Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 04:33

Ўзбек-Қирғиз чегарасидаги барча ўтказиш пунктларининг очилиши кутилмоқда


"Дўстлик"- "Достук" чегара масканининг очилиши муносабати билан ўтказилган тантанали маросимга келган қирғизистонликлар. 2017, 6 сентябрь.
"Дўстлик"- "Достук" чегара масканининг очилиши муносабати билан ўтказилган тантанали маросимга келган қирғизистонликлар. 2017, 6 сентябрь.

Қирғизистон ҳукумати матбуот хизмати мулозимининг Озодликка маълум қилишича, икки давлат ўртасидаги барча чегара пунктларини очиш устидаги сўзлашувлар юзасидан сўнгги қарор 12 сентябрь куни эълон қилиниши кутилмоқда.

Ўзбекистон-Қирғизистон чегарасининг Андижон-Ўш автомобиль йўлидаги “Дўстлик”-“Достук” ўтказиш-назорат маскани 6 сентябрь куни икки давлат расмийлари иштирокида тантанали очилган эди.

“Дўстлик”-“Достук” - Ўзбекистон-Қирғизистон чегарасидаги 15 та ўтказиш-назорат масканининг биридир.

Ўзбек-Қирғиз чегарасидаги барча ўтказиш пунктларининг очилиши кутилмоқда
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:05:20 0:00
Бевосита линк

Чегарадан қандай ўтишаяпти?

Андижонлик 53 яшар Аҳмаджон “Дўстлик” чегара масканидан Ўшга 10 сентябрь куни ўтди.

“Ўзбекистон чегарасида ярим соатча вақтим кетди. Вақтим, асосан, декларация тўлдиришга кетди. Паспортимни кўришди, декларацияни кўришди. Бошқа қоғоз сўрашмади. Ундан кейин Қирғизистоннинг чегарасидан ўтдим. Бу ерда янаям озроқ вақт сарфладим. Ҳаммаси бўлиб, 1 соатча вақт кетди, холос”, деди Аҳмаджон.

Чегара пункти расман очилган кун – 6 сентябрдан 2 кун ўтиб, “Достук” пункти раҳбари Бахтияр Эсенгелдиевнинг Озодликка билдиришича, бир кеча-кундузда (7-8 сентябрда) 2,5 минг киши ўтган. Расмийга кўра, олдин бу маскандан суткасига 1,5 минг киши ўтиб турган.

Озодликнинг Ўшдаги мухбирига кўра, 7 сентябрь куни тушгача чегара масканининг Ўзбекистон қисмида “вазият тушунарсиз” бўлиб турган. Яъни ўзбекистонлик чегарачилар ўткинчилардан яна аввалгидай телеграмма талаб қилиш ҳолатлари кузатилган. Бироқ, куннинг иккинчи ярмида вазият изга тушган ва 6 сентябрь кунги очилиш маросимида ваъда қилинган ҳамда Қирғизистон ҳукуматининг расмий сайтида маълум қилинган режимда: суткасига 24 соат, ҳеч қандай чақирув телеграммаларсиз ишлай бошлаган.

Чегара очилгани Қорасувдаги бозорда ҳозирча акс этгани йўқ

“Дўстлик” очилганидан сўнг Ўш вилоят, Қорасув шаҳридаги йирик улгуржи бозорда ўзбекистонлик савдогарлар кўпайгани тўғрисида ижтимоий тармоқларда постлар пайдо бўла бошлади. Бироқ тилга олинган бозорда ишловчи савдогарнинг Озодликка айтишича, бундай дейишга ҳозирча эрта.

“Чунки, чегара, амалда, пайшанба, 7 сентябрдан очилди. Эртаси – 8 сентябрда Қорасув бозори қарийб ёпиқ бўлди - дам олиш куни, бугун, яъни 11 сентябрь – душанба яна дам олиш куни, душанба куни савдогарларнинг 90-95 фоизи ишга чиқмайди. Буни ўзбекистонликлар яхши билади. Шунинг учун ҳозирча ўзбекистонликлар кўпайди, дейиш қийин”, деди савдогар.

