Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 19:31

Бели оғримаганнинг тўп тептиришини кўринг


Сколари “Бунëдкор”га келишдан аввал Роман Абрамовичнинг Челси футбол клубига мураббийлик қилди.
Сколари “Бунëдкор”га келишдан аввал Роман Абрамовичнинг Челси футбол клубига мураббийлик қилди.

Президентнинг тўнғичи Гулнора Каримовага қарашли экани айтилаëтган “Бунëдкор” футбол клуби ниҳоятда катта маблағ эвазига Бразилиянинг машҳур тренери Луиз Филипе Сколарини мураббийликка ëллади.

2002 йили Бразилия миллий жамоасини Жаҳон чемпионлигига¸ 2004 йили эса¸ Португалияни Европа биринчилиги финалига олиб чиққан Сколари¸ жаҳонда юлдуз команда яратиш устаси сифатида донг таратган.

Афтидан¸ халқаро майдонда юлдузлик ишқига тушган шекилли¸ Ўзбекистонда айтарлик қийинчиликсиз мамлакат чемпиони бўлган “Бунëдкор” клуби¸ айнан Сколарини мураббийликка олиб келди.

Ҳозирча юлдуз яратувчи юлдуз устанинг устига ëзилган нарх ëрлиғи сирлигича қолмоқда. Аммо “Бунëдкор”нинг ҳозирда клуб сафида ўйнаëтган тўрт бразилиялик собиқ юлдузга таклиф қилган пуллари инобатга олинса¸ Сколарининг ўзбекларга қимматга тушишини тасаввур қилиш қийин эмас.

Нарх қиëсда топилар

Ҳозирда “Бунëдкор” га капитанлик қилаëтган бразилиялик машҳур футболчи¸ 37 яшар Ривалдонинг Ўзбекистондаги бир ҳафталик тушуми¸ Британия матбуотининг ëзишича¸ 130 минг доллардан ошиқ ва бу нарх бир йилда камида 7 миллион долларга айланади. “Бунëдкор” ҳамда Ривалдо ўртасидаги 15 миллион долларлик икки йиллик келишувдан хабардор томонларнинг билдиришича¸ Ривалдо ва оиласининг Тошкентдаги шоҳона ҳаëти¸ унга ҳар бир ўйин ва ҳар бир гол учун тўланадиган қўшимча ҳақ бунга кирмайди.

“Бунëдкор” Барселона суперклубининг суперўйинчиси Самуэл Это’ога оғиз солиб¸ уни 25 миллион доллар эвазига бор-йўғи уч ой ўйнаб беришга кўндира олмаса-са¸ Это’они Тошкентга олиб келиб¸ битта ўйин қилиб бериши учун 5 миллион доллар тўлади.

Яна шу “Бунëдкор” Барселона клуби Тошкентда ўртоқлик ўйини ўтказиб бериши учун¸ дунëнинг энг бадавлат бу клубига 5 миллион евро таклиф қилган. Бутун бошли тантиқ командани Испаниядан Тошкентга олиб келиш¸ уларни меҳмон қилиб¸ қўйнини совға-салом билан тўлдириб юбориш¸ бу харажатларга¸ табиийки¸ кирмайди.

Бу қиëслардан¸ дунëдаги энг машҳур тренерни олиб келишнинг “Бунëдкор” учун¸ аниқроғи Ўзбекистон учун бир неча ўн миллионлаган долларга тушишини англаш қийин эмас.


Орзуга айб йўқ

Жаҳон футбол саҳнасининг сўнаëтган юлдузларини ўз сафида жамлаш орқали “Бунëдкор” ¸ айрим кузатувчиларга кўра¸ халқаро даражадаги клублар рўйхатига киришни орзу қилмоқда.

“Бунëдкор” нинг хўжайини деб айтилаëтган “ Зеромакс“ ширкати бошқарувчиси Миродил Жалолов эса¸ россиялик олигархлар Роман Абрамович ва асли наманганлик Алишер Усмоновлар билан беллашмоқчи¸ ëки улар ортидан бормоқчи.

