Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 10:28

Алишер Илҳомов: Ўзбек халқидан ўғирланган $1 000 000 000 қандай қайтарилади?


Гулнора Каримованинг бир қанча Европа мамлакатларида “музлатиб қўйилган” пули билан боғлиқ машмашалар тез орада тугаши кутилмоқда.
Гулнора Каримованинг бир қанча Европа мамлакатларида “музлатиб қўйилган” пули билан боғлиқ машмашалар тез орада тугаши кутилмоқда.

Эътиборингизга Бош қароргоҳи Нью-Йоркда жойлашган Очиқ жамият фондининг Евроосиё лойиҳалари мувофиқлаштирувчиси Алишер Илҳомовнинг opendemocracy.net сайтида эълон қилинган мақоласи таржимасини ҳавола қилаяпмиз.

***

Бу воқеа 2012 йили Ўзбекистон президенти Ислом Каримовнинг қизи Гулнора Каримованинг икки ёрдамчиси − унинг топшириғи билан бўлса керак − Швейцариянинг Женева шаҳридаги Ломбард Одиер банки ҳисоб рақами орқали пул кўчиришга уринганидан бошланган эди. Швейцария полицияси кейинчалик Шоҳруҳ Собиров билан Алишер Эргашевни ноқонуний пулни ҳалоллашга урингани учун ҳибсга олди.

Айни ҳол Каримовага тегишли маблағлар бўйича жиноят терговларига ва уларни мусодара қилиш бўйича жиноят иши очилилишга сабаб бўлди. Гулноранинг қўли узун олигарх ва жамоат арбоби сифатидаги ғайриоддий ҳаёт тарзи 2014 йил февралида уй қамоғи билан барҳам топди. У 2015 йили юлғичлиги ва пулни совургани учун қамоққа ташланди. Каримованинг пулига Швейцария баробарида Швеция, Қўшма Штатлар ва Нидерландия даъвогарлик қилмоқда.

2015 йили АҚШ Адлия вазирлиги судга Швейцария, Ирландия, Бельгия ва Люксембург банкларида Гулноранинг ёрдамчилари номига очилган ҳисоб рақамларига қўйилган 850 миллион долларлик пулни мусодара қилиш тўғрисида фуқаролик даъвоси киритди. Шу билан бирга вазирлик Гулнора Каримова билан боғлиқ ишда пора бергани гумон қилинаётган Вимпелком халқаро телекоммуникация компаниясини 795 миллион долларлик жаримага тортишни ҳам талаб қилиб чиқди. Каримовага тегишли пул миқдори анча кўпга ўхшайди. Швейцариянинг ўзида 700 миллион доллар “музлатиб қўйилди” ва ишни Швейцария Федерал прокуратураси (ШФП) назоратига олди.

Швейцария ҳокимият идоралари ушбу маблағни мусодара қилмоқчи. 22 майда ШФП Каримованинг пулини мусодара қилиш учун жиноят иши қўзғатиш тўғрисида иккита буйруқ чиқарди. Айни мусодара қилиш жараёни ниҳоясига етса, Федерал ташқи ишлар вазирлиги Ўзбекистон ҳукумати билан ушбу пулни қайтариш тўғрисида музокара бошлайди. Аслида Швейцария ҳукумати уни қайтариш тўғрисида қарор қабул қилиб ҳам бўлди.

Бир қарашда бу тўғри қарордай кўринади. Швейцариянинг Цуг оффшор зонасида рўйхатга олинган Zeromax GmbH сингари кредиторлар ҳам бу пулга даъвогарлик қилмоқда. Қўшма корхонанинг эгаси Гулнора Каримова бўлгани айтилади. Zeromax GmbH 2010 банкрот бўлишидан олдин Ўзбекистон иқтисодиётининг бир қанча соҳаларига жадал равишда сармоя киритган эди, ўшанда мамлакат раҳбарияти компанияни қўллаб-қувватлаб турган. Аммо қўшма корхонанинг бундай хатти-ҳаракатларидан Ўзбекистон сиёсий ва бизнес элитаси вакиллари норози бўлган эди. Унинг қўққисдан ва сирли тарзда банкрот бўлиши оқибатида сармоядорлар киритган пулини ола билмай қолди.

Бошқа тарафдан эса, фуқаролик жамияти фаоллари Швейцария ўша пулниарзирли шарт қўймай туриб, қайтариб беришидан чўчимоқда. Ваҳоланки, улар ўтган йиллар мобайнида ўғирланган пулни масъулиятли тарзда репатриация қилишни талаб қилиб келди. “Масъулиятли тарзда” репатриация қилиш пул қайтарилаётганда Ўзбекистондаги коррупция қурбонлари, яъни барча аҳолини келгусида коррупциядан ҳимоя қилиш кераклигини назарда тутади.

2012 йилда Швейцария Қозоғистонга 48 миллион долларни масъулиятсизларча қайтарган эди, оқибатда репрессив ва ўғри режимни қўллаб-қувватлагани учун танқид бўрони остида қолиб кетди. Ўзбек фаоллари мамлакатиннг ўғирланган маблағлари бу тарзда қайтарилишини истамаяпти.

Айни кампания олдингиларидан фарқ қилади ва улар қўяётган талабларни ўзига хос янгилик ва кампанияни Ўзбекистондаги янгича воқелик дейиш мумкин. Бу президент Мирзиёевнинг ҳукумат ва унинг сиёсатини ислоҳ қилиш борасида олган мажбуриятига содиқлиги натижасидир.

Шу тариқа, фаоллар қайтарилажак пул коррупцияга қарши ислоҳотни рағбатлантириш учун ишлатилишини талаб қилмоқда, чунки бу борадаги ишлар ҳамон чала. Улар қайтарилажак пулдан шу тарзда фойдаланиш коррупция қурбонлари ҳуқуқини ҳимоя қилишга хизмат қилади. Ислоҳот изчил амалга оширилса, аҳоли ҳақлари ва фаровонлигини кафолатлайди ҳамда ҳукуматнинг коррупциялашувини камайтиради.

Фаолларга кўра, пул қайтарилишидан олдин Ўзбекистон ҳукумати телекоммуникация соҳасидаги улкан миқдордаги порахўрликка сабаб бўлган муаммоларни ҳал этиш йўлида муайян қадамлар қўяётганига оид исботлар келтириши шарт. Ислоҳот ўтказилиши зарур бўлган бундай соҳалар 5 та экани айтилмоқда: 1) тендерлар жараёни ва компанияларни рўйхатдан олишда шаффофлик; 2) давлат хизматининг шахсий садоқатга эмас, қонунга бўйсунишга асосланган дахлсизлиги; 3) одил судлов; 4) давлат молия тизими шаффофлиги ва 5) коррупцияга қарши мустақил идора ташкил этиш. Ушбу санаб ўтилган ислоҳот ўтказилса, улар телекоммуникация секторидан бошқа коррупциялашган соҳаларга ҳам ижобий таъсир кўрсатади.

Ушбу ислоҳот самарали бошқарув меъёрларини жорий қилишда муҳим қадам бўлиши шубҳасиз. Бу Ўзбекистоннинг телекоммуникация соҳасидаги сингари кенг миқёсли порахўрилк қайта илдиз отмаслигига ҳамда қайтарилган пул қайта ўғирланмаслигига кафолат бўлиб хизмат қилади.

XS
SM
MD
LG