Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 18:45

Жиззахлик она чақалоғи врачларнинг мастлиги туфайли ўлганини иддао қилди


Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Зафаробод туманида яшовчи 37 яшар аёл 12 ноябрь куни туққан ўғли бир врачнинг мастлиги, яна бир врачнинг нопрофессионал ҳаракатлари оқибатида ўлиб қолганини иддао қилди.

Зафаробод туман марказий касалхонаси бош врачи Озодликка касалхона туғруқ бўлими мудири ишдан четлатилганини билдирди.

Туман прокуратураси воқеани ўрганмоқда.

Икки қизнинг онаси Гулчеҳра Хонкелдиева 12 ноябрь куни туғилган ўғлини 12 йил кутганини айтади.

Гулчеҳра Хонкелдиева билан суҳбат
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:13:05 0:00
Бевосита линк

Онанинг шикоятидаги асосий нуқталар булардир:

“12 ноябрга ўтар тунда тўлғоқ бошлангач, соат 6.00 да эрим мени касалхонага етказиб борди”;

“қабул қилиб олган врач “чақалоқ кундуз соат 2 – 3 ларда туғилади” деди”;

“cоат 14 гача тўлғоқ бир маромда келиб, яхши юрдим”;

“туғруқ бўлими бошлиғи тушликка кетиб, маст қайтиб келди”;

“шунинг учун шу касалхонада ишловчи қариндошимдан бошқа врачни чақиришни илтимос қилдим;

“чақирилган гинеколог кўргач, тўлғоқдан фарқли, бошқача оғриқ пайдо бўлди”;

“врач ҳадеб чуқилаб кўравергач, бола қочиб кетди”;

“мен додлаб ётибман, икки врач - бири маст бўлим бошлиғи - ўзаро урушиб кетди”;

“касалхона бош врачи келди, “вилоятга олиб борайлик”, деди, иккита Тез ёрдам тайёрлигини айтди”;

“мени чуқилаган врач “ўзимиз туғдирамиз”, деди, оғриқ пасаявермагач, оғриқ бостирадиган укол қилишди”;

“кечга яқин реаниматорларни чақиришди, улар менга тинчлантирувчи укол қилишди, ухлаб қолдим, лекин узоқ ухламабман”;

“уйғондим ва туғдим, ўзи туғилаётган болани икки кишилашиб калласидан тортишди, “бола туғилган пайтда юраги ураётган эди”, деб акушер айтди”;

“киндиги бўйнига ўралиб, бўғилиб қолган бола”, дейишди”;

“бола туғилиши биланоқ кўкрагимга ётқизишди, боланинг ранги оппоқ эди”;

“бола орадан 1,5 соатча ўтгач ўлган” дейишди, боламнинг ўлганини мен эртасига, 13 ноябрда эшитдим”;

“бўлим бошлиғи маст ҳолда ўзим туғдираман, деб жанжал қилди, навбатчи врач умуман аралашмади, учинчи врач эса, чуқилайвериб, аҳволимни оғирлаштириб ташлади, хуллас, боламнинг ўлимида учала врач ҳам айбдор”;

Гулчеҳра Хонкелдиеванинг шикоятидаги асосий нуқталарни келтирдик. Унинг айтишича, 12 ноябрь, кечга яқин, соат 5 ларда туғилган ўғлининг вазни 4 килою 350 грамм бўлган.

Гулчеҳранинг айтишича, у ўлган чақалоғидан олдин ҳам ўғил туққан. Лекин унинг иддао қилишича, қизларидан кейинги ўша ўғли ҳам врачларнинг айби билан ноқислик билан туғилган ва 7,5 ёшида вафот этган.

Зафаробод туман марказий касалхонаси бош врачи Сафар Тойжоновнинг 20 ноябрь куни Озодликка айтишича, туғруқ бўлими мудири Алмамат Нуров беморга эътиборсизлик қилгани, бола ўлими ҳолати юз бергани учун вазифасидан четлатилган – ишдан бўшатилган.

Унинг айтишича, “Нуровда ўша куни ичганини билдирувчи аломатлар бор эди, лекин маст бўлганини тасдиқловчи наркологнинг хулосаcи йўқ”.

Бош врач ўша куни масалани ҳал қилишга урингани, ҳатто иккита “Тез ёрдам” машинасини тайёр қилиб қўйгани, лекин гинеколог бўлмагани учун, мутахассисларнинг фикрига қулоқ солишга мажбур бўлганини айтди.

Бош врачнинг айтишича, “бола киндиги бўйнига ўралиб қолиши оқибатида асфиксиядан ўлгани тўғрисида тиббий хулоса мавжуд”.

Бола врачларнинг нопрофессионал ҳаракатлари оқибатида ўлдими ёки ўлимнинг олдини олишнинг имкони йўқмиди? Бу саволга Зафаробод туман марказий касалхонаси бош врачи Сафар Тойжонов “гинеколог бўлмаганим учун бу саволга жавоб беролмайман”, деб жавоб берди.

Зафаробод туман марказий касалхонаси туғруқ бўлимининг ишдан четлатилган мудири Алмамат Нуров билан боғланишнинг имкони бўлмади.

Гулчеҳра Хонкелдиеванинг айтишича, у 19 ноябрь куни туман прокуратурасига ўғлининг ўлими юзасидан ариза билан мурожаат қилди.

Зафаробод туман марказий касалхонаси бош врачи Сафар Тойжоновнинг айтишича, прокуратура суриштирув ишларини бошлаб юборган.

Ўзбекистонда гўдаклар ўлими кўрсаткичи юқорилигича қолаётгани — беш ёшгача бўлган болалар ўлимининг 57 фоизи ҳаётининг илк 27 кунида содир бўлаётгани тўғрисида ЮНИСЕФ маълумотларига таяниб, яқинда маҳаллий нашрлар хабар қилган эди.

XS
SM
MD
LG