Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 08:40

Асака бозорини "замонавийлаштириш"га на ҳокимликда¸ на тадбиркорда пул бор


Андижон вилоятининг Асака тумани ҳокимиятининг деҳқон бозорини реконструкция учун ёпиш ва савдони қўшни деҳқон бозорига кўчириш қарори норозиликка сабаб бўлмоқда. Маҳаллий тадбиркорларнинг Озодликка айтишича, бозор кўчирилганидан бир ойдан ошиқроқ вақт ўтган эса-да деҳқон бозорида қайта қуриш ишлари бошланмаган, кўчирилган тадбиркорларга ваъда қилинган ер ҳам берилмаган.

Ўтган ой бошида Асака ҳокимлиги савдогарларга деҳқон бозорини сентябрь ойига қадар реконструкция қилиб беришни ваъда этиб, уларни туман чеккасидаги “Тасанно” савдо мажмуасига кўчишга кўндирган эди.

Ўшанда бозорда савдо қилиб келган 230та дўкон эгасига ҳокимият туманнинг бошқа қисмидан ер ажратиб беришни ҳам ваъда қилган эди.

Орадан бир ойдан ошиқроқ вақт ўтган эса-да деҳқон бозорида қайта қуриш ишлари бошланмаган, кўчирилган тадбиркорларга ер ҳам берилмаган.

Асака тумани ҳокимлигида капитал қурилиш ва ободонлаштириш ишларига масъул мулозимнинг Озодликка айтишича, туман ҳокимлиги бозорни реконструкция қилиш учун бюджетда пул йўқлиги сабаб бу ишни туманда "Бахтиёрбой" деб ном чиқарган “Муҳаммад Диёр” ширкати ва унинг эгаси Бахтиёр Каримов исмли тадбиркорга ишониб топширган.

Мулозим иддаосича¸ муаммоли вазият "Бахтиёрбой"нинг зиммасига олган ишни бажармаëтгани оқибатида юзага чиққан:

- Мен ўзим реконструкцияни бўйнимга оламан, деб чиққани учун ҳоким бозор реконструкциясини шу одамга ишониб топширган эди. Ҳозир энди пулим йўқ, у нарсамни сотишим керак, буни қилишим керак, деб ишни пайсалга солиб, чўзиб юрибди. Шунинг учун реконструкция чўзилаяпти, - деди ҳокимлик мулозими.

“Муҳаммад Диёр” ширкатига яқин Озодлик манбалари эса туман ҳокими Тоҳир Шоввозов бозор реконструкциясини Бахтиёр Каримовга мажбуран юклаганини айтишди.

Озодлик бу хусусда Бахтиёр Каримовнинг ўзидан изоҳ ола олмади. Тадбиркорнинг ёрдамчиси Каримов банд эканини айтиб, телефон гўшагини қўйиб-қўйди.

Озодлик суҳбатлашган асакаликларга кўра¸ деҳқон бозорининг реконструкцияси чўзилаётгани сабаб маҳаллий тадбиркорлар ва харидорлар сарсон бўлмоқда:

- Бозорни қайта реконструкция қиламиз, деб бизни отхонага кўчириб қўйди. Сентябрь ойигача кўчиб турасизлар, деганига рози бўлган эдик. Ҳозир қарасак¸ деҳқон бозорида умуман иш бошланмаган. Энди декабрь ойигача кутасизлар¸ деяпти. Шунга ҳозир ҳар куни ҳокимият билан жанжал. Реконструкцияга пул бўлмаса¸ бизни у ерга қайтар, ўзимиз қиламиз, деяпмиз. Буларнинг пули йўқ, реконструкция ҳам қилмайди, эски бозорга қайтишимизга ҳам кўнмайди, - дейди шахси очиқланмаслиги сўраган асакалик савдогарлардан бири.

Асака деҳқон бозорининг кўчирилишидан норози савдогарларнинг жанжал кўтараётгани акс этган видеолар.

Uzbekistan - Asaka bazaar
Илтимос кутинг
Киритиш (Embed)

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:01:02 0:00

Uzbekistan - Asaka bazaar
Илтимос кутинг
Киритиш (Embed)

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:00:19 0:00

Ўзбекистоннинг бошқа вилоят ва туман марказларида бозорларнинг бузилиши тадбиркорларнинг кескин норозилиги манзарасида кечмоқда.

Ўтган ой Жиззах ва Самарқандда йиллардан бери ишлаб келган савдогарлардан бир гуруҳи бозорларнинг янги жойга кўчирилиши туфайли иш жойисиз қолганидан Озодликка шикоят қилган эди.

Ўзбекистонда бозорлар мамлакат президентининг деҳқон бозорларини реконструкция қилиш ва улар ўрнида замонавий савдо мажмуалари қуриш ҳақидаги 25 март кунги қарори доирасида амалга оширилмоқда.

Мазкур қарор муносабати билан вилоятлар марказларида бундан беш-олти йил аввал қурилган буюм бозорларидан ўн миллионлаб сўмга дўкон сотиб олган тадбиркорлар ҳали фойдага кириб улгурмасдан бошқа жойга кўчирилган бозордан дўкон сотиб олишга мажбур бўлгани Озодликда аввал ҳам кўп марта ёритилган.

XS
SM
MD
LG