Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 13:49

Халқаро маҳкама 2014 йилда Ўзбекистон ҳукумати устидан ҳукм чиқаради


Ўзбекистон ҳукумати томонидан турли иқтисодий жиноятларда айбланиб¸ юзлаб миллион долларлик сармояси мусодара қилинган Россия¸ Ҳиндистон ва Туркиядаги йирик ширкатлар Сармоядорлар ўртасидаги келишмовчиликларни тартибга солувчи Вашингтондаги халқаро марказ (ICSID) ўз шикоят аризаларини кўриб чиқишни бошлагани ва жорий йил давомида ажрим чиқаражагини айтмоқдалар.


Ўзбек иқтисодига энг катта сармоя олиб кирганларнинг айни қисмати


Буюк Британиянинг Oxus Gold, акцияларининг аксар қисми Россиянинг “Система”АФК корпорациясига қарашли МТС мобил алоқа оператори¸ Ҳиндистоннинг йирик тўқимачилик ширкати Spentex Industries Ltd. ҳамда Ўзбекистонда Turkuaz супермаркетлар тармоғи очган Güneş Tekstil ширкатлари ўзбек иқтисодига кейинги йиллар давомида энг йирик сармоя олиб кириб¸ сўнгра бор-йўғидан айрилиб мамлакатдан чиқиб кетган хориж ширкатларидир.

Тошкент ҳукуматини бошқарувчилар билан ўз замонида келишувлар тузиб¸ бир неча йил Ўзбекистонда муваффақиятли бизнес юритишга ҳам муваффақ бўлган бу ширкатларнинг барчаси бугун Тошкент ҳукуматидан шикоятчи.

Ўзбекистон ҳукуматини 400 миллион доллар сармоясини ноқонуний тарзда ўзлаштирганликда айблаëтган Oxus Gold Тошкентни Лондондаги Халқаро Арбитраж судига тортган ва бу маҳкаманинг Британия корпорацияси аризаси юзасидан 2014 йил ичида ҳукм чиқариши кутилмоқда.

Ўзбекистон ҳукуматини ўз мол-мулкини ноқонуний мусодара қилиб¸ 1 миллиард доллардан кўпроқ даромаддан қуруқ қолдирганликда айблаëтган МТС¸ Тошкентдан 100 миллион долларлик зарарини қоплашни талаб қилаëтган Spentex Industries¸ ҳамда 60 миллион доллари Ўзбекистонни бошқараëтган “мафия тўдаси” томонидан тортиб олинганини иддао қилаëтган турк тадбиркори Воҳид Гунешлар Сармоядорлар ўртасидаги келишмовчиликларни тартибга солувчи Вашингтондаги халқаро марказга ариза билан мурожаат қилган.

Халқаро марказ расмий сайтида эълон қилинган маълумотга кўра¸ айни кунларда Ўзбекистон ҳукумати ва расмийлари устидан топширилган беш ариза кўриб чиқилмоқда. Аризачилар рўйхатида МТС¸ Spentex Netherlands, B.V. ва Güneş Tekstil Konfeksiyon Sanayi ve Ticaret Limited Şirketi қаторида Vladislav Kim ҳамда Federal Elektrik Yatırım ve Ticaret A.Ş.турк ширкати ҳам бор.

Озодлик мухбири билан 23 январь кунги суҳбатда Güneş Tekstil эгаси Воҳид Гунеш¸ Вашингтондаги марказ айни кунларда ўзи ва яна бир гуруҳ турк сармоядорлар шикоят аризасини кўриб чиқишга киришганини билдирди:

- Ҳозирда жараëн халқаро процедураларга мувофиқ давом этмоқда. Ўзбекистон ҳукумати маҳкамага ўз намояндаларини тақдим этди¸ биз ўз адвокатларимизни. Маҳкама иккала томон тақдим этган ҳужжатларни тез кунларда кўриб чиқишга киришади ва билганим¸ йил давомида ажрим чиқаражак¸ дейди турк тадбиркори.

Uzmetronom Интернет газетасининг ëзишича¸ Вашингтондаги маҳкамада Британиядаги Debevoise & Plimpton адвокатлик гуруҳи МТС манфаатларини ҳимоя қилса¸ Ўзбекистон ҳукумати позициясини бу жараëнда АҚШдаги Boies, Schiller & Flexner ширкати тақдим этади.

МТСдаги манбанинг таъкидича¸ ўзбек томони бу тортишувда тақдим этилаëтган барча расмий ҳужжатлар махфий қолишини талаб қилмоқда¸ Тошкент устидан шикоятчилар эса¸ аксинча¸ уларнинг жамоатчилик учун очиқ бўлишини истамоқда.

