Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 17:22

АҚШ қора рўйхатига киритилган Ғафур Раҳимов боксни Олимпиада спорти сифатида сақлаб қола оладими?


Халқаро бокс уюшмасининг (АИБА) вақтинчалик президенти Ғафур Раҳимов (ўнгда) АИБАнинг собиқ президенти Франко Фалчинелли билан 3 февраль куни (2018 йил )Россиянинг Сочи шаҳридаги бокс тадбирида.
Халқаро бокс уюшмасининг (АИБА) вақтинчалик президенти Ғафур Раҳимов (ўнгда) АИБАнинг собиқ президенти Франко Фалчинелли билан 3 февраль куни (2018 йил )Россиянинг Сочи шаҳридаги бокс тадбирида.

Бокснинг олимпиада спорт тури сифатида сақланиб қолиши тақдири Ғафур Раҳимовга боғлиқ бўлиб турибди. АҚШ Молия вазирлиги спортнинг ушбу шубҳали маъмурини “Ўзбекистоннинг таниқли жиноятчиларидан бири” ва героин савдоси билан шуғулланадиган киши сифатида гумон қилиб, қора рўйхатга тиркаган эди.

27 январда Раҳимов Халқаро бокс уюшмасининг (International Boxing Association (AIBA) вақтинчалик президенти этиб тайинланди. Унинг зиммасига жаҳон ҳаваскор бокс уюшмасини келгуси олимпиада ўйинларидан чиқариб юборилмаслиги учун коррупциядан тозалаш вазифаси юкланди.

Раҳимов илгари ҳеч қачон жиноий фаолиятда гумон қилиниб, жавобгарликка тортилмаган. Аммо танқидчилар унга АИБАни молиявий ва коррупцияга қарши кураш йўлида ислоҳ қилиш юклатилишини катакдаги товуқларни қўриқлашни тулкига топшириш билан қиёсламоқда.

Олимпиададаги коррупция тергови

Халқаро олимпия қўмитаси (ХОҚ) президенти Томас Бах Раҳимов президентликка тайинлангандан сўнг ХОҚ “АИБА бошқарувидан чуқур ташвишда экани” ҳамда боксни 2020 йили Токио Олимпиадаси ва 2018 йилги Буэнос-Айрес Ёшлар ёзги олимпиадасидан чиқариб ташлаш “ҳуқуқини сақлаб қолаётгани” ҳақида баёнот берди.

Раҳимов президент этиб тайинланганидан сўнг орадан бир ҳафта ўтиб, Бах 4 февраль куни АИБА бошқаруви устидан ҲОҚ тергов бошлаётганини маълум қилди.

ХОҚқа кўра, ушбу ташкилот АИБАдаги коррупцияга барҳам бериш учун унга тўланадиган барча тўловларни – бундан фақат “амалий даражадаги зарур тўловлар” мустасно – тўхтатди.

ХОҚни ташвишга солаётган яна бир муаммо АИБАнинг 2016 йилги Рио олимпиадасидаги келишилган деб ҳисобланаётган бокс мусобақаларини бошқарган рефери ва ҳакамлар фаолиятига ҳаққоний баҳо бермаганидир. Шундан сўнг 36 нафар ҳакам ишдан четлатилди. Бунга уларнинг айрим ҳолларда россиялик ва ўзбек боксчиларига ён босгани сабаб бўлди.

ХОҚ яна АИБАнинг допингга қарши кураш учун етарли чоралар кўрмаганини ҳам тергов қилмоқда. Бу ҳам етмагандай, Россиянинг допингга қарши кураш билан боғлиқ қонун-қоидаларни тизимли равишда бузиб келаётгани катта жанжалга сабаб бўлди.

Раҳимов АИБА ижроия қўмитасининг 27 январда бўлиб ўтган мажлисида ташкилотнинг вақтинчалик президенти этиб тайинланди.

АИБА адвокати Клод Рамони Раҳимовнинг тайинланиши АИБА низомига мувофиқ эканини айтиб, президент бўлмаган вақтда “энг кўп ишлаб келган вице-президент муваққат президент сифатида фаолият кўрсатиши” низомда белгилаб қўйилганини айтди. У 2002 йилдан бери вице-президент бўлиб ишлаб келмоқда.

Қонундаги ўғрилар

Раҳимовнинг халқаро ҳаваскор бокс ташкилотига раҳбар бўлишидан бир ой олдин АҚШ Молия вазирлиги “Жиноят олами етакчилари тўғрисида”ги санкцияларга оид қонунига асосланиб, унинг “Қонундаги ўғрилар” деб аталувчи машъум халқаро жиноят тармоғига мансуб эканини эълон қилган эди.

