Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 07:24

“Андижон амири”. Ҳокимнинг келишига савдогарларнинг бир қисми бозордан қувилди


Бозордаги ёймачиларнинг аксарияти кўп болали аёллар экани айтилади.
Бозордаги ёймачиларнинг аксарияти кўп болали аёллар экани айтилади.

Андижон вилоятининг Асака туманида вилоят ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов келишига деҳқон бозори олдидан ёймачи савдогарлар қувиб солинган.

Гувоҳларга кўра, қаршилик қилганларни ички ишлар ходимлари машинага босиб олиб кетган.

Нон сотувчи аёлнинг Озодликка айтишича, бозор ёнида қурилган “Глобус” кўнгилочар савдо маркази очилишига 4 май куни “вилоят ҳокими келади”, деган важ билан бозор маъмурияти бир кун олдин ҳамма савдогарларни бозор ҳудудини тарк этиши лозимлиги ҳақида огоҳлантирган.

“Кечадан бери бозорни йўлларини тўсишиб, бозорчиларни ҳаммасини милиция, ППС (Йўл-патрул хизматиғ таҳр.) билан юришиб, ҳайдади. Айримларини машинага босиб олиб кетди. Уч кун савдо бўлмайди, шахсан вилоят ҳокими келади, дейишиб ҳамма ёқни тозалашди. Ҳоким келса, ҳалиги беш қаватли “Глобус" маркази катта бўлиб кўриниб туриши керак экан”, - дейди исми очиқланишини истамаган нон сотувчи аёл.

Озодлик суҳбатлашган бошқа бир савдогар бозор маъмуриятининг кўзбўямачилиги ҳам тадбиркорлар, ҳам давлат зарарига бўлаётганини айтади.

“Мана бугун савдогарларни чиқартиришмади. Буларга барибир, тирикчилик қилаётган аёлларни кўкати қуриб, қулупнайи чириб кетмайдими, ҳокимни келиши муҳим. Лекин бозор ҳам, давлат ҳам тушумдан қуруқ қоляпти. Кунига 20 минг сўм патта пули тўлаймиз. Араваларда юриб савдо қиладиганлар бор. Катта араваларда олма савдо қиладиганлар ҳаммасини йиғиштирворди. Улар ҳам кунига 20 минг сўм патта тўлайди. Бола-чақани боқаман, деб юрган ёлғиз аёллар кўпчилиги. Нон, кўкат, бодринг, мева сотади, Ҳисобланг, 20 минг сўмдан патта 200та одамдан, неча пул олади? Аравалар бор камида 100та, улар ҳам 20 мингдан пул беради. Битта ҳокимни келиши деб бозор ҳам фойдадан қоляпти, савдогарлар ҳам”, - дейди ўзини кўкат сотувчи деб таништирган аёллардан бири.

Ҳоким келишига Асака деҳқон бозоридан ёймачилар қувилди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:00:25 0:00

“Тартиб бўлиши керак”

Асака тумани деҳқон бозори бошлиғи Шуҳрат Шокиржонов Озодлик билан суҳбатда воқеани шарҳлар экан, “ноқонуний савдо-сотиқ фаолияти билан шуғулланадиган ёймачи савдогарлар"нинг бозор олдидан ҳайдалганини тасдиқлади.

Лекин бозорчиларга куч қўлланилгани, айримлари милиция бўлимига олиб кетилгани ҳақидаги иддаоларни рад қилди.

“Глобус" очилди. Ҳоким келди. Булар бозорни олдида туришарди-да, ёймачилар булар, келсангиз кўрасиз, ахлатхона қилиб ташлаган. Чиройли қилиб тушунтирдик уларга, “мана прилавка, сот, деяпмиз”. Булар одам кўп тўпланадиган бозорни олдига тўпланаверишади. Тартиб бўлиши керак-да. Прилавкада тураман, деганини чиройли қилиб жойладик. Прилавкада турмаймиз, деганларга бозорни орқа томонига ўтинглар, десак кўнишмади. Милиция олиб кетган, дегани ғирт ёлғон. Чиройли қилиб тушунтирилди. Янги савдо марказ қурилиб, зўр бўлиб қолди, кўрган одам “қурдирганни отасига раҳмат” деяпти. Гуллар экилган “бўлар экану деяпти” ҳамма”, - дейди бозор раҳбари.

