Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 18:47

Андижондаги масжидда хайр-эҳсондан тушган 173 миллион ўмарилди


Андижоннинг Асака туманидаги "Ҳолид ибн Волид" масжидида эҳсондан тушган миллионлаб сўмлик пуллар талон-тарож қилинган. Ҳозирда вилоят молия ва солиқ идоралари масжиднинг молия-хўжалик фаолиятини текширмоқда. Масжид ҳисобчиси ишдан бўшатилган.

Масжиднинг ўтган беш йиллик бухгалтерия ҳужжатлари билан танишиб чиққан маҳаллий ҳисобчилардан бирининг Озодликка айтишича, гап хайр-эҳсон ва обуна учун аҳолидан олинган 173 миллион сўм (қора бозор курсида тахминан 27 минг АҚШ доллари) пул ҳақида кетяпти.

- Намозга келувчилар “Ҳидоят“, ”Ислом нури” газеталарига обуна қилдирилган, бунинг учун шу масжидга келган одамлардан пул олинган. Закот пуллари олинган, фитр пуллари олинган. Квитанциялар ёзилган, лекин, 173 миллион сўм даромад дафтарига тушмаган, банкга ҳам топширишмаган,- дейди исми сир қолиши шарти билан Озодликка гапирган асакалик ҳисобчи.

Бу ҳолат масжидга келувчи намозхонларда ишончсизлик уйғотди, дейди масжид жамоаси аъзоларидан бири.

- Масжидга келувчилар бундан жуда норози бўлиб туришибди. Ахир гап эҳсонга, деб берилган пуллар ҳақида кетяптику,- дейди исми сир қолишини истаган асакалик намозхонлардан бири.

Озодлик бу иддаоларни ўрганиш учун Асака туманидаги "Ҳолид ибн Волид" масжидига қўнғироқ қилди.

Масжид мутаваллиларидан бири “растрата” сифатида кўрилаётган 173 миллион сўм масжид ремонти учун сарфланганини айтди.

- 173 миллион сўм масжид ремонтига, томини ёпишга ишлатилди. Шуни тасдиқловчи протокол бор. Лекин, олдинги бухгалтер бу нарсаларни тўлиқ актлаштирмаган. Шунинг учун шундай растрата чиқяпти,- дейди "Ҳолид ибн Волид" масжиди мутаваллиси.

"Ҳолид ибн Волид" масжиди Ўзбекистондаги бошқа масжидлар қатори асосан хайр-эҳсон ҳисобидан кун кўради.

Масжидга эҳсондан тушадиган йиллик дароман эса юз миллион сўмдан кўпроқни ташкил этиши айтилади.

- Бизда масжидга бериладиган ҳар бир сўм бухгалтерия ҳисобида қайд этиб борилади. Беш кишидан иборат ҳайъат шу пуллар тақсимланишини назорат қилади. Масжидга келувчиларга айтамизки, бизда эҳсон пулларига ҳиёнат қилинмайди, охиратда ҳисоб-китоби борку бунинг,- дейди "Ҳолид ибн Волид" масжиди мутаваллиси.

Лекин, аҳоли хайр-эҳсон пуллари ҳақиқатан ҳам масжид ремонтига кетганини масжид имомидан исботлаб беришни талаб этмоқда.

- Бу аҳмоққа ҳам аниқ ремонтга кетмагани. Ремонт бўладиган бўлса, жума намозларида айтилар эди. Шунча пул қаерга кетган? Олганлар жавоб бериши керак, имом буни назорат қилиши керак эди,- дейди асакалик намозхон.

Ўзбекистонда имом-хатиб ва мутавалли масжидга эҳсон сифатида берилган хайрия маблағини ўзаро ўзлаштиргани холатлари аввал ҳам бўлган.

Ўтган йил Тошкент шаҳри Яшнобод (собиқ Ҳамза) туманида жойлашган масжидлардан бирининг имом-хатиби ва мутаваллиси 18 миллион сўмлик эҳсон пулларини ўзлаштиришда айбланганди.

Ўзлаштирилган маблағларни яшириш мақсадида Ўзбекистон мусулмонлари идорасига топширилган молиявий ҳисоблотларда эҳсон миқдори камайтириб кўрсатилган.

- Бу Аллоҳнинг уйи. Ҳиёнат қилмаймиз, Худодан қўрқамиз, дейишади. Ҳиёнат қилмаса, пулларни дафтарга киргизиши керак эди. Банкга топшириш керак эди. Ҳамма соҳада бўлганидай динда ҳам шунақа одамлар бор экан-да,- дейди исми сир қолиши шарти билан Озодликка гапирган асакалик ҳисобчи.

XS
SM
MD
LG