Аммо “ Зеромакс“ ширкатининг аслида Каримовлар оиласи¸ аниқроғи президентнинг тўнғич қизи Гулнора Каримовага тегишли экани ҳақдаги кучли тахминлар инобатга олинса¸ “Бунëдкор”ни юлдуз клубга айлантириш ортида ҳамма соҳада юлдузликни кўзлаëтган Гулнора Каримова иддаолари ëтгандек кўринади.


Ҳисоб-китоб орзуга халал бермайди

Таҳлилчилар фикрича¸ “Бунëдкор”ни халқаро клубга айлантириш иддаоси шундоқ ҳам Ўзбекистондаги барча сердаромад соҳани ўз монополиясига айлантирган “Зеромакс“ учун янги даромад чашмалари очиб бермоқда.

Ўтган йил апрел ойи охирида қабул қилинган ҳукумат фармонига мувофиқ¸ ўзбек футбол клубларини ривожлантириш мақсадида Ўзбекистон ичкарисига олиб кирилаëтган моддий-техникавий ашëлар¸ стадионлар қуриш учун лозим импорт маҳсулотлари ҳар қандай солиқдан тўлиқ озод қилинди.

Айни кунларда “ Зеромакс“ “Бунëдкор” учун 35 минг ўринлик қиммати 150 миллион долларга чамаланаëтган стадион қурмоқда.

Бразилиялик тренернинг Ўзбекистонга олиб келиниши¸ Сколарининг ўз сўзларига кўра¸ 2010 йил мартида очилиши кутилаëтган янги стадион билан бирга қўшилиб¸ ўзбек футболида янги давр бошлаб бериши мумкин.


Бўлмаганга бўлишма...


Мустақил кузатувчилар¸ бу янги даврнинг қандай ва қайгача бориши маҳвумлигини қайд этмоқдалар.

Хусусан¸ www.goal.com сайтининг Осиë футболи бўйича мутахассиси Жон Дуэрден EurasiaNet нашрига¸ Ўзбекистон каби халқаро футбол олами учун чекка қишлоқдек бўлган бир юртга бориб¸ Ғарбда биров билмайдиган “Бунëдкор” дек клубга раҳбарлик қилишга Сколарини ниҳоятда катта маблағгина кўндирганини тахмин қилади.

“Европада деярли ҳеч ким билмайдиган Ўзбекистонда футбол даражасининг пастлигини тахмин қилиш қийин эмас. Сўнаëтган юлдузлар бундай мамлакатга фақат катта пул ишлаш учун берилган сўнгги имконни бой бермаслик учун борадилар.

Сколари Ўзбекистон клубини қайгача олиб чиқиши мумкин? “Бунëдкор” Ўзбекистонда аллақачон чемпион ва Осиë чемпионлар лигасига чиқиб улгурди. Гарчи Осиë чемпиони дунëдаги энг нуфузли соврин бўлмаса-да¸ у ФИФА нинг клублараро жаҳон биринчилигига йўлланма бериши мумкин. “Бунëдкор” кўп келса¸ шу ергача келиши ва дунëга шунақа клуб ҳам борлигини билдириб қўйиши мумкин“¸ деди машҳур футбол шарҳловчиси EurasiaNet билан суҳбат давомида.

Ўзбек клубидан кўра¸ тобора чўғи сўнган кекса бразилияликлар жамоасига ўхшаб бораëтган “Бунëдкор” нинг борса бориши мумкин энг узоқ уфқи¸ мутахассислар томонидан шундай чамаланмоқда.

Аммо бразилияларга ҳафтасига 130 минг доллар тўлаш эвазига тептирилаëтган “Бунëдкор” тўпининг Ўзбекистон¸ аниқроғи ойига 100 долларнинг нари-берисида маош олаëтган ўзбекистонликларга қанчага тушаëтганини чамалаш оғирроқ кўринади.
XS
SM
MD
LG