Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 15:29

Эҳсон ўғирлаган имом, беш оёқли қўзичоқ ва ёрилган қувурлар


Тошкентда тухум нархи нонга тенглашай деб қолди. Ўрта Осиё насронийлари етакчиси Украинадаги урушни худобехабарлик оқибати деб атади. Наманганда ҳокимиятнинг молия бўлими раҳбари порахўрлик учун қамалди. Жорий ҳафта матбуот шу каби воқеалар ҳақида ёзди.

“Донор бир литр қон топшириб, 223 минг сўм даромад олади”

Ўзбекистонда қон бераётган донорларнинг 70 фоизи беморларнинг қариндошлари, 26 фоизи кўнгиллилар ва 2 фоизи пуллик донорлар бўлиб турибди (“Даракчи”, 30 октябр). Республика қон қуйиш станцияси бош шифокори ўринбосари Валентина Чупровага кўра, айни пайтда Ўзбекистон кўпроқ кўнгилли донорлардан қон олишга ўтмоқда. Донорлик ўзига хос даромад манбаи ҳам саналади. Амалдаги тартибга мувофиқ, ҳар бир донорга ойлик маош сақлаб қолинган ҳолда иккита дам олиш куни учун маълумотнома ва овқатланиш учун компенсация берилади. Доимий донор эса бир ойда бир литр қон плазмаси топшириб, 223 минг 926 сўм ҳақ олади.

“Бир ҳафтада икки академик вафот этди”

Геология ва кончилик соҳасидаги йирик олим, академик Ваҳоб Раҳимов 80 ёшида вафот этди (“Ўзбекистон овози”, 30 октябр). “Ўзбекистон илм-фани оғир жудоликка учради” деб изоҳланади ушбу ҳодиса Ўзбекистон Президенти имзолаган таъзияномада. Марҳум олим геология ва геофизика, кон муҳандислиги бўйича тадқиқотлар олиб борган, тоғ жинсларини қазиб олиш бўйича ихтироларга қўл урган. Ҳафта бошида биология ва генетика соҳасидаги атоқли олим, академик Жўра Мусаев ҳам вафот этган эди.

“Тошкентда масжид имоми эҳсонга кўз олайтиргани аниқланди”

Тошкент шаҳри Яшнобод (собиқ Ҳамза) туманида жойлашган масжидлардан бирининг имом-хатиби ва мутаваллиси эҳсон пулларини ўзлаштиришда айбланди (“Ҳуқуқ”, 30 октябр). Масжид мутасаддиларининг исмлари ошкор этилмаган. Қайд этилишича, имом-хатиб ва мутавалли масжидга эҳсон сифатида берилган 18 миллион сўм хайрия маблағини ўзаро тақсимлаб олган. Ўзлаштирилган маблағларни яшириш мақсадида Ўзбекистон мусулмонлари идорасига топширилган молиявий ҳисоблотларда эҳсон миқдори камайтириб кўрсатилган. Газетага кўра, жиноят ишлари бўйича Яшнобод туман суди ҳукми билан имом-хатиб ва мутаваллига нисбатан жазо муқаррарлиги таъминланган.

“Тошкентда тухум нархи нонга тенглашай деб қолди”

Тошкент бозорларида бир ой давомида тухум нархи ўртача 35 фоизга ошди (“Оила даврасида”, 30 октябр). Сентябр ойида 10 дона тухум 3,5-4 минг сўмдан харид қилинган бўлса, ҳозирда 5-5,5 минг сўмга кўтарилиб кетган. Баъзи савдо нуқталарида бир хона тухум ҳатто 600 сўмдан сотилмоқда. Айни пайтда, Тошкентда тандирда ёпилган нон 700-800 сўм, бўлка нон эса 650 сўм.

“Наманган ҳокимияти молия бўлими раҳбари ўғрилик ва порахўрлик учун қамалди”

Наманган вилояти Чортоқ туман ҳокимлиги молия бўлими раҳбари Раҳимжон Нишонов катта миқдордаги маблағларни ўзлаштириш ва порахўрликда айбдор деб топилди (“Диёнат”, 30 октябр). Нишонов давлат ташкилотлари учун маҳсулот харид қилиш чоғи хўжакўрсинга тендерлар ўтказиб, ҳужжатларни сохталаштирган. Маҳсулотларни юқори нархда сотиб олгани эвазига хусусий фирмалардан улуш олиб турган. Бундан ташқари, 70 дан ошиқ мактаб ва боғчаларни таъмирлашда ҳам жуда катта миқдорда маблағ ўзлаштирган. Маълум қилинишича, молия бўлими раҳбарига жиноят ишлари бўйича Чортоқ туман суди тегишли жазо тайинланган.

“Прокуратура: Cамарқандда қишга тайёргарлик кўнгилдагидек эмас”

Cамарқанд вилоятида 2014-2015 йиллар қиш мавсумига тайёргарлик кўнгилдагидек эмас. Вилоят прокурори ўринбосари Облақул Азимовнинг “Ҳуқуқ” газетасига маълум қилишича, вилоят бўйича қишга 34166 тонна кўмир жамғарилиб, режа 20,2 фоизга, 4737 тонна суюлтирилган газ етказиб берилиб, режа 49 фоизга бажарилган, холос. Вилоятдаги қатор боғча ва мактаблар ҳам кўмир захираси билан тўлиқ таъминланмагани аниқланган. “Иссиқлик манбаи” идорасига 2014 йил маҳаллий бюджетдан 453 миллион сўм ажратилган бўлса-да, шаҳардаги 29 та қозонхона талаб даражасида таъмирланмаган, иссиқлик қувурлари ёрилгани сабабли иссиқлик тизими мавсумга умуман тайёр эмас. Қайд этилишича, ушбу ҳолатлар бўйича соҳа мансабдорларига нисбатан жиноий ишлар очилган.

“Ўрта Осиё насронийлари етакчиси Украинадаги урушни худобехабарлик оқибати деб атади”

Ўрта Осиё насронийлари етакчиси – митрополит Викентий Украинадаги қон тўкилишларидан хавотир изҳор қилди (“Новый век”, 30 октябр). “У ерда биродаркушлик уруши авжига чиққан, менинг назаримда, бунга одамларда имоннинг заифлашгани ва Парвардигорнинг буйруқларидан оғиб кетилгани сабаб бўлмоқда”, деган митрополит Викентий газетага берган интервюсида. Руҳонийнинг таъкидлашича, одамлар Парвардигорнинг амрларига бўйсунган ҳолда яшаса эди, қирғин ва урушлар барҳам топарди. “Инсонлар ўткинчи ҳою ҳавас ва нафсоний истакларга муккасидан кетса, қадриятлар оёқости бўлса, гуноҳ айб саналмай қолса, дунёда биродар Украинада юз бераётгани каби турли фалокатлар рўй бераверади”, деган Ўрта Осиё насронийлари етакчиси, митрополит Викентий.

“Жиззахда беш оёқли қўзичоқ туғилди”

Жиззахда беш оёқли қўзичоқ туғилди. Бу ҳақда бир неча нашр Жиззах ахборот порталига таяниб хабар беради. Қайд этилишича, икки жинсли қўзичоқнинг тумшуғи қуённикига ўхшайди, пешонасида эса жуни йўқ. Ўтган ойда Хитойда олти оёқли, Ҳиндистонда уч кўзли бузоқ туғилгани ҳақида хабар берилганди.

XS
SM
MD
LG