Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 15:54

Тошкентда "Шомаҳмудовлар оиласи" ҳайкали тўртинчи марта ўрнатилади


"Шомаҳмудовлар оиласи" мемориал комплекси (фрагмент)
"Шомаҳмудовлар оиласи" мемориал комплекси (фрагмент)

"Шомаҳмудовлар оиласи" мемориал композицияси жорий йилнинг 9 май куни Тошкентдаги ўзининг эски ўрнига - "Истиқлол" саройи олдидаги майдонга қайтарилади. Озодлик мобил мухбирининг хабар қилишича¸ 23 апрель куни “Истиқлол” санъат саройи олдидаги майдонда реконструкция ишлари бошлаб юборилган.

Иккинчи жаҳон уруши даврида етим қолган болаларни асраб олган оила хотирасига ўрнатилган, шу пайтгача икки марта кўчирилган "Шомаҳмудовлар оиласи"нинг учинчи марта кўчирилиши кутилмоқда.

Шомаҳмудовлар оиласи жамланган ҳайкалнинг Совет даврида ўрнатилган дастлабки жойига қайтарилиши тўғрисида Тошкент шаҳар ҳокимлиги расмий сайтида маълум қилинди.

Айни пайтда ўзбекистонлик блогер Сардор Салим бу тадбирни «Совет Иттифоқини реабилитация қилиш йўлида орқага қараб ташланган қадам», дея тарифлади.

Саëҳатни севадиган ҳайкал

1982 йили, ўша пайтда “Халқлар дўстлиги” деб аталган, ҳозирда “Истиқлол” саройи олдидаги майдонга ўрнатилган ҳайкаллар комплексининг навбатдаги кўчиришга тайёргарлик жараëнини кузатаëтган Озодлик мобил мухбириннг айтишича¸ тошкентликлар «Бу ҳайкалга ғилдирак қўйиш керак эди¸ ҳоҳлаган жойга ғилдиратиб юраверардик» деб ҳазил қилишмоқда.

Ҳайкаллар мажмуаси илк бор 2008 йилда шаҳар марказидаги санъат саройи олдидан кўчирилиб¸ «Отчопар» бозори ортидаги овлоқ майдонга ўрнатилган эди.

Шомаҳмудовлар оиласи мемориал комплекси дастлабки жойига қайтади
Шомаҳмудовлар оиласи мемориал комплекси дастлабки жойига қайтади

Ўзбекистонлик мунаққид Акмал Ризаевнинг айтишича¸ «бу марҳум Ислом Каримов президентлиги даврида Совет Иттифоқини ёдга соладиган меросдан воз кечиш сиёсати натижаси» эди.

- Ислом Каримов коммунизм ва СССРни эслатувчи тимсоллардан қутулиш сиëсатини олиб борган эди. Шомаҳмудовлар ҳайкали шаҳар марказидан олиб ташланибгина қолмай, балки Хамза, Собир Раҳимов ва бошқа қатор шахслар номини олган объектларга ҳам янги номлар берилган эди¸ - дейди мунаққид.

Ислом Каримовнинг ўлимидан кейин, мунаққид Ризаевга кўра, «нафақат сиëсий маҳкумлар балки тош ҳайкаллар ҳам реаблитация қилинди»:

- 2017 йил май ойида Шомаҳмудовлар комплекси "Дўстлик боғи", деб қайта номланган собиқ Бобур номидаги паркдаги Тинчлик қўнғироғи рамзи ёнига ўрнатилди. Тошкент марказидан биринчи марта кўчирилганида, 17 фигуралик композиция 16 фигуралик бўлиб қолган эди. Жамоатчилик даккисидан кейин шаҳар комхози биносида эсдан чиқиб қолган "бронза бола" топилиб, композиция тўлиқ ҳолда ўрнатилди¸ - дея эслайди суҳбатдош.

Ҳайкалнинг эски жойга қайтиши олқишланди

Ҳайкалнинг эски жойига қайтарилишини композиция муаллифи,1995 йили оламдан ўтган РСФСР Халқ рассоми Дмитрий (Даниил) Борисович Рябичевнинг ўғли, Россия Ҳайкалтарошлик ижодий бирлашмаси раҳбари Александр Рябичев Озодлик билан 24 апрель кунги суҳбатда олқишлади.

