҳатига қаратди:

- У смотряшчий бўладими ёки авторитет бўладими, бундан қатъиназар, жиноят қилганми-йўқми - гап шунда. Унинг ҳаракатларида жиноят таркиби борми-йўқми? Гап шунинг устида бўлиши керак. Уларнинг мақсади Аббосни қамаш эди. Бас, шундай экан, мен погонлиларга айтмоқчиман: агар мақсадинг қамаш бўладиган бўлса, ишни тўғри қил, қоғозларингни ўхшатиб қўй, токи менга ўхшаган мижғовлар келса, шубҳаланмасин, - дер экан Аъзам Турғунов Аббос Хўжаев устидан чиқарилган айблов хулосасини ўрганиш жараёнида 20 дан зиёд қонун бузилиш ҳолатларини аниқлаганини қўшимча қилди.

Маълумотларга қараганда, Аббос Хўжаев иши бўйича суднинг навбатдаги мажлиси 26, 27 март кунларига белгиланган.

Тошкент шаҳар Ички ишлар бошқармасига кўра, Аббос Хўжаев устидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 25,273-моддаси 5-қисми (гиёҳвандлик воситаларини кўп миқдорда қонунга хилоф равишда сотишга суиқасд қилиш) аломатлари билан жиноят иш қўзғатилган.

Аббос Хўжаев 2017 йилнинг сентябрида Тошкент шаҳрида халқ орасида “кўча авторитетлари” номи билан танилган бир неча шахс ва уларнинг 20 га яқин сафдоши қаторида ушлангани тўғрисида Озодлик ўз вақтида хабар берган эди.

XS
SM
MD
LG