Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 18:23

“Эзгулик” фаоллари Қаршида сақланаётган сиёсий маҳбуслар зиёратида бўлди


Журналист Солижон Абдураҳмонов 2008 йилда қамоққа ташланган эди.
Журналист Солижон Абдураҳмонов 2008 йилда қамоққа ташланган эди.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти вакиллари Васила Иноятова ва Абдураҳмон Ташанов ўтган ҳафта охирида Қаршидаги 64/61-колонияда жазо ўтаётган мустақил журналист Солижон Абдураҳмонов ҳамда 64/49-колонияда жазо ўтаётган журналист Дилмурод Саййид ва ҳуқуқ фаоли Аъзам Турғунов билан учрашиб қайтганлар.


Бу ҳақда Озодликка “Эзгулик” жамияти раҳбари Васила Иноятова маълум қилди.

Унинг айтишича, “Эзгулик” вакиллари шу йилнинг 9 январь куни Солижон Абдураҳмонов, Дилмурод Саййид, Аъзам Турғунов, Исроилжон Холдоров, Бобомурод Раззоқов ва Мурод Жўраев каби сиёсий маҳбус саналган фуқаролик жамияти фаоллари билан учрашишга изн сўраб, Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги қошидаги Жазони ижро этиш бош бошқармасига мурожаат қилишган. Орадан икки ҳафта ўтгач, эзгуликчилар ўз хатларига ижобий жавоб олишган. Шундан сўнг Васила Иноятова ва Абдураҳмон Ташанов Қаршига йўл олишган.

2009 йили қамалган Дилмурод Саййид.
2009 йили қамалган Дилмурод Саййид.
- Дилмурод Саййид билан биринчи кўришдик. Дилмурод Саййиднинг ранглари, ўзини тутиши, руҳи бизни анча қувонтирди, чунки биз уни унақа ҳолатда кўришни кутмаган эдик. Ўзимизнинг сафдошимиз, яқин одамимиз, қолаверса, адиб, шоир, ҳассос инсоннинг қамоқхонада ўтириши кўришганимизда кўз ёшларимизга сабаб бўлди. Жуда ҳам хурсанд бўлди Дилмурод. Албатта, бугунги кунда мана шундай аҳволда ўтириши уни қийнаётганидан, мана шундай жазога муносиб эмаслигидан куюниб гапирди, - дейди “Эзгулик” жамияти раҳбари.

“Аввалроқ Дилмурод Саййид қамоқхонадан: “Мабодо шу жойларда қазоим етса, мени хотиним ва қизимнинг қабри ёнига қўйинглар” мазмунида хат чиқарганди. У ҳали ҳам шунақа тушкун кайфиятдами?” деб сўраймиз Васила Иноятовадан.

Бунга жавобан “Эзгулик” раҳбари ҳозир журналист ва ҳуқуқ фаоли Дилмурод Саййиднинг аҳвол руҳияси анча яхши эканини айтди.

- “Мен ҳақиқатан ҳам тушкунликда эдим. Оиламдан айрилганимдан кейин дунёда бир ўзим қолдим ва ҳеч кимга керак эмас эканман, деган хаёлда шунақа гапларни ёзган эдим. Лекин ҳозир бу гапларимни қайтиб оламан. Менинг дўстларим бор экан, халқаро ташкилотлар, элчихоналар, бутун дунё менинг озодликка чиқишимни сўраб турганда, энди ўлим ҳақида умуман ўйламайман”, деди. Айниқса Лондонда китоби нашр қилинганини эшитиб, Дилмурод Саййид жуда-жуда қувонди, - дейди Васила Иноятова.

“Эзгулик” раҳбари шундан сўнг 64/61-колонияда жазо ўтаётган журналист Солижон Абдураҳмонов билан учрашганларини айтади.

- Хонага олиб кирилганда бизни кўриб, бу одам кўз ёшларини тўхтатолмади. Бу одам ҳам ташқи дунёдан бутун умидини узиб қўйган кишини эслатди менга. Кўзларидан ёшлари оқиб... - энди бу қувонч ёшлари. Ўзим эсласам, ҳозир ўзим титрай бошлайман. Ҳақиқатан ҳам бу одамнинг ошқозонларида касали бор экан бошлиқнинг айтиши бўйича. Ёшлари ҳам 60 дан ошгани учун у киши жисмоний меҳнатга жалб қилинмас эканлар. У кишини диета ошхонасига киритиб қўйишибди. “Қамоқхонада қанақа диета бўлиши мумкин?” деб бироз кулишдик ҳам. Қўлимизда америкалик 12 сенатор имзолаган [ва Ўзбекистон президентидан] Аъзам Турғунов, Солижон Абдураҳмонов ва Дилмурод Саййидларнинг озод қилинишини талаб қилган инглиз тилидаги хати ва унинг таржимаси бор эди. Биз бу хатни кўрсатдик, жуда хурсанд бўлишди. Бу хатдан уларга нусха бердик қўлларига. Солижон Абдураҳмонов бу хатни кўриб: “Наҳотки Америкада шу 12 сенаторнинг биздан бошқа қиладиган иши йўқ? Бизнинг ҳаётимиз уларни шунчалик ташвишга солдими, биз учун президентга шунақа хат қилиндими?” деб таажжубга тушди, - дейди Васила Иноятова.