Александр Рябичевга кўра, «Ҳайкалнинг қайтиши адолат қарор топгани ва рассом асарининг яна эътироф қилинганидан далолатдир»

Ўзбекистонлик таниқли ҳайкалтарош Азамат Ҳатамов ҳам ҳайкалнинг жойига қайтарилишини маъқуллаб гапирди. Ҳатамов 24 апрель куни Озодлик мухбири билан суҳбатда «Ҳайкалнинг ўз жойига қайтиши «Истиқлол» саройи олдидаги меъморий ансамблнинг кемтигини тўлдиради» деб таъкидлади:

- Ҳайкаллар меъморий ансамбль ва шаҳар манзарасининг бир қисмидир. Ҳар сафар ўша жойдан ўтганимда бўшлиқни кўрар эдим. Ҳатто «Истқилол» саройи олдига «ўзбек даҳолари» деган композиция яратиш ниятим ҳам бор эди. Рябичев ҳайкали қайтса яхши бўлади¸- дейди ҳайкалтарош.

Танқидларга учраган ҳайкал

Ҳайкалтарош Азамат Ҳатамовнинг эслашича, 1982 йилда москвалик ҳайкалтарош Рябичевнинг Шомаҳмудовлар оиласига бағишланган композицияси Ўзбекистондаги рассом ва ҳайкалтарошлар томонидан танқидий қаршиланган.

“Композициянинг саëз ва бадиийликдан йироқлиги ва яхлит визуал асардан кўра, ҳикоя натурализмига айлангани тўғри танқид қилинган эди,- деб эслайди ҳайкалтарош

Ҳайкал 1982 йилда ўрнатилганида Ўзбекистон рассомлар уюшмаси томонидан расман маъқулланган эди. Рассомлар уюшмасининг ўша пайтдаги раҳбари Жавлон Умарбеков ҳайкалнинг ўрнатилишига ҳам, олиб ташланишига ҳам оид ҳужжатларга имзо қўйганлигини Озодлик билан суҳбатда тан олди

Дмитрий (Даниил) Борисович Рябичев Ўзбекистонда ўнга яқин ҳайкал ва монументлар яратган рассом сифатида эсланади.

Тошкент марказидаги (илгариги "Инқилоб" хиëбони) Карл Маркс ҳайкали¸ Темир йўл вокзали рўпарасидаги "14 комиссар" монументи¸ Абдулла Қодирий кўчасидаги 1966 йилги Тошкент зилзиласига бағишланган “Матонат” монументи ва Ойбек уй музейи ҳовлисидаги Ойбек ҳайкали муаллифи Рябичевдир.

Ўзбекистон Маданият вазирлигининг маданий мерос бошқармаси меъмори Шермат Шеримбетовнинг Озодликка айтишича¸ рассомнинг "14 комиссар" монументи ва Маркс ҳайкали мавжуд қоидаларга зид тарзда таг-туги билан йўқ қилинган.

Уруш даврида Ўзбекистонга 300 минг бола кўчирилган эди

Шоаҳмад Шомаҳмудов ва унинг хотини Баҳри Акрамова 1941-1945 йиллардаги уруш даврида ота-онасиз қолиб, жанглар бораётган ҳудудлардан Тошкентга кўчирилган рус, беларус, молдован, яҳудий, латиш, қозоқ, немис ва татар миллатига мансуб 14 болани асраб олган эди.

Шомаҳмудовлар оиласи ҳақида Раҳмат Файзий “Ҳазрати инсон”, деган роман ёзган эди. Мазкур роман асосида режиссёр Шуҳрат Аббосов “Сен етим эмассан” фильмини суратга олган.

Совет Иттифоқи тарихида Улуғ Ватан уруши, деб аталадиган 1941-1945 йиллардаги уруш даврида Ўзбекистон жанглар бораётган ҳудудлардан эвакуция қилинган 1,5 миллион одамга бошпана бериб, уларни очликдан ва ўлимдан сақлаб қолган эди.

Ўзбекистонга ўша йилларда Ленинград, Белорус, Польша ва Украинадан 300 минг етим бола кўчирилган.

XS
SM
MD
LG