Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 16:26

Қирғизистондан ўғирланиб, Ўзбекистонда 6 йилга кесилган фаол 12 йилда қамоқдан чиқди


Қамоқдан озод қилинган Исроилжон Холдоров(чапда) ўз уйида Саиджаҳон Зайнобиддинов билан. 2018, 22 февраль
Қамоқдан озод қилинган Исроилжон Холдоров(чапда) ўз уйида Саиджаҳон Зайнобиддинов билан. 2018, 22 февраль

21 февралда жазони ўташ муассасасидан озодликка чиқарилган 67 яшар андижонлик Исроилжон Холдоров, Ўзбекистон маъмурларига кўра, “2006 йил июнь ойида ўз ихтиёри билан келиб, ўзини вилоят хавфсизлик хизмати қўлига топширган”.

Лекин Андижон воқеаларидан кейин бошланган ҳукумат босимларидан қочиб, Ўзбекистонни тарк этишга мажбур бўлган ва Исроилжон Холдоров билан бирга Ўшда жон сақлаб турган яна бир фаолнинг айтишича, Холдоров бундан 12 йил муқаддам МХХ ходимлари томонидан Қирғизистондан ўғирлаб кетилган эди.

Қирғизистондан ўғирланиб, Ўзбекистонда 6 йилга кесилган фаол 12 йилда қамоқдан чиқди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:05:25 0:00
Бевосита линк

“Бирлик” халқ ҳаракати фаоли, “Эрк” демократик партияси аъзоси, андижонлик Исроилжон Холдоров 21 февраль куни жазо ўташ муассасидан озод қилингани тўғрисида Озодликка собиқ маҳбус билан унинг уйида 22 февраль куни учрашган андижонлик ҳуқуқ фаоли Саиджаҳон Зайнобиддинов хабар қилди.

Жазони ижро этиш Бош бошқармаси тизимидаги 64/68-сонли манзил колониядан озод этилган Холдоров 2006 йил ëзида Қирғизистоннинг Ўш шаҳрида қўлга олиниб, Ўзбекистон суди томонидан 2007 йилнинг бошида 6 йилга озодликдан маҳрум қилинган ва кейинчалик жазо муддати 3 марта узайтирилган.

Холдоров Ўзбекистон Республикаси Конституциявий тузумига тажовуз қилганликда, ноқонуний диний экстремистик ташкилотга аъзолик ёки уни тузганликда, жамоат хавфсизлигига таҳдид солувчи материалларни тарқатганлик ва давлат чегарасини ноқонуний кесиб ўтганликда айбдор, деб топилган.

22 февраль куни Исроилжон Холдоров билан унинг уйида кўришган Саиджаҳон Зайнобиддинов бундай деди:

- 21 февраль куни Исроилжон Холдоров жазо ўтаган манзил колониядан телефон қилишиб, у кишининг озод қилинганини айтишибди. Бугун эрта тонгда уйига кириб келди. Кўришдим. Соғлиги яхши, руҳи тетик, - деди андижонлик ҳуқуқ фаоли.

Исроилжон Холдоровнинг ўзи ёки унинг оиласи билан боғланишнинг ҳозирча имкони бўлмади.

Озод қилинган сиёсийлар 10 дан ортди

Исроилжон Холдоров Ислом Каримовнинг ўлимидан сўнг қамоқлардан озод қилинган, маҳаллий ва халқаро инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари “сиёсийлар”, деб ҳисоблайдиган маҳкумлардан навбатдагисидир.

Шу пайтгача ўндан зиёд журналист, сиёсий партиялар фаоллари ва инсон ҳуқуқи ҳимоячилари қамоқдан чиқарилди. Улар орасида Муҳаммад Бекжон, Аъзамжон Фармонов, Солижон Абдураҳмонов, Бобомурод Раззоқов, Ғанихон Маматхонов, Аъзам Турғунов, Рустам Усмонов, Самандар Қўқонов, Эркин Мусаев, Ботирбек Эшқўзиев, Баҳром Иброҳимов, Даврон Қобилов, Даврон Тожиев ва Муҳаммадали Қорабоевлар бор.