Spentex Industries ширкатининг бошқарувчи директори Мукунд Чаудҳари Озодлик билан суҳбатда Сармоядорлар ўртасидаги келишмовчиликларни тартибга солувчи Вашингтондаги халқаро марказ Ўзбекистон ҳукуматидан шикоятчи бошқа ширкатлар қатори жорий ойда ўз компанияси арзини ҳам ўрганишни бошлаганини билдирди:

- Сармоядорлар ўртасидаги келишмовчиликларни тартибга солувчи Вашингтондаги халқаро марказга топширилган аризаларни кўриб чиқиш тартиби айни ва бизнинг шикоятимиз ҳам айни тартибда кўрила бошланди. Ҳозирча бундан ортиқ баëнот бера олмайман. Айтадиганим¸ биз Ўзбекистон ҳукуматини маҳкамага тортганмиз ва маҳкаманинг бу борада адолатли қарор чиқаришига ишонамиз¸ дейди Мукунд Чоудҳари.

Турк ширкатлари Ўзбекистон давлати эмас¸ раҳбарларини судга тортган

Британиядаги Халқаро арбитраж судига арз қилган Oxus Gold¸ қолаверса Вашингтондаги маҳкамага мурожаат қилган аксар шикоятчилар ҳам Spentex каби ўз сармояси ва мол-мулкидан ажрагани учун Ўзбекистон ҳукумати ва муайян вазирлик ҳамда бошқармаларни масъул деб топиб¸ айнан уларни маҳкамага тортган.

Güneş Tekstil ширкати эгаси турк тадбиркори Воҳид Гунеш¸ халқаро маҳкамага Ўзбекистон давлати ва ҳукумати устидан эмас¸ бу мамлакатда талончилик ва босқинчиликка асосланган бошқарув барпо этган конкрет шахслардан шикоят билан мурожаат қилганини таъкидлайди:

- Биз президент Каримов¸ МХХ раиси Рустам Иноятов¸ Бош вазир Шавкат Мирзиëев ва Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов каби шахслар устидан шикоятчи бўлдик. Бу шахслар мен каби хориж сармоядорларини уйдирма айблар билан талаб¸ уларни бу ҳолга келтирган тузум яратувчилари ва бошқарувчиларидир. Мен 11 ой МХХ ҳибсхонасида қийноққа солиндим. Бу шахслар ана шу қийноқ ва зўравонликка қурилган мафия системаси оталаридир. Бизнинг ўзбек халқи¸ ўзбек давлатчилигига ҳеч қандай эътирозимиз йўқ. Шикоятимиз¸ бу давлатни бошқараëтган¸ унинг сиëсатини белгилаëтган бир гуруҳ шахслар устидандир¸ дейди Озодлик билан суҳбатда Воҳид Гунеш.

Ўзбекистон ICSID ҳукмларини бажаришга масъул

1965 йилда таъсис топган Сармоядорлар ўртасидаги келишмовчиликларни тартибга солувчи Вашингтондаги халқаро марказга 140 давлат¸ хусусан¸ Ўзбекистон ҳам аъзо. Жаҳон Банки билан ҳамкорликда ишловчи бу марказ халқаро майдондаги сармоя можароларини кўриб чиқиб¸ ҳукм чиқарувчи нуфузли халқаро арбитраж маҳкамаси ҳисобланади.

Бундан аввал 2006 йилда Newmont USA Limited and Newmont (Uzbekistan) Limited ширкати Ўзбекистон ҳукуматини Вашингтон маҳкамасига тортган ва ўзаро можаро 2007 йилда Ўзбекистон ҳукумати Newmont билан муросага эришиб¸ ширкатга 80 миллион доллар тўлаши билан якун топган эди.

Шунингдек¸ Исроилнинг Metal-Tech Ltd.ширкати ҳам Ўзбекистон ҳукуматини 2010 йил апрелида Вашингтон арбитраж судига тортган¸ аммо ўша йилнинг июнь ойида ҳакам коррупцияга бориб тақалувчи бу келишмовчилик юзасидан ажрим чиқариш ўз ваколатига кирмаслиги асосида жараëнни тўхтатган.

Озодлик суҳбатлашган жорий аризачи ширкат раҳбарлари¸ ҳозирга қадар Ўзбекистон ҳукумати ўзаро келишмовчиликни муроса йўли билан ҳал этиш юзасидан бирор таклиф ва ташаббус билан ўртага чиқмагани ва бундай жўяли таклиф бўлса¸ уни кўриб чиқишга ҳозирликларини билдирдилар.
XS
SM
MD
LG