Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 17:22

Ўзбекча реконструкция - ҳокимлар тадбиркорни ўз дўконини ўзи бузишга мажбурламоқда


Ўзбекистон бўйлаб бозорларни бузиб¸ ўрнига замонавий супермаркетлар қуриш жараëни бормоқда.
Ўзбекистон бўйлаб бозорларни бузиб¸ ўрнига замонавий супермаркетлар қуриш жараëни бормоқда.

Президент Мирзиëевнинг деҳқон бозорларини реконструкция қилиш ва улар ўрнида замонавий савдо мажмуалари қуриш ҳақидаги 25 март кунги қарори ижросига қаттиқ киришган айрим маҳаллий ҳокимиятлар дўкони бузиладиган савдогарларни товон пули берилмаслиги, дўконларини ҳам ўз ҳисобларидан бузишлари​дан огоҳлантирмоқда.

Душанба куни Жиззах вилоятининг Ғаллаорол тумани марказидаги бозорда савдо қилувчи тадбиркор ва дўкон эгалари “беш кун ичида дўконларини ўз ҳисобларидан бузишлари" ҳақида огоҳлантириш хати олишди.

“Сиз томондан ушбу хусусий бинони 5 кун муддат ичида ўз кучингиз ва маблағингиз билан бузиб олишингиз талаб этилади”, - дейилган туман ҳокими муовини номидан ёзилган огоҳлантирув хатида.

Душанба куни Жиззах вилоятининг Ғаллаорол тумани марказидаги бозорда савдо қилувчи тадбикор ва дўкон эгалари “беш кун ичида дўконларини ўз ҳисобларидан бузишлари" ҳақида огоҳлантириш хатларини олишди.
Душанба куни Жиззах вилоятининг Ғаллаорол тумани марказидаги бозорда савдо қилувчи тадбикор ва дўкон эгалари “беш кун ичида дўконларини ўз ҳисобларидан бузишлари" ҳақида огоҳлантириш хатларини олишди.

Ғаллаорол ҳокимиятининг Озодлик суҳбатлашган мулозимига кўра, туман марказидаги бозор ўрнида замонавий архитектура талабларига жавоб берадиган супермаркет қурилиши сабаб у ердаги дўконларни бузиш бошланган.

"Бозорда 110 та дўкон бор. Уларнинг ҳаммаси бузилади ва бозор ўрнида 150 та расталик супермаркет қурилади. Дўкони бузилганларга шу расталарни ижарага берамиз", - деди ҳокимият мулозими.

Ғаллаорол бозоридаги дўкон эгаларидан бири Озодлик билан суҳбатда маҳаллий ҳокимият бундай қарор билан тадбиркорларнинг мулкчилик ҳақларини топтаëтганини айтади:

- Бу дўкон менинг мулким бўлса, кадастрда менинг номимда бўлса ҳам ҳокимият товон бермас экан. Бунинг устига¸ ўзимизнинг ҳисобимиздан буздираяпти. Беш кун ичида бузасан, бузмасанг ўзимиз бузамиз, бузиш харажатини бўйнингга илиб қўямиз¸деяпти. Шунча пул сарфлаб дўкон қурсак, харидорларни шу ерга ўргатсак, ҳокимият келиб бир кунда "бузасан!" деса. Унда мамлакатда тадбиркорлик ривожланмайдику,- деди исми очиқланмаслигини сўраган ғаллаороллик тадбиркор.

Маҳаллий ҳокимиятга яқин мулозимнинг Озодликка билдиришича¸ бозорни бузиш учун Ғаллаорол ҳокимлиги ҳисобида маблағ йўқлиги боис¸ бузиш харажатлари жабрланувчи-тадбиркор бўйнига илинмоқда.

Тадбиркорлар норозилигини пасайтириш учун ҳокимият янги қурилган супермаркет расталарини¸ биринчи навбатда¸ дўкони бузилган савдогарларга беришни ваъда қилмоқда.

Ҳозирча янги супермаркет қурилгунга қадар бозорнинг қаерга кўчирилиши, ғаллаоролликлар бозор-ўчар учун қаерга боришлари маълум эмас.

"Ҳозир буни ҳоким билан, бозордаги дўкон эгалари билан маслаҳатлашаяпмиз. Дўкон эгалари бозорга яқинроқ жойдан сўрашаяпти, лекин бунинг иложи йўқ. Супермаркетни¸ Худо хоҳласа¸ мана шу мустақиллик кунига топширамиз. Шунгача уларга бирон жойдан вақтинчалик жой қилиб берамиз, - деди Ғаллаорол ҳокимлиги мулозими.

Ўзбекистоннинг бошқа вилоятларида ҳам шаҳар ва туман ҳокимликлари мавжуд бозорларни бузиб¸ улар ўрнида¸ президент қарорида айтилган¸ замонавий супер ва гипермааркетлар қуришга ҳозирликни бошлаб юборди.

Душанба куни Сирдарёнинг Оқ олтин, Самарқанднинг Пайариқ, Қашқадарёнинг Муборак, Хоразмнинг Хонқа тумани бозорларида ҳам савдогарлар ва дўкон эгалари ҳокимиятлардан дўконлари бузилиши ҳақида огоҳлантирув хатлари олишган.

Шундай хат олган сирдарёлик тадбиркорлардан бири, маҳаллий ҳокимият расмийларини бу жараëндан расталарни қайта сотиш ва ўз ҳамëнини тўлдириш мақсадида фойдаланëтганини айтади:

- Ҳокимият бозордаги xусусий дўконларни бузиб, ўрнида ўз расталарини қурaяпти. Кейин шу расталарни савдогарларга ижарага бериш буларниng режаси. Қурилажак янги бозордаги энг кичик дўконнинг ойлик ижараси 2 миллион сўм бўлади, дейишяпти. Бизга умуман фойда қолдирмаяпти ҳокимият, - деди сирдарёлик савдогар.

Оқ олтин туман ҳокимлиги расмийлари эса¸ янги бозордаги савдо расталари ва дўконлар учун ижара тарифларини улар эмас, балки ҳукумат белгилаганини айтмоқда.

25 март куни Ўзбекистон президенти 2017-­2019 йилларда деҳқон бозорларини реконструкция қилиш ва уларнинг ҳудудида замонавий савдо мажмуалари қуриш тўғрисидаги қарорни имзолади.

Айни қарорга мувофиқ келаси икки йил ичида Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги барча мавжуд деҳқон бозорлари тўлиқ хатловдан ўтказилиб, хатлов натижаларига кўра реконструкция қилинади.

Қарорда реконструция ишларининг Ўзбекистон миллий банки кредитлари, шаҳарларда эса тадбиркорлик субъектлари маблағларини йўналтирилган ҳолда амалга оширилиши айтилган.

Бозор реконструцияси учун ажратилган кредитлар эса¸ расталар ижараси ва бозордаги сотувдан тушган маблағлар ҳисобидан беш йил ичида қайтарилиши керак.

XS
SM
MD
LG