Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 01:55

Туркларнинг “Байрактар” дронлари ҳақида нималар маълум?


Украина Донбассдаги айирмачиларнинг артиллерия қуролларига зарба беришда “Байрактар” дронларини қўллади. Уларни ишлаб чиқарувчи турк ширкати эса бу орада дронларнинг харидорлари сони яна бир мамлакатга ортганини маълум қилди. Аввалроқ эса Қирғизистон ҳам Туркиядан ушбу учувчисиз учқичлардан бир қанчасини сотиб олишга хоҳиш билдирган эди.

Қурол-аслаҳа бозорида тобора катта қизиқиш уйғотаётган “Байрактар” дронлари ҳақида нималар маълум? “Озодлик” сўнгги янгиликлар манзарасида туғилган бир нечта саволга жавоб беришга уриниб кўради.

“Байрактар” Украинага нима бера олади?

Қуролли можаро давом этаётган Донбасс ҳудудида Украина томонидан “Байрактар” қўлланилгани ҳақида 26 октябрь куни маълумот тарқатилган эди. Украин армияси ёйинлаган видеода дрондан отилган ракета артиллерия қуролини яксон қилгани акс этган.

Маҳаллий ОАВ хабарига кўра, дрон артиллерия қуроли ва ундан ўт очиш гуруҳига зарба йўллаган, атрофда тинч аҳоли бўлмаган. Украин армияси Россия дастаклаётган айирмачиларга зарба уларнинг Гранитное қишлоғига ҳужумига жавобан амалга оширилганини эълон қилди.

Украиналик ҳарбий эксперт Михаил Самусга кўра, “Байрактар”дан фойдаланиш қарори мамлакат раҳбариятининг энг юқори бўғинида қабул қилинган бўлиб, бу Украина шарқидаги урушда янги саҳифа очади:

“Шу аснодан Россия Украинага, Украинанинг Донбассдаги имкониятларига бошқача кўз билан қарайди. Менимча, уларда ростдан ҳам катта муаммолар бошланмоқда.”

Украина шарқидаги можарога дахлдорлигини ҳамиша рад этувчи Москва бу воқеага муносабат билдиришда ҳаялламади. Кремлнинг матбуот котиби Дмитрий Песков айтишича, “Байрактар” Донбассдаги вазиятни тартибга солишга ёрдам бермайди:

“Туркия билан, дарҳақиқат, жуда яхши алоқаларга эгамиз, бироқ ушбу ҳолатда, афсуски, украин ҳарбийларига бу каби қурол турларининг етказиб берилиши туташув чизиғида вазият кескинлашишига олиб келиши мумкинлиги ҳақидаги хавотирларимиз тасдиқланмоқда.”

“Байрактар” қандай ишлайди?

“Байрактар ТБ-2” Туркиянинг “Байкар” ширкати томонидан ишлаб чиқарилади. Ушбу зарба берувчи оператив-техник учувчисиз учиш аппарати ўртача баландликда учади, ҳавода анча узоқ вақт бўла олади ва асосан разведка мақсадларида ҳамда зарба беришда фойдаланишга мўлжалланган.

Тўртта ракета ва сифатли видеотехника қурилмалари билан жиҳозланган учқич 5.5-8 километргача баландликка кўтарилиб, 24-27 соатгача парвоз қилади. Зарурат туғилганида 8 чақиримгача олисликдаги нишонга зарба бериши мумкин. Аппаратнинг узунлиги 6.5 метрни, эни эса, қанотлари билан бирга 12 метрни ташкил этади, у 55 дан 155 килограммгача юк кўтариш қобилиятига эга. Дронлар Туркиянинг “Турксат” сунъий йўлдош тизими орқали бошқарилади. Анқара учқичнинг баҳосини сир тутмоқда, интернетдаги айрим манбаларга кўра, битта шунақа дрон тахминан 5 млн доллар туради.

“Байкар” ширкатига 1984 йилда машинасозлик муҳандиси Ўздемир Байрактар асос солган. Дарвоқе, у октябрь ойи ўрталарида вафот этди. Дронларга у ўз номини берган бўлиши мумкин, бу сўз ўзбекчада “Байроқдор” деган маънони беради.

Яқинда ширкат “Акинжи-Байрактар” дронини муваффақиятли синовдан ўтказди. 12 минг метргача баландликка кўтарила оладиган ушбу аппарат август ойидан эътиборан Туркия қуролли кучларига етказиб берилмоқда.