Эсдан чиқаёзган шартнома

“Дўстлик” чегара масканининг кечаю кундуз ишлайдиган режимга ўтказилиши, ўткинчилардан телеграмма талаб қилмаслик тўғрисида икки давлат ўртасида қандайдир махсус ҳужжат имзолангани тўғрисида Қирғизистон ҳукуматининг расмий билдирувида ҳеч қандай гап йўқ.

Гап шундаки, 2010 йил, Июнь воқеаларидан сўнг Ўзбекистон чегара орқали қатновга бир томонлама чеклов жорий қилган эди.

Эндиликда, Тошкент, Шавкат Мирзиёевнинг 5-6 сентябрь кунлари Қирғизистонга қилган давлат ташрифи чоғида ўтказилган сўзлашувлардан сўнг, икки давлат ўртасида имзоланган ва 2007 йил 12 февралдан кучга кирган “Ўзбекистон Республикаси ҳукумати билан Қирғиз Республикаси ўртасида Фуқароларнинг ўзаро келиб-кетишлари тўғрисида”ги битим ҳолатига қайта бошлади.

Битимдаги энг асосий гап

Битимнинг 1- моддасида бундай дейилган:

“Бир Томон давлатининг фуқаролари <…> визасиз 60 суткагача бошқа Томон давлати ҳудудига киришлари, чиқишлари транзит ўтишлари ҳамда унда вақтинча бўлишлари мумкин.

Томонлар давлатларининг фуқаролари 60 суткадан ортиқ муддатга Томонлар давлатлари ҳудудларига кириш ва у ерда бўлишни кўзласалар, олдиндан визаларни Томонларнинг қонунчилиги билан ўрнатилган тартибда расмийлаштирадилар”.

Қирғизистонлик Ўзбекистонда ва ўзбекистонлик Қирғизистонда қайддан ўтмай юра оладими?

Қирғизистон ҳукуматининг 2016 йил, 19 декабрдаги қарори билан жаҳоннинг 92 та мамлакати фуқаролари Қирғизистонга келгач, тегишли органлар ва меҳмонхоналарда қайддан ўтишдан озод қилинган. Ўзбекистон бу рўйхатга киритилмаган. Бундай рўйхатга киритилмаган мамлакатлар фуқаролари эса, Қирғизистонга келгач, 5 кун ичида тегишли органларда қайддан ўтиши керак.

Қирғизистон ҳукумати мулозимининг 11 сентябрь куни Озодликка маълум қилишича, Қирғизистонга келадиган ўзбекистонликларни қайд этиш ёки этмаслик масаласи ҳам кўриб чиқилмоқда.

Қирғизистонликларнинг Ўзбекистонда, хусусан пойтахт Тошкентда бўлиши анча мураккаб эди.

Озодлик 2013 йилнинг декабрида шу мавзуни ўрганар экан, қирғизистонлик Тошкентдаги қариндошининг уйига прописка ёки қайдга қўйилиши мумкин эмаслигини, фақат хорижлик меҳмонлар яшаши мумкин бўлган меҳмонхонада қайддан ўтиши лозимлигини, қирғизистонлик Тошкентдаги қариндошининг уйида тунаб қолиши мумкин эмаслигини аниқлаган эди.

Хўш, “Дўстлик”нинг очилиши ортидан бу тартиб бироз юмшадими?

Озодликнинг бу саволига Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бош бошқармаси мулозими бундай жавоб берди:

“Тўғри, қирғизистонлик Тошкентга виза билан, яъни 60 кундан ортиққа келган бўлса, қариндошиникида туриши мумкин эди. Визасиз, яъни 60 кунгача бўлган муддатга келган бўлса, меҳмонхонада туриши керак эди. Бу масалалар бўйича кўрсатмалар Тошкент шаҳар бошқармамизга туширилган, ўша идорадан сўранг”, деди расмий.

Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш Тошкент шаҳар бошқармаси мулозими "бу масалада хат билан мурожаат қилишни" сўраб, гапни қисқа қилди.




XS
SM
MD
LG