Андижон - Ўш - Андижон - қамоқ Ёки прокуратуранинг ёлғони

Исроилжон Холдоров Ўзбекистонни 2005 йил, 13 май воқеаларидан кейин тарк этишга мажбур бўлган эди. Лекин у Андижонда намойишчиларга қарши ўқ отилганидан сўнг қочишга мажбур бўлган ва кейинчалик Ғарб давлатларидан бошпана олган 500 дан зиёд андижонлик орасида бўлмаган.

Яна бир мухолифатчи, ҳозирда Канадада яшаётган 72 яшар Абдужалил Рустамовнинг айтишича, Андижон воқеаларидан сўнг қувғиндаги “Бирлик” ва “Эрк” партияларининг Ўзбекистонда қолган фаолларига қарши босимлар кучайган ва у 2005 йилнинг ёзида Қирғизистонга қочиб ўтган. “Мендан бир неча кун кейин Ўшга Исроилжон ҳам келган эди”, деб эслади Рустамов 22 февраль куни.

Кўп ўтмай Исроилжон Холдоров Ўшда йўқолиб қолади ва кейинроқ (2006 йилнинг июлида) унинг Ўзбекистонда ҳибсда экани маълум бўлади.

2007 йилнинг февралида Исроилжон Холдоров 6 йилга озодликдан маҳрум қилинганидан сўнг Озодликка гапирган “Эзгулик” инсон ҳуқуқлари жамияти раҳбари Васила Иноятова Холдоров бўйича прокуратурадан олинган жавоб тўғрисида бундай деган эди.

“Бизнинг бу борада Ўзбекистон Бош прокуратурасига йўллаган мурожаатимизга Андижон прокуратурасидан жавоб келдики, И.Холдоров 2006 йил июнь ойида ўз ихтиёри билан келиб, ўзини вилоят хавфсизлик хизмати қўлига топширган”, деган эди бундан 11 йил муқаддам Васила Иноятова.

22 февраль куни Саиджаҳон Зайнобиддинов ҳам Исроилжон Холдоров ишида худди шу гап қайд этилганини айтди.

Бироқ 2006 йили Холдоров билан бирга Ўшда жон сақлаб турган Абдужалил Рустамовнинг 22 февраль куни Озодликка айтишича, Холдоров Ўшдан Ўзбекистон махсус хизматлари томонидан ўғирлаб кетилган эди.

- Исроилжон ўзи борган эмас Андижонга. Қирғизистон ички ишлари ходимлари унинг ҳар бир қадамини кузатиб юрган. Биз Ўшда бир қаҳвахонани ижарага олиб ишлар эдик. Милиция ходимлари ҳар куни келар эди. Охир-оқибат улар Исроилжонни ушлаб Ўзбекистонга ўтказиб беришди. Яшаб турган квартирасидан кечаси олиб чиқиб кетишган, - деди Абдужалил Рустамов.

Унинг айтишича, Исроилжон Холдоров уйи милиция ходимлари томонидан тинтув қилинганидан сўнг Ўзбекистонни тарк этишга мажбур бўлган эди.

Сиёсий мотивлар билан қамалгани айтиладиган маҳбуслар билан боғлиқ вазиятни кузатиб келаётган инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларига кўра, Исроилжон Холдоровнинг 6 йиллик жазо муддати 3 марта узайтирилган.

Холдоров ўша муддатларнинг ҳаммасини ўтаб бўлиб чиқдими ёки муддатидан олдин озод қилиндими – буни аниқлашнинг имкони бўлмади.

Ҳар ҳолда, Исроилжон Холдоров Саиджаҳон Зайнобиддинов орқали озодликка чиқарилгани учун президент Шавкат Мирзиëев¸ қолаверса¸ халқаро ва маҳаллий ҳуқуқ фаолларига миннатдорчилик билдирган.

XS
SM
MD
LG