Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 23:26

"Муҳими улар учиши керак". Ҳарбий экспертлар ўзбек дронлари ва мудофаа саноати ҳақида


АҚШнинг "Reaper" оғир дрони парвозда
АҚШнинг "Reaper" оғир дрони парвозда

Ўзбекистон "Марказий Осиёда илк бор" замонавий технологиялар асосида учувчисиз учиш аппаратлари (УУА) ишлаб чиқаришни йўлга қўйганини эълон қилди.

Мудофаа саноати давлат қўмитаси матбуот хизматининг бу ҳақдаги хабари мамлакат Қуролли кучлари куни нишонланганидан бир кун ўтиб, 15 январь куни эълон қилинди.

Lochin дронларини ишлаб чиқариш ва бошқа ҳарбий техникани модернизациялаш билан Ўзбекистонда бир неча йил олдин тузилган айнан шу қўмита шуғулланади.

Аммо Қозоғистонда ҳам учувчисиз учиш аппаратлари ишлаб чиқарилаётгани маълум. Марказий Осиёнинг бошқа давлатлари эса ўзлари ишлаб чиқармасдан, разведкачи ва қирувчи бу мосламаларни Исроил, Туркия, АҚШ ва Россиядан сотиб олмоқда.

Мудофаа саноати давлат қўмитаси матбуот хизматига кўра, “халқаро техник талаб ва стандартларга тўлиқ жавоб берадиган” Lochin дронлари қўмита тасарруфидаги Учувчисиз авиация мажмуаларини илмий-ишлаб чиқариш маркази томонидан ишлаб чиқилган.

Қўмита YouTube тармоғига бу мавзуга доир махсус видеоролик ҳам жойлаштирди.

Унда квадрокоптер ва учоқ шаклидаги УУАни кўриш мумкин.

Қўмита вакилларининг урғулашларича, Lochin дронлари бир қанча мақсадларда фойдаланишга мўлжалланган бўлиб, разведка қилиш, реал вақт режимида кузатиш, артиллерия ўт очиш жараёнини бошқариш каби вазифаларни бажариш билан бир қаторда қишлоқ хўжалиги, нефт ва газ ҳамда бошқа соҳаларда фойдаланиш имкониятини беради.

Айни пайтда Мудофаа саноати қўмитаси мазкур дронлар қайси ҳудудда йиғилаётгани, уларни ишлаб чиқишда қайси мамлакат технологиясидан фойдаланилгани, битта дронни йиғиш қанчага тушаётгани ҳамда бу аппаратларни келажакда хорижга экспорт қилиш истиқболи бор-йўқлигига оид саволларга аниқлик киритмади.

Ўзбекистонда дронлар қаттиқ назорат остида

Бир пайтлар фақат ҳарбий мақсадларда фойдаланилган пилотсиз учиш аппаратлари сўнгги 5-6 йил ичида бутун дунё, жумладан, Ўзбекистонда ҳам аҳолининг маиший ҳаётида кенг оммалашди.

Дронлардан журналистлар, геодезистлар, кинооператорлар, полиция ходимлари ва қишлоқ хўжалиги мутахассислари ҳам кенг фойдаланмоқда.

Улардан ҳатто жиноятчиларга қўл келмоқда. Аввалроқ “Трамадол” психотроп дори воситасининг 600 дона пластинкаси Қозоғистондан чегараси орқали Ўзбекистоннинг Тошкент тумани Оқтош аҳоли пунктида ўтказилишининг олди олингани, дрон ёрдамида “Макаров” тўппончасини чегарадан ўтказганлар қўлга олингани хабар қилинганди.

2017 йилнинг августида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев советлардан қолган “кукурузчи” АН-2 учоқлари ўрнига учувчисиз қурилмалардан фойдаланиш тўғрисида фармон чиқарди.

Бу пайтгача дронларни Ўзбекистонга келтириш, сотиш ва улардан фойдаланиш тақиқланган эди.

Охирги йилларда Ўзбекистон ҳукумати чекловларни бироз юмшатди, уларни ишлатиш учун махсус рухсатнома олиш тартиби йўлга қўйилди.

