Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 23:23

"Пиёз иши": “Ўрикзор”даги қатор дўконларни солиқчилар босди


 Ўрикзор бозори.
Ўрикзор бозори.

Тошкентдаги энг йирик улгуржи бозорларидан бири - “Ўрикзор”да солиқ ходимлари текширув бошлади. Тадбиркорларга кўра, бир неча дўкон муҳрланиб, айрим савдогарларнинг товарлари мусодара қилинган. Бозор маъмурияти текширувлар пиёз можароси боис ҳибсга олинган бозорқўмлар иши доирасида бўлаётганини билдирди.

17 йилдан буён “Ўрикзор” бозорида савдогарлик қиладиган, ўзи ва бизнеси хавфсизлигини ўйлаб исми айтилмаслигини сўраган тадбиркор йигит бозорни солиқчилар босганини Озодликка айтаркан, бундай деди:

“5 кундан бери “Ўрикзор”да солиқчи акалар текшираяпти. Ҳужжатлар жойида бўлса ҳам дўконларни печатлаб, молларимизни олиб чиқиб кетмоқда. 5 кундан бери ҳамма дўконини очишга қўрқиб ўтирибди. Чунки ким дўконини очса, барибир айб топишмоқда. Улар кетишини кечгача кутиб, кетганларидан кейингина дўконларни очаяпмиз. Чунки биз дўкон учун кунига 100 минг сўмдан аренда пули тўлаймиз. Ҳеч бўлмаса, аренда пулини топишимиз керакку. Тадбиркорни талашдан бошқа иши йўқми, буларни? Солиқ пули тўласак, бозорга аренда пули тўласак, 2 кишини иш билан таъминласак, яна нимани текширади бу солиқчилар?”

"Ўрикзор" бозоридаги муҳрланган дўконлар. Сурат 12 ноябрь куни олинди.
"Ўрикзор" бозоридаги муҳрланган дўконлар. Сурат 12 ноябрь куни олинди.

Ўзини таништирмаган бошқа бир тадбиркорнинг айтишича, бозорнинг озиқ-овқат бўлимида ҳам анчагина маҳсулот мусодара қилинган:

“Ўрикзор”нинг озиқ-овқатлар бўлимида давлат солиқ инспекцияси ходимлари томонидан текширув ўтказилиб, бир неча юк машинасида маҳсулотлар тадбиркорлардан тортиб олинган”.

Яна бир тадбиркорга кўра, бозор омборхоналари ҳам текширилган:

“Ҳаммани қақшатаяпти. Айниқса, контейнерда ишлайдиганларни ёмон қилишаяпти. Яқиндагина Даврон исмли йигитнинг памперсларини олиб кетишди”.

“Ўрикзор” бозори маъмуриятидан олинган маълумотга кўра, бозорда текширув ўтказаётган солиқчилар Республика солиқ қўмитаси ходимлари бўлиб, улар қарийб бир ойдан бери бозорнинг молиявий аҳволини тафтиш қилмоқда.

“Бу текширувлар бошланганига бир ойча бўлди. Олдинги раҳбаримиз пиёз можораси билан боғлиқ иш бўйича ушланганди. Солиқчилар шу иш бўйича очилган жиноят иши доирасида текшираяпти. Текширув қонуний равишда ўтказилаяпти. Бозор ўз ишни давом эттираяпти. Тадбиркор фаолиятига тўсқинлик қилиш ҳолатлари бўлмади”, деди “Ўрикзор” бозори мулозимларидан бири.

Озодлик “Ўрикзор” бозорида текширув ўтказаётган солиқчилар гуруҳи билан боғланишга ҳаракат қилди, бироқ имкони бўлмади.

Пиёз можароси

Бозор мулозими тилга олган пиёз можаросини Озодлик аввал бир неча бор ёритган.

Озодлик Тошкентда 11 бозорқўм икки ойдан бери ҳибсда сақланаётгани ҳақида 23 августда хабар қилган эди.

Бош прокуратура мулозимига кўра, бозорлар раҳбарлари, жумладан, “Ўрикзор” бозори раҳбари давлат заҳирасидаги пиёзнинг чириб кетгани учун очилган жиноят иш доирасида қўлга олинган.

Дастлаб пиёз можароси сабаб очилган жиноят иши кейинчалик қўлга олинган бозорлар раҳбарларининг фаолиятини тафтиши билан давом эттирилган.

Бош прокуратура матбуот хизмати сентябрь ойи бошида пойтахтдаги ҳибсга олинган бозор раҳбарлари пиёз можаросидан ташқари яна бир қатор иқтисодий жиноятларда айбланаётганини маълум қилди.

Ушбу жиноят иши доирасида сентябрь ойида Тошкентдаги собиқ “Ипподром”¸ ҳозирги “Чилонзор буюм савдо комплекси”да ҳам текширув ўтказилиб, бозор фаолияти тафтиш қилинган эди.

Шу кунларда “Ўрикзор”дан ташқари Тошкентнинг Изза мавзесидаги металл билан савдо қилувчилар бозорини ҳам солиқчилар босгани айтилмоқда.

XS
SM
MD
LG