Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 17:44

Қудратли МХХчининг акаси Америкадаги элчилик лавозимини тарк этди


Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчиси Бахтиёр Ғуломов элчилик лавозимидан кетгани маълум бўлди. Озодлик Ғуломовнинг элчилик лавозими билан хайрлашиб, ўтган ҳафтада Тошкентга қайтиб келганини бир қанча манбалар орқали тасдиқлади. Унинг Ўзбекистонга қайтишига “миссияси тугаган”, деган расмий сабаб келтирилмоқда.

Бахтиёр Ғуломовнинг элчи лавозимини тарк этганини Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ҳам, Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчихонаси ҳам на расман тасдиқлади, на инкор этди.

Аввалроқ, ҳукуматга яқин кўриладиган Тошкентда нашр этилувчи Uzmetronom.com сайти ўз манбаларига таяниб, Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчиси Ғуломов Тошкентга чақиртирилиб, вазифасидан олингани ҳақида хабар берган эди.

53 ёшли Бахтиёр Ғуломов Ўзбекистондаги қудратли Миллий хавфсизлик хизмати раисининг биринчи ўринбосари бўлиб ишлаб келган генерал-лейтенант Шуҳрат Ғуломовнинг акасидир.

Шу йилнинг февралида Шуҳрат Ғуломов эгаллаб турган лавозимидан пасайтирилиб, МХХ бошқарувига келгунга қадар ишлаган ҳудуди - Сурхондарё вилояти бошқармасига юборилгани ҳақида Озодлик маълум қилган эди.

Озодликнинг бир-биридан мустақил ишончли манбалари таъкидича¸ Шуҳрат Ғуломов Ислом Каримов ўлимидан кейин исталмаган мулозимга айланган.

Шуҳрат Ғуломов 2016 йилнинг 2 сентябри - президент Ислом Каримов ўлими расман эълон қилинганидан кейин айрим оила аъзоларини АҚШга доимий истиқоматга жўнатгани ҳақда Озодлик хабар берган эди.

Лекин, Шуҳрат Ғуломовнинг кейинги тақдири Озодликка маълум эмас.

Uzmetronom.com сайтида босилган мақолада Бахтиёр Ғуломовнинг элчилик лавозимидан олиниши укасининг тақдири билан боғлиқ бўлиши мумкинлигига ишоралар бор.

Лекин, Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигидаги Озодлик манбалари Бахтиёр Ғуломов миссияси тугагани, уч йилдан ортиқ ўтирган барча элчилар чақиртириб олинаётганини айтишди.

2012 йилдан бери Ўзбекистоннинг Франциядаги элчиси лавозимида ишлаб келган Равшан Усмонов ҳам элчилик лавозими билан хайрлашгани ва Тошкентга чақиртириб олингани борасида Озодлик хабар берган эди.

Бахтиёр Ғуломов 2013 йилдан бери Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчиси лавозимида ишлаб келаётган эди.

У айни пайтни ўзида ўриндошлик асосида Ўзбекистоннинг Канада ва Бразилиядаги элчиси ҳам эди.

АҚШга элчиликка тайинланишидан олдин Ғуломов Белгия Қироллигида Ўзбекистон элчиси бўлиб ишлаган ҳамда мамлакатнинг Европа Иттифоқи ва НАТОдаги миссиясини бошқарган, 2005-2009 йилларда Ўзбекистоннинг Германиядаги элчиси лавозимида ишлаган (2007 йилда қўшимчасига Швейцарияда элчи ва 2008 йилдан бошлаб Швеция ва Берлинда элчи).

Ғуломов ташқи ишлар вазирлиги тизимида 1992 йилдан бери ишлаб келган.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигидаги Озодлик манбасига кўра, ўтган ҳафтада Тошкентга қайтиб келган Бахтиёр Ғуломовга вазирликда ҳозирча ҳеч қандай лавозим таклиф этилмаган.

Озодлик ака-ука Ғуломовларга оид воқеаларни кузатишда давом этади.

XS
SM
MD
LG