Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 12:49

Ғарб ширкатларининг Ўзбекистондаги коррупция можаросидаги ролига оид ҳисобот эълон қилинди


Ислом Каримов ва унинг қизи Гулнора.
Ислом Каримов ва унинг қизи Гулнора.

"Ўзбекистон ҳукумати уюшган жиноий тўда каби фаолият юритган ва бундан марҳум президент Ислом Каримовнинг тўнғич қизи Гулнора Каримова фойда кўрган".

Лондондаги Қиролича Мария университети (Queen Mary University of London) қошидаги "Давлат жиноятларини ўрганиш халқаро ташаббуси" (International State Crime Initiative) ходимлари тайёрлаган 102 бетли ҳисобот аннотацияси юқоридаги фикр билан бошланади.

“Кобра билан рақс: Ўзбекистонда йирик коррупция билан кураш” деб номланган ҳисобот муаллифларига кўра, Ўзбекистон ҳукумати Швеция, Норвегия, Россия ҳамда Германияга тегишли телекоммуникация ширкатларидан пора олишда кўмаклашган. Расмийлардан иборат рэкетчилар мазкур ширкатлардан 850 миллион доллардан ортиқ маблағ ундирган. 2016 йилда АҚШ Адлия департаменти мазкур мулкни мусодара қилиш ишларини бошлаб юборган.

"Давлат жиноятларини ўрганиш халқаро ташаббуси" директори профессор Пенни Грин: “Ушбу ҳисобот коррупциянинг халқаро миқёсини ҳамда Ғарб юрисдикцияларининг ҳозирги кунда фаолият кўрсатаётган давлат томонидан уюштирилган рэкетни қўллаш ва ҳимоялашдаги яширин ролини фош этади”, деди.

Ҳисоботда халқаро корпорациялар ва банклар, жумладан, Citibank, Coca-Cola, Standard Chartered, Lombard Odier ва бошқалар катта маблағ ювилишига олиб келган рэкетчиликда иштирок этгани ҳақида батафсил ёзилган. Маблағ ювишда одатда Британияга тегишли ҳудудлардаги прокси ширкатлардан фойдаланилган. Ҳисоботда яна мазкур офшорлар Каримова учун қандай қилиб миллионлаб доллар қийматга эга шубҳали транзакцияларни амалга оширгани ҳақида ёзилган.

Ҳисобот муаллифи профессор Кристиан Ласслетт: “Далиллар Каримова яхши уюштирилган синдикатнинг рэкетчилик фаолияти Ўзбекистоннинг ижро этиш, қонун чиқариш ҳамда миллий хавфсизлик тармоқлари орқали амалга оширилишини назорат қилиб турганини кўрсатади. Буларнинг ҳар бири синдикатнинг тиши ўлароқ иш юритган. Ўзбекистон ҳукумати систематик тарзда порахўр бўлиб келади. Ушбу ҳисоботдаги далиллар айрим ғарблик тарафлар Каримова қўллаган схемаларда иштирок этмаган бўлсада, улар ҳақида тўлиқ билганини кўрсатади”, деди.

Ҳисоботда ёзилишича, Ўзбекистондаги коррупция фақат юқори лавозимли ҳукумат расмийлари билан чекланган эмас. Аслида коррупция систематик бўлиб, ҳукуматнинг ҳар бир қатламида илдиз отган. Изланиш муаллифларининг таъкидлашича, Каримованинг жиноий синдикатидаги ёрдамчи ва югурдакларнинг аксари юқори лавозимли расмийлар бўлган. Бу шахслар Каримова можароси оммага аён бўлганидан кейин ҳам юқори лавозимларда ишлашда давом этмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасининг Уюшган жиноятчилик ва коррупцияга қарши курашиш бошқармаси Бош прокуратуранинг расмий сайтида 28 июл куни "Г.Каримовага нисбатан жиноят ишлари юзасидан хабар" сарлавҳаси остида Биринчи президентнинг қизи билан боғлиқ жиноят иши тўғрисида маълумот берган.

Бош прокуратурага кўра, Жиноят ишлари бўйича Тошкент вилояти судининг 2015 йил 21 августдаги ҳукми билан 5 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланган Гулнора Каримовага, Жиноят кодексининг 6 та моддаси бўйича айблов эълон қилинган ва унга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.

XS
SM
MD
LG