Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 04:27

Фарғоналик Damas ҳайдовчилари ширкатга бирлаштирилгани учун “нон тополмай қолди”


Фарғонадаги 6- йўналишда юрадиган "Дамас".
Фарғонадаги 6- йўналишда юрадиган "Дамас".

Фарғоналик “дамасчи” киракашлар вилоятда ташкил қилинган автоширкатга мажбурлаб аъзо қилинганидан, натижада "уйларига иккита нон кўтариб бора олмай қолганидан" арз қилди.

Озодликка мурожаат қилган ҳайдовчиларнинг иддао қилишича, улар мажбурлаб аъзо қилинган ширкат "вилоят ҳокимининг ширкатидир".

Ҳайдовчилар айтаётган MCHJ “FAR IMKON AVTOSERVIS” ​вакилининг айтишича, ушбу ширкатнинг вилоят ҳокимига ҳеч қандай алоқаси йўқ.

Фарғона вилоят ҳуқуқ-тартибот органларидан бири мулозимининг Озодликка билдиришича, MCHJ “FAR IMKON AVTOSERVIS” ширкатига аъзо бўлиш "вилоят ҳокими маслаҳати билан тавсия қилинган, лекин ширкат киракашларга шароит яратиб бермаяпти".

Фарғоналик 35 яшар Арслонбек Акбаров Озодлик билан суҳбатда иддао қилишича, у 3500 АҚШ долларига эскироқ “Дамас” микроавтобуси сотиб олиб, киракашлик қилиб юрганида ширкатга киришга мажбурланган ва бутунлай иши касод бўлган:

- Олдин “Дамас”да кира қилардик. Фарғонада 6- йўналишда юраман. Топиш тузук эди. Бензин¸ запчастга ҳам пул орттирардик. Лекин вилоят ҳокимлиги ходимлари бизни ширкатга кирасан, деб қўйишмади. Милицияга айтиб ушлаттиришди. Охири ширкатга аъзо бўлдим. Номи бору ўзи йўқ ширкатга кунига 10 минг сўм тўлаттиряпти. Фақат пул тўлайман. Шароит яратиб берган жойи йўқ. Автостанцияси ҳам йўқ. Ўзимиз битта жойни пятак қилиб олганмиз. Унга ҳам кунига олти минг беш юз тўлаймиз. Ўзимиз алоҳида бўлайлик ëки бошқа ширкатга ўтайлик десак, ҳокимга тегишли ширкат бу деб, таҳдид қиляпти. Бу ширкат боис уйга иккита нон кўтариб бора олмайдиган бўлдик¸ - деди фарғоналик “Дамас” ҳайдовчиси.

Озодлик билан гаплашган яна бир фарғоналик киракаш¸ бу ширкат устидан прокуратура ва президент виртуал қабулхонасига ариза ëзганини аммо "сансалорлик бўлаëтганлигини" билдирди.

Прокуратурага арз қилган дамасчи Акбаровга келган жавоб
Прокуратурага арз қилган дамасчи Акбаровга келган жавоб

​Дамасчи Арслонбек Акбаров Озодликка “Дамасчиларни касод қилган” ширкатга оид ҳужжатларни юборди. Ҳужжатларда MCHJ “FAR IMKON AVTOSERVIS” ширкати "Дамас" ҳайдовчиларига шароит яратиши ва ИИБ дан ҳаракат йўналишинини белгиловчи схема олиб бериши айтилади.

Аммо Акбаровнинг айтишича¸ "шартномада кўрсатилган мажбуриятлардан ҳеч бирини ширкат бажармаяпти, ҳатто маршрут схемасини ҳам олиб бермаган".

Озодлик гаплашган ва исми сир қолишини истаган яна бир дамасчининг айтишича¸ Фарғона шаҳрида қайддан ўтган MCHJ “FAR IMKON AVTOSERVIS” ширкати фарғоналик маҳаллий киракашлар тилида “вилоят ҳокимининг ширкати”, деб аталади.

Озодлик Фарғона вилоят ҳокими Шуҳрат Ғаниевнинг қўл телефонига қўнғироқ қилиб, ширкат борасида изоҳ сўради. "Озодликданмиз" деган сўзни эшитиши билан Ғаниев телефонини ўчириб қўйди.

Озодлик боғланган ва ўзини MCHJ “FAR IMKON AVTOSERVIS” ҳисобчиси, деб таништирган аëлнинг айтишича¸ ширкат муассислари рўйхатида Шуҳрат Ғаниевнинг исми йўқ. Суҳбатдошнинг ишонч билан айтишича, вилоят ҳокимининг ўзи бу ширкатга алоқадор эмас.

Ўзини Фазлиддин Раҳмонов, деб таништирган фарғоналик тадбиркорга кўра¸ MCHJ “FAR IMKON AVTOSERVIS” ширкати "ҳокимнинг узоқроқ қариндоши тарафидан назорат қилинади". Бироқ ширкат муассислари ҳақида Озодликда расмий маълумот йўқ.

Нега фарғоналик дамасчилар ширкатга аъзо бўлиши керак, деган саволни Фарғона вилоят ҳуқуқ-тартибот органларида ишловчи ва исми айтилишини истамаган зобит Озодликка тушунтириб берди.

- Фарғона шаҳрида юзлаб “Дамас” ҳайдовчилари ноқонуний киракашлик билан шуғулланмоқда Уларнинг аксари лицензиясиз йўловчи ташимоқда, улар орасида ҳайдовчилик гувоҳномаси олмаганлар ҳам бор. Ҳайдовчиларнинг малакасизлиги боис автоҳалокатлар кўпаймоқда. Шуларнинг олдини олиш учун вилоят ҳокими маслаҳати билан киракашларга ширкатга аъзо бўлиши тавсия қилинди. Лекин MCHJ “FAR IMKON AVTOSERVIS” ширкати киракашларга шароит яратиб бермаяпти. Ҳатто ИИБ дан тасдиқланган маршрут йўналишини ҳам олмаган¸- деди мулозим.

Унга кўра, дамасчи ва бошқа киракашларни тартибга солиш, хусусан, йўл ҳаракати хавфсизлиги ва солиқ идоралари жабҳани қатъий назоратга олиши керак.

“Дамас”да киракашлик қилиб оила боқаëтган фарғоналик 35 яшар Арслонбек Акбаров Озодлик билан суҳбатда "агар ҳақиқат қарор топиб аризаси инобат бўлмаса" “Дамас”ни сотиб Росияга кетишини айтди.

XS
SM
MD
LG