Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 19:27

Ғафур Раҳимов укасининг жанозасига келолмади


Ғафур Раҳимов 2010 йилда Ўзбекистонни тарк этган.
Ғафур Раҳимов 2010 йилда Ўзбекистонни тарк этган.

Ўзбекистон криминал дунёси авторитетларидан бири, деб кўриладиган Ғафур Раҳимовнинг укаси юрак хуружидан вафот этгани айтилмоқда. Озодлик манбаларига кўра, 10 март куни жон берган Азиз Раҳимовниг дафн маросими 11 март куни аср намозидан сўнг бўлиб ўтган. 2010 йилда Ўзбекистонни тарк этган Ғафур Раҳимовнинг ўзи икки йил аввал Ўзбекистон томонидан қидирувга берилганди.

Озодликка маълум бўлишича, ўзбекистонлик корчалон ва криминал авторитет сифатида танилган Ғафур Раҳимовнинг укаси Азиз Раҳимов 10 март куни Тошкентда вафот этган. Бир-биридан мустақил манбаларнинг билдиришича, Азиз Раҳимов юрак хуружига учраган.

Азиз Раҳимов 11 март куни аср намозидан кейин тупроққа қўйилди, дея билдирди уни яқиндан таниган шахслардан бири.

Озодлик манбаларига кўра Азиз Раҳимов 90-йилларда Ўзбекистонда йирик тижорат билан шуғулланган ва криминал дунёси ҳукмдорларидан бири сифатида кўрилган акасининг ишларига алоқадор бўлган.

Бизнес доиралари марҳум, асосан, акаси Ғафур Раҳимов туфайли танилганини айтади.

Хабарларга кўра, 54 ёшли Азиз Раҳимов сўнгги йилларда жамоатчилик назаридан четда бўлишга ҳаракат қилган.

Ғопирбой қаерда?

Озодлик манбаларига кўра, Ғафур Раҳимов маълум сабабларга кўра укасининг жанозасига кела олмаган.

2013 йилнинг бошида Ўзбекистон тергов идоралари Ғафур Раҳимовга нисбатан жиноят кодексининг бир неча банди бўйича жиноий иш очиб, қидирувга берган эди.

Ғафур Раҳимов Ўзбекистон жиноят кодексининг учта моддаси бўйича айбланиб, қидирувга берилган.
Ғафур Раҳимов Ўзбекистон жиноят кодексининг учта моддаси бўйича айбланиб, қидирувга берилган.

Озодлик манбаларига кўра, Ғафур Раҳимов 2010 йилда Ўзбекистонни тарк этганидан бери мамлакатга бирор марта келгани йўқ.

Ғафур Раҳимов Ўзбекистон жиноят кодексининг 165-моддаси (товламачилик), 243-моддаси (Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш), 228-моддаси (Давлат проба тамғаларини тайёрлаш ва улардан фойдаланиш қоидаларини бузиш) бўйича очилган жиноят иши доирасида қидирувга берилган.

2012 йил июнида эса Ғафур Раҳимов Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитасининг вице-президентлигидан четлатилди.

Ўзбекистон спорт расмийлари ушбу қарорни Ғафур Раҳимовнинг ўз фуқаролигини "ўзгартиргани" билан асослади.

63 ёшли Ғафур Раҳимов ғарб давлатларида собиқ совет республикаларидаги жиноий гуруҳларнинг энг кўзга кўринган раҳбарларидан бири ва "наркобарон" сифатида кўрилади.

Уч йил муқаддам Қўшма Штатлар Молия вазирлиги Ўзбекистонда "Қора Ғопир", "Ғопирбой" лақаблари билан танилган Ғафур Раҳимовни "Братва" жиноий гуруҳи етакчиларидан бири дея атаб, унга қарши жазо чораларини киритди.

АҚШ Молия вазирлиги Ғофур Раҳимовни Марказий Осиё мамлакатларида гиёҳванд моддаларни ишлаб чиқариш асосий соҳаси бўлган уюшган "ўзбек жиноий гуруҳининг раҳбарларидан бири", деб таснифлаган.

Аммо Ғафур Раҳимовнинг гиёҳванд моддалар савдосига алоқадор эканига доир иддаолар бугунга қадар бирон бир суд томонидан исботланмаган.

Ғафур Раҳимов ўзини ишбилармон ва меценат ўлароқ тақдим этишга уриниб келди.

Ўзбекистонда Ғафур Раҳимов маҳаллий боксни ривожлантиришдаги хизматлари учун ҳукумат мукофотларига ҳам сазовор бўлган.

Ишончга лойиқ манбаларга кўра, президентнинг тўнғич қизи Гулнора Каримова билан бизнесдаги мавқеини сақлаб қолиш учун рақобатга киришганидан сўнг Ғафур Раҳимов ҳукумат таъқибига учраган ва 2010 йилда Ўзбекистондан чиқиб кетган.

XS
SM
MD
LG