“Аслида бизга Дилмурод Саййид ва Солижон Абдураҳмонов билангина учрашиш учун рухсат берилганди, аммо биз маъмуриятдан Солижон ака ўтирган қамоқхонадаги Аъзам Турғунов билан учрашишга изн сўрадик” деган “Эзгулик” жамияти раҳбари эртаси куни у киши билан ҳам учрашиш учун рухсат олишга муваффақ бўлишганини айтади.

Аъзам Турғунов билан ҳам учрашув жуда самимий ўтганини қайд этган Васила Иноятова улар ўзаро қадрдонлардек дардлашганларини қўшимча қилади.

​- Энди, қарангки, Ўзбекистонда очиқда юрганимизда кўрмаганмиз, пайқамаганмиз, ҳаттоки борлигимизни ҳис қилмаганмиз. Энди у ерда ўтиришимиз яқин қадрдон, жигарлардек... Мен ўзим жигаримни кўргандек бўлдим. Қилаётган ишларимиздан Абдураҳмон иккаламиз жуда бир қувониб, фахрланиб кетдик, - дейди “Эзгулик” жамияти раҳбари.

Васила Иноятова уччала сиёсий маҳбус ҳам уларнинг олдиларига янги кийимларда чиққанини, ҳатто Солижон Абдураҳмонов “Сизлар учун мени келинлардек ясатиб қўйишибди-да” дея ҳазил қилганини гап орасида қистириб ўтди.

Унинг айтишича, Қаршидаги колонияларда сақланаётган бу кишилар шу кунда ўзлари нисбатан қийноқ қўлланилмаётганини эътироф этганлар, айни пайтда Солижон Абдураҳмонов ўзи аввал ўтирган колонияларда турли таъқиб-тазйиқларга учраганини айтиб берган.

“Эзгулик” раҳбари ўзбек расмийлари томонидан ўзларига сиёсий маҳбуслар билан учрашишга изн берилганини америкалик 12 сенаторнинг Ўзбекистон президентига йўллаган мактуби билан боғлайди.

Эслатиб ўтамиз, ўтган йил ёзида АҚШнинг 12 сенатори Ислом Каримовга хат йўллаб, касбий фаолиятлари туфайли ўзбек қамоқхоналарида қолаётган икки журналист ва бир ҳуқуқ фаолини “дарҳол ва ҳеч бир шартсиз” озод қилишга чақирганди. Каримовга йўлланган мактубда АҚШ конгресси вакиллари журналистлар Солижон Абдураҳмонов ва Дилмурод Сайидов ҳамда ҳуқуқ фаоли Аъзам Турғунов тақдиридан хавотир билдирганлар.

52 ёшли журналист Дилмурод Саййид 2009 йилда порахўрлик ва таъмагирликда айбланиб, 12,5 йилга қамалган.

Ҳозир пайғамбар ёшида бўлган Солижон Абдураҳмонов 2008 йил июн ойида йирик миқдорда гиёҳванд моддалар сақлаганлик ва тарқатганликда айбланиб, 10 йилга озодликдан маҳрум қилинган.

Ҳуқуқ фаоли Аъзам Турғунов эса 2008 йили нукуслик бир фуқародан 20 миллион сўм пора талаб қилганликда гумон қилиниб, ҳибсга олинган ва 10 йилга кесилган.

Васила Иноятовага кўра, Қаршида учрашган сиёсий маҳбуслар унга ўзларининг амнистияга тушишдан умид қилмаётганларини, жилла қурса, ўзларига яна муддат қўшиб берилмаслигидан умидвор бўлаётганларини айтганлар. Шунга қарамай, “Эзгулик” жамияти раҳбари бу одамларнинг тез орада озодликка чиқиб қолишидан умид узмаслик лозимлигини қайд этади.
XS
SM
MD
LG