2020 йилда Арманистон ва Озарбайжон ўртасидаги урушдан кейин бутун дунёда ҳарбийлар ва ҳукуматларнинг учувчисиз технологияларга қизиқиши кескин ошди. Ҳарбий экспертлар Озарбайжон кучлари Туркияда ишлаб чиқарилган “Байрактар” учувчисиз ҳаво воситаларини ишлатгани туфайли қуролли зиддиятда сезиларли ютуқларга эришганини айтишади.

2021 йилнинг август ойида Ўзбекистон Қуролли кучлари мамлакат жанубида Россияда ишлаб чиқарилган учувчисиз учиш аппаратлари иштирокида жанговар тайёргарлик машғулотларини ўтказди.

Бу машқларда Ўзбекистон Ўзбекистонга экспорт шартномаси бўйича етказилган ва оптик ҳаво разведкаси учун қўлланиладиган русларнинг ZALA 421-16E дронларидан фойдаланган.

Россия армияси билан ҳамкорликда ўтказилган “Юг-2021” машғулотлари қўшни Афғонистонда вазият кескинлашган бир пайтда амалга оширилди.

Озодлик суҳбатлашган ўзбекистонлик собиқ ҳарбийлардан бири 2014 йилда Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги Хитойнинг Chengdu Pterodactyl I узоқ масофага уча оладиган учувчисиз аппаратларини сотиб олганини ёдга олди.

Вазни 1100 кг бўлган аппарат 100 от кучига эга ва 200 килограммгача юк таший олиш қудратига эга бу дронлар танкларга қарши ракеталар ва нишонга йўналтирила оладиган бомбаларни таший олишини хабар қилинган эди.

Ўзбекистонда Lochin дронларининг ишлаб чиқарилаётгани тўғрисидаги хабарни изоҳлаган суҳбатдош Ўзбекистон дронларни ишлаб чиқараётган биринчи мамлакат эмас, деди.

- Қозоғистон аллақачон ўз пилотсиз учувчи учоқларининг учта моделини ишлаб чиқармоқда. Улар кўпмақсадли, ҳарбийдан ташқари бошқа соҳаларда ишлатилиши мумкин. Ҳар ҳолда, Ўзбекистонда бу соҳада силжиш бўлаётгани қувонарли, чунки Ўзбекистон ҳарбий интервенцияга дуч келса ўзидан бошқа ишонадиган дўсти йўқ – у на НАТО, на КХШТ аъзоси. Шу билан бирга бизда хўжалик ишларига мўлжалланган пилотсиз учқичларни ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш керак. Бундан олдин эса бу масалада қонунчиликни қайта кўриб чиқиш лозим, - деди у.

Ўтган йилнинг декабр ойида Қирғизистоннинг Туркиядан “Байрактар” дрони сотиб олиши Россиянинг эътирозига сабаб бўлди. Москва Қирғизистонни “КХШТ қоидаларини бузганликда” айблади.

Бунга қадар Марказий Осиёда “Байрактар” фақат Туркманистонда бор эди. Мамлакат мустақиллигининг 30 йиллигига бағишланган парадда туркман ҳарбийлари дронлардан иккитасини кўрсатишганди.

Анқара “Байрактар ТВ2” нархини расман очиқламаётган бўлсада, экспертлар ҳар бирининг нархини 5 млн. АҚШ доллари атрофида эканини тахмин қилиб келишади.

Bloomberg нашри 2019 йилда Туркиянинг “Baykar” фирмаси Украинага ўнлаб дронларни етказиб бергани ҳақида ёзган. Анқара ва Киев ўртасидаги ҳарбий ҳамкорлик Россия ва Туркия муносабатларининг совуқлашишига олиб келган.

Ўрта баландлик, узоқ чидамлилик: “Байрактар”, MQ-9 Reaper ва бошқалар

Москвадаги Стратегия ва технологияларни таҳлил қилиш маркази директори, ҳарбий эксперт Руслан Пухов Озодлик билан суҳбатда дронлар оддий ва мураккаб бўлиши, ҳар қайси давлат ҳам қирувчи ва узоқ масофага уча оладиган оғир ҳарбий разведкачи аппаратни ишлаб чиқара олмаслигини айтади:

- Разведка ёки кузатиш учун аппаратларни йиғишни йўлга қўйиш қийин иш эмас. Истаган давлат “Ali Express” орқали арзонга Хитойдан аппарат сотиб олиб, уни жиҳозлаб ёки рангини ўзгартириб, ҳарбий мақсадларда фойдаланиши мумкин. Одатда бу қирувчи ёки ҳужум қилувчи мослама бўлолмайди, улар арзон туради. Иккинчи турдаги ҳарбий дронлар – узоқ бўлмаган масофага учувчилари. Буларни оддий заводларда ишлаб чиқариб бўлмайди. Масалан, Ғарб санкцияларига тушган Петербургдаги “СТЦ-Центр” корхонасида “Орлан-10” разведкачи дронлари ишлаб чиқарилади. Уларни Россия Сурияда фақат разведка учун қўллаб келади. Содда қилиб айтсам – буниси учувчи фото ва видеокамера. Улар ҳам жуда қиммат эмас, чунки ҳужум воситаси эмас.

