Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 10:48

Адвокат Манжа: Гулноранинг қаердалиги номаълум


Гулнора Каримова (2010 йил Нью Йоркда тушган сурати)
Гулнора Каримова (2010 йил Нью Йоркда тушган сурати)

Гулнора Каримова манфаатларини ҳимоя қилаётган адвокат Грегор Манжа Швейцария Бош прокуратурасидан Каримова ишини вақтинча тўхтатиб туришни сўради. Адвокатга кўра, Гулноранинг қайси қамоқхонага ўтказилгани номаълумлиги боис у билан учрашиш имконсиз қолмоқда.

Швейцария суди тарафидан Гулнора Каримова манфаатларини ҳимоя қилишга тайинланган адвокат Грегор Манжа (Grégoire Mangeat) РИА Новости агентлигига берган интервьюсида, Каримованинг қамоққа олинганидан хабар топгани, бироқ унинг қаерда эканлиги номаълум қолаётгани ҳақида гапирган.

Шу боис адвокат Манжа Швейцария Бош прокуратурасидан Гулнора Каримова билан боғлиқ ишни вақтинча тўхтатиб туришни сўраган:

"Ўз мижозим билан алоқага чиқиш имкони йўқлиги боис адолатли судлов талаби даражасида уни ҳимоя қилиш имкониятидан маҳрумман. Шу боис Швейцария Бош прокуратурасига иш жараёнини тўхтатиб туриш ҳақидаги янги талабнома жўнатдим", дейди швейцариялик адвокат.

Манжанинг агентликка айтишича, у ўз мижози Гулнора Каримова қамоққа олинганидан хабар топган, бироқ айни пайтда унинг қайси қамоқхонада эканлигидан бехабар:

"Ҳозирги пайтда биз унинг қаердалигини билолмаяпмиз. Унинг қаерга ўтказилгани номаълум. Шу сабаб мен жорий ойда режаланган (Ўзбекистонга) сафаримни бекор қилишга мажбур бўлдим", дейди адвокат Манжа.

Адвокат Гулнора Каримованинг соғлиги ёмонлашгани ҳақида хабар топганини айтиб, бундан хавотир билдиради.

Манжанинг айтишича, кейинги бир неча ой давомида ҳатто Гулноранинг болалари ҳам онаси ҳақида бирор маълумот ололмаяпти.

Бош прокуратура: Гулнора қамоқда

Ўзбекистон Бош прокуратураси ўз сайтида 28 июль куни эълон қилган “Г.Каримовага нисбатан жиноят ишлари юзасидан хабар”да марҳум президент тўнғичи Жиноят кодексидаги энг оғир иқтисодий жиноятларда айбланаëтгани боис эҳтиëт чораси сифатида қамоққа олингани таъкидланган.

Бироқ расмий хабарда Гулноранинг айни пайтда қайси қамоқхонада эканига оид тафсилотлар очиқланмаган.

Бироқ Бош прокуратура хабарида, Гулнора Каримованинг икки йил аввал судланиб, унга 5 йиллик жазо тайинлангани таъкидланган.

"Жиноят ишлари бўйича Тошкент вилояти судининг 2015 йил 21 августдаги ҳукми билан Г.Каримова айбланаётган жиноятларни содир этишда айбдор деб топилган ва унга 5 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланган”¸ дейилади Бош прокуратура хабарида.

Гулнора Каримованинг шу пайтгача, уй қамоғида экани айтилган ва икки ҳафтача аввал айрим сайтлар унинг қамоқхонага ўтказилгани ҳақида ёзган эди.

Бош прокуратура Гулнора Каримованинг 2001-2013 йилларда содир этган оғир иқтисодий жиноятлари юзасидан якунланган ва ҳамон давом этаëтган жиноий ишларга оид айрим тафсилотларни берган.

Хабарда айтилишича¸ Гулнора Каримовага Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 165-моддаси (Товламачилик)¸ 167-моддаси ( Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш)¸ 179-моддаси ( Сохта тадбиркорлик)¸ 184-моддаси (Солиқлар ёки бошқа мажбурий тўловларни тўлашдан бўйин товлаш)¸ 227-моддаси ( Ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкаларни, автомототранспорт воситаларининг ва улар тиркамаларининг (ярим тиркамаларининг) давлат рақам белгиларини эгаллаш, нобуд қилиш, уларга шикаст етказиш ёки уларни яшириш ) ва бошқалар билан айблов эълон қилинган.

Расмий хабарда айтилишича¸ давом этаëтган жиноий ишларда марҳум президентнинг тўнғич қизи 168 (Фирибгарлик), 178 (Чет эл валютасини яшириш)¸ 182 (Божхона тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузиш), 189 (Савдо ёки хизмат кўрсатиш қоидаларини бузиш)¸ 228 (Ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш) ва 243-модда бўйича (Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш)да айбланмоқда.

Расмий хабардан ўзбек сўмидан тортиб¸ қатор хориж валюталарида келтирилган ўғирлик¸ талон-тарожнинг жами миқдорини аниқлаш¸ Гулнора Каримовадан Ўзбекистон ва ўзбекистонликларга етган жами зарар ҳажмини аниқ рақамларга айлантириш қийинлиги кўрилади.

Дастлабки хомчўтдан¸ Каримова томонидан ўғирлангани исботланган ва гумонланаëтган маблағнинг бир неча миллиард долларга тенг экани кўрилади.

Олиб борилаëтган тергов ҳаракатлари давомида бу айблар ўз тасдиғини топса¸ Каримова аввалги суд томонидан белгиланган 5 йиллик озодликдан маҳрум этилиш жазоси устига узоқ йилларга қамалиши мумкин.

Айни пайтда Гулнора Каримовага очилган жиноий ишлар бўйича Бош прокуратура баëнотидан мақсад¸ Озодлик суҳбатлашган мустақил журналист ва таҳлилчиларга кўра¸ “Гугуша” ўғирлаб¸ хориж банкларига беркитган миллиардлаб доллар маблағ ва кўчмас мулкни Ўзбекистон ҳукумати ихтиëрига берилишига эришишдир.

XS
SM
MD
LG