АҚШнинг Тошкентдаги элчихонаси Халқ дипломатияси бўлими раҳбари Алексис Салливан
Хориж дипломатлари ва сиёсатчиларнинг бу мазмундаги баенотлари фонида расмий Тошкент ўз мухолифлари ва танқидчиларининг, инсон ҳуқуқлари, сўз эркинлигининг бузилиши, фаоллар ортидан босим ва таъқиблар ҳамда ҳокимият бўғинлартдаги коррупция иддаоларига оид эътирозларини инобатсиз қолдирмоқда.
Ўзбекистон Марказий Сайлов комиссияси берган маълумотга кўра, 36 миллион аҳолиси бўлган мамлакатда 9 июль куни сайловни ўтказиш учун 7 та йўналишда 51 та тадбир белгиланган:
- 15 майгача сиёсий партиялар Марказий сайлов комиссиясига ҳужжатлар тақдим этиши керак,
- 17 майдан 1 июнгача президентликка номзодлар кўрсатилиши керак,
- номзодлар 6 июнгача рўйхатга олиниши керак,
- 7 июндан номзодларнинг вакиллари рўйхатга олиниши керак,
- 9 июлда эса сайловни ўтказиш керак.
Ҳозирга қадар, 30 апрель кунги конституциявий референдумдан сўнг амалдаги икки муддати ноллашган Шавкат Мирзиёев кейинги сайловг номзодини қўйиши ёки қўймаслиги ҳақида оғиз очгани йўқ.
Аммо, Ўзбекистон Сенати раиси ўринбосари, Ўзбекистон дипломатиясида энг узоқ қолаётган сиёсатчи Содиқ Сафоев, агар Мирзиёев истаса ҳокимиятда қолиши мумкинлиги ва айни пайтда, унинг каби сиёсатчилар Мирзиёевнинг ҳокимиятда қолишини исташини билдирган.
Агар номзодини қўйса, 13 йил бош вазир, икки муддат президент бўлган Шавкат Мирзиёев 2040 йилгача ҳокимиятда қолиши мумкин.
Экопартиядан номзод маълум бўлди
Ўзбекистондаги Экологик партия 11 май куни навбатдан ташқари пленум, ўтказиб ўзининг бўлажак съездида июль ойида ўтказиладиган президентлик сайловларида Марказий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси Абдушукур Хамзаевни кўрсатиш бўйича қарор қабул қилган.
Ўзбекистонда сўнгги қарийб ўттиз йил давомида "чўнтак партия"ларидан номзодлар кўрсатилади, уларнинг сиёсий-ижтимоий ҳаётдаги ўрни ҳеч қачон сезилмаган. Ҳозирги даврда ҳам қонунан рўйхатдан ўтган беш партия Мирзиёев чизиғидан чиқмайди.
Чинакам мухолифат партияларга йўл берилмайди.
Ўзбекистонда 2021 йилда ўтган сайловларда хонанда Жаҳонгир Отажонов мухолифатдаги «Эрк» партиясидан Ўзбекистон президентлигига номзодини илгари суришини эълон қилди, аммо ўзи ва яқинларига босимлар туфайли сиёсатдан чекинди.
Ўзбекистон Адлия вазирлиги «Хақиқат ва тараққиёт» социал-демократик партияси раҳбари, профессор Хидирназар Аллақуловни «имзо тўплашдаги камчиликлар» важидан рўйхатга олишни рад этди.
ХДПдан президентликка номзод маълум бўлди
Халқ демократик партиясидан партия раиси Улуғбек Иноятов президентликка номзод сифатида Қурултойда кўриб чиқиш учун маъқулланди.
12 май куни Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгашининг навбатдан ташқари пленуми бўлиб ўтди, дея хабар берди ЎзА.
Улуғбек Иноятов 1962 йил Тошкентда туғилган. 1985 йилда Тошкент политехника институтини тугатган, 1998 йилда Тошкент молия институтини тугатган. 1985−1993 йилларда Тошкент политехника институтида ассистент, аспирант вазифаларида фаолият юритган.
1993−1999 йилларда Тошкент архитектура-қурилиш институтида декан муовини, декан, 1999−2003 йилларда Тошкент молия-иқтисод коллежи директори, 2003−2006 йилларда Ўзбекистон Республикаси Президентининг давлат маслаҳатчиси, 2006−2011 йилларда Тошкент молия-иқтисод коллежи директори, 2011−2013 йилларда Тошкент давлат педагогика университети ректори каби вазифаларда фаолият олиб борган.
2013−2018 йилларда Ўзбекистон халқ таълими вазири, 2018−2019 йилларда Наманган давлат университети ректори вазифаларида ишлаган. 2019 йилдан Ўзбекистон халқ демократик партияси марказий кенгаши раиси.
«Адолат» партияси Робахон Маҳмудовани президентликка номзод сифатида кўрсатди
Робахон Маҳмудова 2020 йил июль ойидан буён Ўзбекистон Олий суди раисининг биринчи ўринбосари — Маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъати раиси лавозимида ишлаб келмоқда.
У 1958 йилда Фарғона шаҳрида туғилган, бунгача Жиноят ишлари бўйича Фарғона вилояти суди раиси, Ўзбекистон президентининг Фарғона вилоятидаги Халқ қабулхонаси мудири лавозимларида ишлаган. У Сенатнинг Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси раиси бўлган.