Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 12:44

Бош прокуратура Россиядан Гулнора Каримованинг мулкларини ҳибсга олишни сўради


Ўзбекистон Бош прокуратураси Россия ҳукуматидан Гулнора Каримованинг кўчмас мулкларини ҳибсга олишни сўраб мурожаат қилгани тўғрисида «Интерфакс» агентлиги Россия Федерацияси Бош прокуратураси матбуот хизматига таяниб хабар қилди.

"Россия Бош прокуратурасига Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасидан Гулнора Каримова жиноий иши бўйича ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш ҳақида сўров келди. Унда кўчмас мулк объектларини ҳибсга олиш сўралган", - дейилган хабарда.

Хабарда айни дамда сўров кўриб чиқиш жараёнида экани айтилган. "Ўзбекистон томонига кўра, сўров таркибидаги маълумотлар маҳфийдир", деган агентликка Россия Федерацияси Бош прокуратураси матбуот хизмати.

«Интерфакс» агентлиги хабар қилган янгиликка доир маълумот Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси расмий сайтида йўқ.

Бош прокуратура жорий йилнинг 28 июлида Жиноят ишлари бўйича Тошкент вилояти судининг 2015 йил 21 августдаги ҳукми билан 5 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланган Гулнора Каримовага Жиноят кодексининг 6 та моддаси бўйича айблов эълон қилингани ва унга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилгани тўғрисида хабар қилган эди.

Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасининг Уюшган жиноятчилик ва коррупцияга қарши курашиш бошқармаси Бош прокуратуранинг расмий сайтида "Г.Каримовага нисбатан жиноят ишлари юзасидан хабар" сарлавҳаси остида 28 июл куни махсус баёнот эълон қилинган.

Ўша материалда келтирилган баёнотга биноан Гулнора Каримованинг "Россияда – 6 млн. АҚШ долл. миқдоридаги пул маблағлари, умумий нархи 2 млн. АҚШ долл. бўлган Москва шаҳри “Камелот” турар жой комплексидаги “пентхаус”, “Рублевка” массивидаги ҳашаматли турар жой ва 8 та квартира, Ялта шаҳридаги меҳмонхона комплекси, турар жой ва ер участкаси" бор.

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасининг Уюшган жиноятчилик ва коррупцияга қарши курашиш бошқармаси 28 июлдаги баёнотини мана бу маълумот билан якунлаган эди:

"Халқаро ҳамкорлик доирасида хорижий мамлакатларнинг ваколатли органларига тергов органларининг уюшган жиноий гуруҳнинг юқорида қайд этилган активларини хатлаш тўғрисидаги қарорлари юборилган.

Ҳозирги кунда уюшган жиноий гуруҳнинг бошқа активларини аниқлаш ва уларни Ўзбекистонга қайтариш бўйича тезкор-тергов тадбирлари давом эттирилмоқда", дейилган Бош прокуратура баёнотида.

XS
SM
MD
LG