Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 02:34

"Тозалаш" тадбирида киракашларнинг Damasлари текинга ишлатилмоқда


Фарғона вилояти бўйлаб олиб борилаëтган “Тозалаш” тадбирида вилоятдаги киракаш Damasчилар милиция ва бошқа текширувчиларни текин ташишга мажбурланмоқда.

Бу ҳақда Озодликка маълум қилган марғилонлик киракашнинг айтишича, туман Йўл-патрул хизмати ҳодимлари Damasларни тўхтатиб, “текин ишга” жўнатмоқда:

- Бугун эрталаб рейсга чиқсам, Марғилон ЙПХ ходими тўхтатиб¸ кун бўйи рейдда қатнашасан¸ милисаларни олиб юрасан, деб ҳужжатларимни олиб қўйди. Кун бўйи уйма-уй облавага милиса ташидим. Ҳужжатларни кечқурун қайтариб берди¸ деди суҳбатдош.

Фарғона вилоят ИИБ сидаги Озодлик манбаси “Тозалаш” амалиëтига ҳусусий киракашлар жалб қилинганини тасдиқлади:

- "Тозалаш" амалиëти бутун вилоят бўйлаб кенг қамровда олиб борилмоқда. Диний айб билан қамалиб, озод бўлганларнинг оилаларига бир-бир кириб текширмоқдамиз. Кейин особий списка бўйича ҳам текшириш ўтказилмоқда. Машина етмаяпти. Шу боис қайддан ўтган хусусий таксилар¸ дамасларни ҳам жалб қиляпмиз. Бу жалб қилиш ҳайдовчиларнинг розилиги билан бўляпти, бу бир. Иккинчидан, улар йўналишли такси сифатида лицензия олганида¸ лицензия шартномасига имзо чекишган. Шартномада фавқуллода ҳолатларда куч ишлатар тизимларга ўз транспорт воситам билан ëрдам бераман¸ деган банд бор¸ деди манба.

Биз бу гапдан кейин марғилонлик киракаш билан боғланиб лицензия шартномасида шундай банд бор-йўқлигига қизиқдик:

- Шунақа жойи бор. Лекин Фарғона вилоятида расман фавқуллода холат эълон қилинмади. Пахтага ëки облавага обкетишяпти ўша бандни асос қилиб. Бу нотўғри. Яна бир гап¸ йилда бир икки марта милисаларни тўй маъракасида ҳам ҳизмат қиламиз. Шуларга ҳизматимиз ўтсину¸ йўлда тўхтатмасин деган андишамиз бор. Аммо сал ҳаддан ошиб кетяпти бунақа текин аравакашлик¸ дейди суҳбатдош.

Ўзбекистонда "тозалаш -антитеррор" тадбирлари жорий йилнинг 20 февралидан бошланди. Ҳозир ҳам давом этаëтган бу тадбирда чет элдан ва жазо ўташ масканларидан қайтганлар билан "профилактика" олиб борилиши айтилади.

Мафкуравий ўлпонлар

Бюджетдан молияланадиган милиция ходимлари¸ ўзларининг баъзи ҳаражатларини халқдан йиғиб олгани ҳақида Озодликда маълумотлар бор.

Масалан, ўтган йили Ўзбекистон бўйлаб маҳаллаларда посбонлар учун қурилган махсус таянч пункти учун пул маҳалла аҳлидан ундирилгани аҳоли норозилигига сабаб бўлган эди.

Замонавий Ўзбекистонда мафкуравий тадбирлар ва шанбаликлар учун пул йиғиш одатий тус олган.

“Ихтиëрий-мажбурий” форматдаги бу “ўлпон” пахта чопиғи ва терими учун энг кўп қўлланилиши кузатилади.

Фарғонанинг Ëзëвон туманидаги Damas ҳайдовчиси эса, икки кун мобайнида текинга пахтага одам ташиттиришганидан шикоят қилди:

- Ҳужжатларимни олиб қўйиб пахтага одам ташиттирди. Ҳеч бўлмаса бензин пулини бер десам ҳам беришмади¸ дейди ҳайдовчи.

XS
SM
MD
LG