Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 09:24

Қарши тумани ҳокими теримга масъул фаолларни дўппослаганини рад қилди


Қашқадарёнинг Қарши тумани ҳокими Асрол Бойқораев Озодлик билан суҳбатда пахта режасини бажармаган фермер хўжаликлари ва ташкилот раҳбарларини ҳақоратлаб, калтаклагани ҳақидаги иддаоларни рад қилди. Қарши тумани Бешкент шаҳрида яшовчи коллеж раҳбарларидан бирининг Озодликка иддао қилишича, 12-13 октябрь кунлари кечаси ўтказилган селектор йиғилишида туман ҳокими оз пахта топширган фермер ва теримга кам одам чиқарган ташкилот раҳбарларини калтаклаган.

Исми сир қолишини истаган коллеж раҳбари оз пахта терган хўжалик раҳбарларини ҳаммани олдида оғзига келган ёмон сўзлар билан ҳақоратлагани, айримларини калтаклаганини айтди.

– Селектор пайти ҳаммани олдида ҳақоратлаб бизни шапалоқлаб, сўкаяпти. Далада пахта бўлмаса қаердан олайлик, десак, йўқ, бу ҳоким тушунмайди, - дейди исми сир колишини истаган коллеж раҳбари.

Бу ҳолатни Қарши тумани Бешкент шаҳрида яшовчи ўқитувчи ҳам тасдиқлади.

- Мен президентингдан ҳам қўрқмайман, деб ҳаммани сўкаяпти. Қурилиш коллежи раҳбари Жўрамуродовни ҳам калтаклаб ураяпти. Мажлисдаги ҳамманинг олдида бўлди бу. Маҳалла фаолимиз Лазиз Қўчқоровни ҳам сенсираб сўкди, - деди бешкентликлардан бири.

Озодлик бу иддаолар юзасидан Қашқадарёнинг Қарши тумани ҳокими Асрол Бойқораевнинг ўзига боғланди.

Жаноб Бойқораевни Озодлик саволга тутишни бошлаши билан “Бунақа гап бўлмаган”, - дея гапни қисқа қилди ва телефон гўшагини қўйиб қўйди.

Ўзбекистоннинг марҳум президенти Ислом Каримов 2010 йилда ҳокимларни фермерлар, корхона ва ташкилот раҳбарларини ҳақорат қилиш, уриш ҳолатларига чек қўйишга чақирганди.

Албатта¸ катта бир мушт билан бошқарадиган одам¸ раҳбар шахс пайдо бўлса, шу тартиб ўрнатади¸ деган гаплардан бутунлай воз кечамиз энди, барака топгурлар. Кучли мушт кўтарадиган, зўравонлик қиладиган ўзининг савлати билан ҳаммани қўрқитадиган одамлар (ҳокимлар) энди бўлмайди Ўзбекистонда!”, деган эди Ислом Каримов 2010 йилнинг ноябрь ойидаги чиқишида.

Президентнинг Олий Мажлис иккала палатасининг қўшма йиғинида қилган бу баëнот-ваъдаси залда ўтирганлар томонидан гулдурос қарсаклар билан қарши олинганидан бери олти йил ўтди.

Озодлик Ўзбекистонда маҳаллий ҳокимларнинг муштумзўр сиёсати ҳақида бир неча йилдан туркум мақолалар тайёрлаб келади.

XS
SM
MD
LG