Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 17:43

Таъмир баҳона тaлон-тарож қилинган Хива хони саройи яна реставрация қилинади


"Нуриллабой" саройининг 80-йиллардаги кўриниши.
"Нуриллабой" саройининг 80-йиллардаги кўриниши.

2012-2016 йиллар давомида таъмир қилинганида ëппасига талон-тарож қилинган Хиванинг Дешон-қалъа мажмуидаги "Нуриллабой" саройи Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг 19 май кунги қарори билан қайта реконструкция қилинадиган бўлди.

Қарорда Хива хонининг ëзги "Нуриллабой" саройи ëнида бир йил ичида тантаналар уйи¸ амфитеатр¸ галерея ва ресторанлар барпо қилиниши таъкидланган.

"Нуриллабой" саройининг қадимий эшиги¸ биллур қандиллари ва ложувард каминлари бундан беш йил олдин бошланган таъмир пайтида ўмарилгани юзасидан ўнга яқин киши жиноий жавобгарликка тортилган.

Озодлик суҳбатлашган санъатшунос ва мулозимлар янги таъмирдан кейин Ўзбекистон Маданият вазирлиги¸ Ëдгорликларни сақлаш инспекцияси назоратидаги тарихий обида бўлган "Нуриллабой" саройининг яна ўғриларга нишон бўлишидан ташвиш билдиришди.

"Хивага Шаҳрисабзнинг куни тушмасин!"

Ўзбекистонлик санъатшунос мунаққид Акмал Ризаев Озодлик билан суҳбатда Хива Дешон-қалъа мажмуаси¸ хусусан¸ "Нуриллабой" саройини сайëҳлик индустрияси ихтиëрига бериш оқибатларидан огоҳлантирди:

- Дешон-қалъа бу 18-аср охирида шаклланган ўзига хос тарихий макондир. Бу макон Совет даврида ҳам деярли бузилмаган. "Нуриллабой" саройи атрофини замонавий ресторан ва кафелар билан тўлдириб¸ Лас-Вегасга айлантириш қарорини нотўғри деб биламан. Шаҳрисабзда бўлгани каби¸ Хивани ҳам замонавий бинолар билан тўлдириш унинг тарихий аҳамияти пасайишига сабаб бўлади. ЮНЕСКО Шаҳрисабзни бутунжаҳон мероси рўйхатидан чиқармоқчи. Деярли чиқиш арафасида турибди. Чунки шаҳарнинг тарихий қиëфасини замонавий қурувчилар йўққа чиқарган. Хивани ҳам шундай тақдир кутмаслиги керак¸ дейди суҳбатдош.

Хива Ичон-қалъа музей қўриқхонаси директор ўринбосари Рустам Искандаров ҳам Озодлик билан суҳбатда ота-боболардан мерос бўлган қадимий шаҳарни аслида қандай бўлса¸ шундайлигича келажак авлодларга етказиш маъсулиятидан сўз очди:

- Биз Ичон-қалъа ичидаги ëдгорликларга аква пластик деразалари ўрнатилгани юзасидан огоҳлантириш бердик. Ундан бошқа назоратга кучимиз етмаяпти. Бу масалада кучлироқ қонун керак. Вазирлар Маҳкамасининг 19 майдаги қарорига келсак¸ қурилишлар Дешон қалъада бўлади. Дешон-қалъа эса бизнинг эмас¸ Маданий мерос бошқармасининг назоратидаги ҳудуд. Агар мутахассис сифатида менинг фикримни сўрасангиз¸ тарихий маконларни замонавий қилиб ялтиратишга қаршиман. Биздан сўрамай "Нуриллабой"ни таъмир қилишганида¸ оқибатини кўрдик¸ дейди бу мулозим.

Унга кўра¸ Хиванинг Дешон-қалъа мажмуидаги "Нуриллабой" саройидаги таъмир пайтида амалга оширилган талон-тарож ва осори-атиқаларни ўғирлаш бўйича очилган жиноят иши юзасидан Хоразм вилоят судида қатор маҳкамалар бўлган.

