Линклар

Шошилинч хабар
27 ноябр 2024, Тошкент вақти: 16:51

Тошкентда Хоразмдан эшак гўшти олиб келганлар ушланди


Тошкент шаҳрининг Олмазор туманидаги “Шаршара” колбаса цехига Хоразмдан 69 килограм эшак гўштини олиб келган икки шахс ва уни мол гўшти сифатида расмийларштирган цех ходимлари устидан жиноят иши очилди. Тошкент ҳуқуқ-тартибот органларидаги Озодлик манбасига кўра, 21 ноябрь куни гўшт цехида ўтказилган рейд пайти Хоразмдан келтирилган 69 килограм эшак гўшти колбаса тайёрлаш учун мўлжалланган цехдаги бошқа сифатсиз гўштларга қўшиб юборилганлиги аниқланган.

Тошкент шаҳар ҳуқуқ-тартибот органларида ишловчи мулозимнинг Озодликка айтишича, Gold Premium Product МЧЖ ширкатига қарашли "Шаршара" гўшт махсулотлари цехида ўтказилган рейд пайти кўриниши ва ҳидидан сифатсиз кўринган ва шубҳали аҳволда сақланган 275 килограм гўшт маҳсулотлари ашёвий далил сифатида мусодара этилган.

Колбаса учун қиймалашга тайёрланган гўшт текширувдан ўтказилганида, учдан бир қисми эшак гўшти бўлиб чиққан.

- Аниқланишича, Хоразмдан олиб келинган 69 килограм эшак гўштини булар мол гўшти сифатида расмийлаштириб, колбасага мўлжалланган 200 килограмга яқин айниган гўштга қўшиб қўйишган. Ҳозир бу бўйича тергов кетяпти, - деди Тошкент ҳуқуқ-тартибот органларида ишловчи мулозим Озодликка.

Мусодара этилган гўшт Тошкент шаҳар Санитария ва эпидемиология назорати марказида текширилган.

Марказ хулосасига кўра, мусодара этилган гўшт таркибида эшак гўшти борлиги аниқланган ва истеъмолчилар соғлигига хавфли деб топилган.

Ҳозирда “Шаршара” гўшт махсулотлари ишлаб чиқариш цехининг икки ходими ва Хоразмдан 60 килограм эшак гўшти олиб келганликда гумонланаётган яна икки шахсга нисбатан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 186-моддаси 1- қисми ("Истеъмолчиларнинг ҳаёти ёки соғлиғи хавфсизлиги талабларига жавоб бермайдиган товарларни ўтказиш мақсадини кўзлаб ишлаб чиқариш, сақлаш, ташиш ёхуд ўтказиш, ишлар бажариш ёки хизматлар кўрсатиш") бўйича жиноят иши очилган.

Тошкентдаги “Шаршара” гўшт маҳсулотлари ишлаб чиқариш цехига олдин ҳам эшак гўшти олиб келингани ёки эшак гўштидан колбаса тайёрлаш тизимли йўлга қўйилган-қўйилмагани маълум эмас.

Озодлик “Шаршара” гўшт маҳсулотлари ишлаб чиқариш корхонаси раҳбариятига боғланганида улар текширув давом этаётгани ва бу ҳақда изоҳ беролмасликларини айтишди.

Ўзбекистонда эшак энг арзон уй ҳайвонларидан бири ҳисобланади. Бир бош сара эшакни 150-200 минг сўмгача сотиб олиш мумкин. Бинобарин, эшак гўшти мол гўштидан қарийб тўрт баравар арзонга тушади.

Ўзбекистоннинг бошқа вилоятларида ҳам эшак гўштидан тамаддихоналарда таом пиширилгани ва у колбасаларга қўшилгани ҳақида олдин ҳам хабарлар берилган.

Ўтган йили Самарқанд шаҳри ёнидан эшаклар қабристони топилиганига оид ҳақидаги хабар ижтимоий тармоқлар ва маҳаллий хабар сайтларида энг кўп муҳокамага сабаб бўлганди.

XS
SM
MD
LG