Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 01:51

Қирғизистон Хитойга эшак экспорт қилмоқда


Хитойлик ўнлаб тадбиркорлар бугунги кунда эшак излаб Қирғизистон қишлоқларини кезмоқда. Қирғиз расмийларига кўра, эшак экспорти бўйича икки давлат ўртасида тегишли шартномалар имзоланган. Шу кунгача 2 минга яқин эшак Хитойга экспорт қилинган. Қирғиз жамоатчилиги эса хитойликларнинг “эшак бизнесига” норозилик билдираяпти.

Хитойлик тадбиркорлар вакили Самара Алиеванинг айтишича, эшак терисидан Хитойда қимматбаҳо дорилар тайёрланади. Шу сабабли хитойлик тадбиркорлар Қирғизистондан йилига минглаб эшак сотиб олиш билан банд.

- Хитойда чегарадош давлатлардан эшак сотиб олиш учун катта миқдорда пул ажратган. Авваллари Хитойнинг ўзида эшак кўп эди. Ҳозир у ерда эшак сони озайган. Шу сабабли қўшни давлатлардан сотиб олиш керак бўлиб қолди. Бироқ Қирғизистонда керакли миқдорда эшак топилмаяпти. Агарда махсус фермалар бўлса, ўша фермалар билан ҳамкорлик қилсак яхши бўларди, - дейди Самара Алиева.

Қирғиз ҳукумати вакиллари Хитойга эшак экспорт қилиниши қонуний эканини айтишади. Ветеринария ва фитосанитария хавфсизлиги бўйича давлат инспекцияси раҳбари Қалисбек Жумакановнинг айтишича, қирғиз-хитой ҳукуматлари ўртасида тегишли ҳужжатлар имзоланган. Бунгача эшак экспорт қилиш бўйича икки компанияга рухсат берилган:

- Бу бўйича қирғиз-хитой ҳукуматилари 2008 йилдаёқ шартнома имзолаган. Ундан кейин протокол тузилиб, 2015 йили имзоланган. Эшак ва хачирларни экспорт қилиш учун бунгача биздан икки компания рухсат сўраган, рухсат берганмиз. Жами 1700 бошга рухсат берганмиз. Олиб кетишган. Фақатгина сўйиб олиб кетишга рухсат бермадик. “Тириклайин олиб кетамиз” дейишса, биз рухсат бераверамиз, - дейди Қалисбек Жумаканов.

Маълум бўлишича, Қирғизистонда эшак боқиб, уни экспорт қилиш билан шуғулланган уч фирма бор. Ундан иккиси хитой тадбиркорларига тегишли. Қирғизистондаги ишлаб чиқарувчилар ва тадбиркорлар бирлашмаси раҳбари Жирғалбек Сағинбаев фикрича, жамоатчиликка тўғри тушунтириб, бу бизнесни қўллаш керак.

- Бизнинг экологиямиз жуда тоза. Шу сабабли бизда боқилган экашлар ҳам тоза. Бу ҳам мол-қўй каби жонивор. Фақат сўйиб, терисини шилиб, гўштини йўлга ташлаб қўйган ҳолатлардан одамлар норози. Каттароқ ферма қуриб, боқтириб, барчасини Хитойга олиб кетилса ҳеч қандай муаммо бўлмайди. Савдо-сотиқ соҳасига кирганидан кейин бу оддий махсулот бўлади. Шу сабабли олаётган одамга ҳам тўғри тушунтириб, олиб кетаман дейишса ҳеч ким қарши бўлмайди. Фақатгина жамоатчилик фикрини айрим чала муллалар бузаяпти, -дейди Жирғалбек Сағинбаев.

Эшак сотиб ундан фойда топиш фикрини академик Жамин Акималиев ҳам қўллайди. Унинг айтишича, собиқ совет иттифоқи даврида Қирғизистон Европага эшак экспорт қилган.

Айни пайтда эшак бизнесини ҳаром дегувчилар ҳам бор. Ўтган йили парламентнинг ўша даврдаги депутатлари Нуркамил Мадалиев ва Турсунбой Бакир ўғли эшак сўйганларни жазолаш тўғрисида қонун лойиҳасини тайёрлаб, жамоатчилик муҳокамасига қўйганди.

- Маънавий жиҳатдан олганда ҳам бу яхши эмас. Ўзимиз ҳаром деб ҳисоблаган хайвонни сотиш ўзимизга яхшилик олиб келмайди. Шу критерий билан қаралганда буни тўхтатиш керак. Қоринни бошқа йўл билан ҳам тўйдирса бўлади. Бизда эшак сотиб бойиб кетадиган даражада ҳам кўп эмас. Оллоҳ ҳам қайси ҳайвонни қандай беришни билса керак. Масалан, ит кўп туққани билан қўйчалик кўпаймайди. Қўйни эса кунда сўйиб еймиз. Шу сабабли эшак сотиб бойиб кетамиз дейишдан йироқ бўлишимиз керак, -дейди Нуркамил Мадалиев.

Қирғизистонда эшак гўштига боғлиқ бир қатор жанжаллар юз берган. Ўтган йили Бишкек чеккасида эшак сўйилувчи қасобхона борлиги ҳам маълум бўлган. “Эшак гўшти умумий овқатланиш жойларига берилади”, деган гаплар ҳам тарқалган. Қасобхона эгаларининг “Эшак гўшти чет давлатларга экспорт қилинади”, деган тушунтиришлари кўпчиликда ишон ҳосил қилмаган.

Ўшда эса аҳоли эшак боқилувчи фермаларга қарши чиққани ортидан эшак фермалари бошқа ерга кўчирилган.

XS
SM
MD
LG