Таъмир баҳонасидаги талон-тарож

Хоразм вилоят прокуратурасидаги қадимий атиқаларни ўғирлаш жиноятини тафтиш қилган терговчининг айтишича¸ "Нуриллабой" саройидаги кенг кўламли ўғирлик юзасидан кейинги икки йил ичида учта суд жараëни бўлган:

- "Нуриллабой"даги осори-атиқаларнинг ўғирланиши юзасидан Хоразм вилояти прокуратураси учта жиноий иш қўзғатди. Учта жиноий бўйича суд бўлиб ўтди. Айбдорларга ҳукм ўқилди. Етказилган зарар айбдорлар тарафидан қопланди¸ деди бу мулозим.

Хон эшигини ўғирлаган жиноятчидан 229 миллион сўм ундирилди¸ аммо бино ҳануз эшиксиз

Йил бошида Ўзбекистон Маданият вазирлиги мулозимларидан бири шахси очиқланмаслиги шарти билан Озодликка "Нуриллабой" саройидаги талон-тарож тафсилотларини очиқлаган эди.

- "Нуриллабой" саройи Ўзбекистон Маданият вазирлиги Ëдгорликларни сақлаш инспекцияси назоратидаги тарихий обидадир. Бундан 5 йил аввал бу тарихий бинода таъмир бошланди. Таъмирлаш баҳонасида бебаҳо саройни талон-торож қилишганидан вазирлик хабардор. Бу бинони таъмир қилиш учун тўрт йил мобайнида ишлаган тўртта пудратчи ташкилот таъмир учун ажратилган давлат маблағларини ўзлаштирганлик ва осори-атиқаларни ўмарганликда айбланиб жазога тортилди. Бизга маълум бўлишича¸ сарой ичидаги қадимий кошинли камин¸ қадимий паркет ва энг муҳими Нурмат уста¸ Рўзмат ва Бобожон усталар ясаган қадимий эшик ҳам ўмарилган, деган эди вазирлик мулозими.

Эшик ҳам¸ қандил ҳам сотилиб кетган

Хоразм вилоят прокуратурасидаги айни жиноятни тафтиш қилган терговчининг айтишича¸ “ўғирланган қадимий эшик масаласи” 2016 йилнинг ноябрида бўлиб ўтган суд мажлисида кўрилган:

- Айбдор эшикни ўғирлаганини бўйнига олди, аммо эшик сотилиб кетгани боис¸ изини топишнинг иложи бўлмади. Суд сарой эшиги нархини 229 миллион сўм (ҳозирги қора бозор нархида 28 минг АҚШ долларига яқин) деб белгилади ва айбдор бу пулни давлатга тўлади. Суд ўтган йил ноябрда ҳукм ўқиди. Қандил ва ложувард каминлар ҳам изсиз йўқолган.

Суҳбатдошга кўра¸ Хива тарихий биноларидаги талон-тарож борасида Хоразм вилоят Ички ишлар бошқармасидаги уюшган жиноятчилик ва терроризмга қарши кураш бўлими ҳам суриштирув ўтказмоқда.

Хоразмлик мулозимлар янги таъмир пайтида ҳам айни ўғирликлар қайталаниши¸ бинода қолган қадим унсурларнинг изсиз ғойиб бўлишидан хавотир билдиришди.

"Нуриллабой" саройи ҳақида

Туризм ширкатлари чиқарган йўлномаларга кўра, "Нуриллабой" саройи қурилиши 1906 йилда Хива хони Муҳаммад Раҳимхон II тарафидан бошланиб, 1912 йилда тугалланган.

Бино таниқли ғишт устаси Қурëз Бобожон ва Худойберган ҳожи тарафидан қурилган. Бинонинг мовий сопол кошинлари эса Ота Ших ва шогирдлари тарафидан амалга оширилган.

Сарой ичидаги паркет ва француз услубидаги кошинли каминлар ўша пайтда Хива хонлигига сургун қилинган меннонит оқимидаги немис усталари тарафдан барпо қилинган. Сарой ичидаги овал залда 1918 йили Хиванинг сўнгги хонларидан бири Исфандиëрхон қатл қилинган эди.

Озодлик Хивадаги талон-тарожликлар ҳақидаги ўз суриштирувини давом эттиради. Бу ҳақдаги тафсилотлардан хабардор бўлсангиз¸ уларни Озодлик билан ўртоқлашинг!

XS
SM
MD
LG