Вазирликнинг Чет эл активларини назорат қилиш бошқармаси директори Жон Смит “қонундаги ўғрилар”ни “бутун дунёдаги сон-саноқсиз жиноятлар содир этган Евросиё жиноят синдикати” деб атади.

Молия вазирлиги Раҳимовни жиноят синдикатига “моддий кўмак кўрсатиш”да айбламоқда.

Қўшма Штатлар Раҳимовга қарши илк марта 2012 йили молиявий санкциялар жорий қилган ҳамда уни Россия ва бошқа собиқ Совет республикаларидаги жиноятчилар раҳнамолари билан алоқаси борлигини айтган эди.

Унда Россия паспорти бор ва Ўзбекистондан берилган 5 та “муқобил” паспортга эга. Унинг Москва марказидаги Ленинск проспектида жойлашган ҳашаматли хонадони ва Дубайдаги данғиллама вилласи борлиги айтилади.

Унинг асли келиб чиқиши ўзбек бўлган россиялик миллиардер Алишер Усмонов билан алоқаси борлиги ҳақида гап-сўзлар юради, аммо Усмонов бу иддаоларни рад этиб келади.

Совет ватандошлари

66 яшар Раҳимов тренер бўлишидан олдин Ўзбекистон Совет Иттифоқи таркибида бўлган даврда боксчилик фаолиятини бошлаган эди.

У дастлабки хусусий бизнес фаолиятини Горбачёвнинг қайта қуриш даврида бошлаган. Раҳимов тузган фирмалар истеъмол маҳсулотлари ва хом ашё экспорти ва импорти билан шуғулланган.

Раҳимов бойиб кетгач, Ўзбекистон спортининг давлат қарамоғидаги кураш, бокс, жанговор яккакурашлар ва оғир атлетика каби турларига ҳомийлик қилиш орқали унинг таъсири кучайиб борган.

Мафия билан алоқаси борлиги гумон қилингани учун Раҳимов 2000 йилги Сидней олимпиадасига борганида Австралияга киритилмаган эди.

2016 йилги Рио олимпиадаси вақтида рефери ва ҳакамларнинг қарорлари келишилгани ҳақидаги гап-сўзлар очиқдан-очиқ айбловларга сабаб бўлди, АИБАнинг ўзида эса ички низоларни келтириб чиқарди.

Молиявий қонунбузарликлар

Озарбайжоннинг Benkons Group хусусий компаниясидан олинган 10 миллион АҚШ долларилик қарз улкан молиявий жанжалга олиб келди. Ўша қарз ҳалигача узилгани йўқ.

2015 йили ХОҚ ўтказган босим оқибатида АИБАнинг ўша пайтдаги президенти Ву Чин Куо PricewaterhouseCoopers аудиторлик компаниясига ташкилотнинг молиявий муаммоларини тафтиш қилишни буюрди.

Ушбу эълон қилинмай сиздирилган ҳисоботдан АИБАда қонунбузарликлар кенг тарқалгани маълум бўлди. Аудиторлар АИБАга жиноят ишлари бўйича адвокат ёллашни таклиф қилди.

Ҳисоботда айтилишича, қароргоҳи Швейцарияда жойлашган АИБА олинган 4,5 миллион долларлик қарзни ҳисоб-китоб ҳужжатларида қайд этмай, ушбу мамлакат қонунларини бузган. Маблағ нимага сарфлангани маълум эмас. Унинг қаерга йўқолганини на аудиторлар ва на АИБА айта олмади.

Ву жаноблари 2009 йили Бокуга қилган сафари чоғида қарз олиш масаласини муҳокама этилгани тахмин қилинмоқда. Оқибатда истеъфо беришга мажбур бўлди. У 2017 йил ноябрида лавозимидан кетиши керак эди.

Унинг ўрнини италиялик Франко Фалчинелли жорий йилнинг январига қадар эгаллаб турди. Лекин унинг кутилмаганда истеъфо бериши Раҳимовнинг ушбу лавозимга тайинланишига йўл очди.

Раҳимов тайинланганидан сўнг бир неча кун ўтгач, Benkons Group билан орани судга олиб бормай, очиқ қилгани тўғрисида баёнот берди.

Ўзаро келишувга кўра, 8 миллион долларлик қарз ҳомийлик маблағига айлантириладиган бўлди. Қолган 2 миллион доллар эса 2012 йилдан бошлаб бўлиб-бўлиб тўланади.

Айни чоқда АИБА Раҳимовнинг вақтинчалик президент этиб тайинлангани “ташкилотни бошқаришда яна бир ижобий ўзгариш бўлганини ва бу ишни ХОҚ олқишлаши лозимлиги”ни билдирди.

Аммо ХОҚ АИБАни бошқаришга оид ислоҳотлар давом этган тақдирдагина бокс олимпиада спорт тури бўлиб қолиши мумкинлигини айтди.

XS
SM
MD
LG