Асака деҳқон бозори Андижон вилоятидаги энг катта бозорлардан. Бозори ичкариси ва ташқарисида нон ва бошқа уйда тайëрланадиган пишириқ ҳамда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари сотиш орқали юзлаб ишсиз аëл тирикчилик қилади.

Бозорда гўшт сотадиган Ҳаётулланинг айтишича, бозордаги ёймачиларнинг аксарияти кўп болали аёллардир.

- Прилавкада туриб нон ёки кўкат сотиш ўзини оқламайди. Гўшт сотса бўлади прилавкада, лекин нон, кўкат сотиб катта фойда кўриб бўлмайди. Нон, кўкат азалдан ёйма қилиб сотилган, - дейди Ҳаётулла.

Андижон Амири

Икки ҳукумат даврида ҳам ҳокимлик курсисини сақлаб қолаётган Андижон вилояти раҳбари Шуҳрат Абдураҳмоновнинг бошқарув услуби маҳаллий журналист ва блогерларнинг танқидларга сабаб бўлиб келади.

Марҳамат туманидаги мактабда ўтказилган узрхоҳлик маросими, вилоятдаги мактаб ўқувчиларига ҳокимни улуғловчи “Билинг, сиз Андижонсиз! Андижон эса – Сизсиз!” мазмунидаги шеърларнинг ёдлатилиши ва аҳолини ҳар куни “Андижон полкаси”га рақсга тушиш ҳақидаги буйруғи ортидан Абдураҳмонов “Шуҳрат арқадағ”, “Андижон Амири” сингари лақабларни олган.

Жорий йил бошида вилоятдаги шифохоналардан бирига ташриф буюрган Абдураҳмоновни ҳамширалар унга аталган шеър билан кутиб олганди.

Андижонлик шифокор ва блогер Отабек Аҳлиддинов фикрича, ҳоким Шуҳрат Абдураҳмоновнинг мақсади лавозимида узоқ қолиш.

“Гўёки Андижоннинг амириман, деб кўрсатишга ҳаракат қиляпти. У мендан бошқа одам Андижонни ушлаб туролмайди, деган маънода ўзига бино қўйяпти. Керак бўлса, Андижонни ўйнатвораман, деган мужда беряпти президентга. Ўзини манмансираб шу даража қиляптики, президент Андижонга бундан бошқа одамни лойиқ топмасин”, - дейди Аҳлиддинов.

OzodNazar: “Андижон полкаси” вилоятдаги вазият ташҳисими?
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:32:44 0:00

Ўзбекистон Олий Мажлиси депутати Расул Кушербаев эса Андижон ҳокимини фуқароларга нисбатан феодал бошқарув усулини қўллашда айблаган.

Кушербаев, шунингдек, Абдураҳмоновни Андижоннинг “ҳокими мутлақ”и деб атаган, ўтмишда ўзи мансуб бўлган коммунистик тузум бошқарувидан узоққа кета олмагани учун танқид қилганди.

Бундан олдин Андижон вилояти ҳокимига тегишли экани айтилган бир қанча аудиоёзувлар ижтимоий тармоқларнинг ўзбек сегментида қизғин муҳокамаларга сабаб бўлган.

Андижон вилояти ҳокимининг матбуот хизмати маҳаллий журналистлар ва блогерларнинг Абдураҳмонов бошқарув услуби билан боғлиқ танқидларни рад этиб келади.

Шуҳрат Абдураҳмонов 2013 йилдан буён Андижон вилоят ҳокими ва Сенат аъзосидир.

XS
SM
MD
LG