“Байкар”нинг бош технологик раҳбари, Ўздемир Байрактарнинг ўғли Селчук Байрактар сентябрь ойида CNN Türk каналига берган интервьюсида учувчисиз учувчи аппаратлар муттасил янгиланишини ва улар ҳарбий амалиёт табиатини ўзгартираётганини айтган эди:

“Дейлик, ўнга яқин танк чегарага келяпти. Бешта дрон уларни 20 дақиқада йўқ қилиши мумкин. Бунақа замонавий қурол билан биз оғир ҳарбий техникаларни зарарсизлантира оламиз. Ҳозир инглизлар “энди танклардан фойда борми, йўқми?” деб ўйланиб қолишган.”

Бутун дунёга машҳур ширкатни ўз қариндошлари билан бирга идора қилувчи Селчук Байрактар Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғоннинг куёви бўлади. У Эрдўғоннинг кенжа қизи Сумайяга уйланган.

Қайси давлатлар “Байрактар”дан фойдаланади?

Турк қуролли кучлари, жандармерияси, махсус қўшинлари ва ҳарбий флоти “Байрактар”дан 2014 йилдан бери фойдаланади. Аммо Туркиянинг Сурия ва Ливиядаги ҳарбий ҳужумлари, шунингдек, Тоғли Қорабоғдаги олти ҳафта давом этган уруш дронларга чинакам шуҳрат келтирди.

2020 йил февралида, “Баҳорги қалқон” амалиёти чоғида турк армияси “Байрактар” ёрдамида Сурия қуролли кучлари ва жангариларнинг бир нечта позициясини йўқ қилди.

Улар, шунингдек, Триполида Ливия миллий ҳукуматига қарши урушаётган генерал Халиф Ҳафтар кучларига қарши қўлланилган. “Forbеs” ёзишича, Ливиядаги мазкур амалиёт чоғида “Байрактар” Россиянинг “Панцирь С-1” зенит-ракета мажмуасини яксон қилган.

Бундан ташқари, “Байрактар” 2020 йил кузда Тоғли Қорабоғда бўлган урушда Озарбайжоннинг ғалабасини таъминлаган асосий қуроллардан бири сифатида кўрилади.

Тоғли Қорабоғдаги амалиётдан сўнг Туркия жаҳонда ушбу учувчисиз учоқларга қизиқиш ортганини маълум қилди. Буни август ойида “Байрактар-Акинжи” дронларининг илк намуналарини армияга топшираётган маҳал давлат раҳбари Эрдўғон ҳам қайд этди ва турк дронлари фақат ҳамкор мамлакатларга етказиб берилишини қўшимча қилди:

““Байрактар ТБ2” Украинага, Қатарга, Озарбайжонга жўнатилди. Ҳозирда янги битимлар имзоланмоқда. Ўндан ортиқ мамлакат, жумладан, Польша билан шартномалар имзоланган. Бизнинг миллий учувчисиз учар аппаратларимизни сотиб олиш учун навбатда турган давлатлар кўп. Аммо бу пул босадиган дастгоҳи бор ҳар қандай давлатга берса бўладиган қурол эмас. Биз ўз миллий технологияларимиз бизга иттифоқчи мамлакатларнинг хавфсизлигига кўмаклашишига алоҳида урғу берамиз ва стратегик устувор мақсадларимиздан келиб чиққан ҳолда қарор қабул қиламиз.”

“Байкар” ширкати 27 октябрь куни жанговар дронларни етказиб бериш бўйича яна бир мамлакат билан шартнома имзолади. Аммо ширкат янги харидорнинг номини очиқлагани йўқ. “Шу билан “Байрактар ТБ2” экспорт қилинадиган давлатлар сони 13 тага етди”, дея урғуланди расмий хабарномада.

Ширкат сайтидаги маълумотга кўра, Туркия, Қатар, Украина ва Озарбайжон ҳудудларидаги улар ишлаб чиқарган дронларнинг жами сони 160 тага етади. Ҳарбий масалаларга ихтисослашган порталларда “Байрактар” ва бошқа турдаги дронларни харид қилиш бўйича Марокаш, Ангола, Албания, Латвия ҳамда Венгрия каби мамлакатлар Туркия билан шартнома имзолагани тахмин қилинмоқда.

Қирғизистоннинг келгусидаги режаларини ҳисобга олмаганда, Марказий Осиёда “Байрактар” фақат Туркманистонда мавжуд. Мамлакат мустақиллигининг 30 йиллигига бағишланган парадда туркман ҳарбийлари шунақа дронлардан иккитасини кўрсатишганди. “Байкар” ширкати эса “Twitter”да дронларнинг параддан олинган фотосуратларини ўз саҳифасида бўлишиб, Туркманистонни Мустақиллик куни билан билан табриклаган.

XS
SM
MD
LG