Учинчи турдаги пилотсиз бошқариладиган аппаратлар қаторига ўша машҳур Туркиянинг “Байрактари”, АҚШнинг MQ-9 Reaper, Россиянинг “Ориони” ва бошқалар киради. MAEL (Medium Altitude, Long Endurance - Ўрта баландлик, узоқ чидамлилик - таҳр.) синфига мансуб бу учқичлар разведкачи-ҳужумчи саналади. Мисол учун, “Орион” 250 кило юк кўтара олади, 200 км соатига учади. Улар бомбаларни ташийди, бошқарилувчи ракеталарни йўналтириб туради. Албатта, буларнинг энг қиммати ва сифатлиси -америкаликларнинг Reaper-и саналади, - дейди Руслан Пухов.

Ҳарбий экспертга кўра, 7 км масофадан мўлжалга ура оладиган “Байрактар”нинг мураккаб оптик системаси ва двигателлари Канададан сотиб олинади, яқин келажакда двигателлар Украинада, оптик тизим эса Туркиянинг ўзида ишлаб чиқарилиши мумкин.

Суҳбатдош сифат жиҳатидан бу синфга мансуб оғир учқичлар саноқли мамлакатлар - Хитой, Эрон, Буюк Британия, Исроил, БАА ишлаб чиқарилаётганини билдириб, Ўзбекистон модуллардан иборат конструкцияни йиғишни йўлга қўйган бўлиши мумкинлигини тахмин қилди.

“Ўзбекистон мудофаа саноатини тиклашга мажбур”

Озодлик суҳбатлашган Москвадаги Карнеги Маркази маслаҳатчиси, сиёсий таҳлилчи Темур Умаров Ўзбекистон СССР даврида энг йирик ҳарбий саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи республикалардан бири бўлганини ёдга олди.

- Ўзбекистон қуролли кучлари салоҳиятидан ташқари, Марказий Осиёда яхши қуролланган ва жиҳозланган давлатлардан бири саналади. Бу жиҳозларнинг бир қисми Совет давридан қолган, албатта. Тошкентда ҳатто ҳарбий учоқлар чиқарилган. Охирги йилларда ҳукумат нафақат Афғонистондаги вазият босими остида, балки Каримов давридан олиб борилаётган мустақил сиёсат туфайли ўз кучига ишонишга мажбур, - дейди эксперт.

Унинг сўзларига кўра, Афғонистон билан чегарадошлик, бугунми, эртами Ўзбекистонни ўз ҳарбий саноатини яратишга мажбур қилади.

-Дунёда охирги йилларда содир бўлаётган урушлардан хулоса қилаётган давлатлар бу урушларни камроқ одамларсиз, кўпроқ техника ва роботларни қўллаб ва ҳарбий ҳаракатларни узоқдан бошқаришга ўтмоқда. Жанговар ҳаракатларни автоматлаштириш ҳозир бутун дунёда трендда. Ўзбекистон дронларни ўзи ишлаб чиқарадими, олиб келиб терадими – бу муҳим эмас. Муҳими улар учиши керак, қўйилган вазифаларни бажариши лозим, - дейди сиёсий таҳлилчи Темур Умаров.

Тармоқларда совет даврида ишлаб чиқарилган ўзбек ҳарбий техникасининг замонавийлаштирилган вариантлари кўриниш берди.

Аввалроқ Ўзбекистонда ҳарбийлар учун тунги кўриш мосламаси ишлаб чиқилган эди.

Мудофаа саноати мутахассислари маҳаллий “Қалқон” енгил зирҳли автомобиллар учун русларнинг “Утёс” пулемёти асосида жанговар модул ҳам яратганини хабар қилган эди.

XS
SM
MD
LG