Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 14:48

Ш. МИРЗИЁЕВ: Андижон воқеалари ичида юрганман, ким нима қилганини биламан, улар иккита стулда ўтирган


Андижон, 2005, 14 май.
Андижон, 2005, 14 май.

2005 йилнинг 13 майида Андижон шаҳрининг Бобур майдонида содир бўлган қонли воқеалар кўлами, тафсилотлари, сабаб ва оқибатлари халқаро жамоатчилик учун сирлигича қолмоқда.

Президент Ислом Каримов ҳукумати ўз вақтида воқеанинг расмий баёни ва рақамларни берган. Аммо, гувоҳлар расмий Тошкент баёнотларидан фарқли воқеани ҳикоя қилган, бошқа рақамларни тилга олган.

Ислом Каримов вафотига қадар мустақил халқаро кузатувчилар учун ёпиқ бўлган қонли воқеа, 2005 йилда Бош вазир бўлган ҳозирги президент Шавкат Мирзиёев даврига келиб ҳам ҳануз очилмади.

(Бу мақола Андижон воқеаларига 14 йил тўлган санада ҳозирланган - таҳр.)

Президент Мирзиёев 2017 йилнинг июни бошида Андижон вилоятига қилган хизмат сафари давомида вилоят фаоллари билан ўтказган йиғилишда қилган чиқиши чоғида бундай деган эди:

“Андижон воқеаларида мен ичида юрганман, ҳаммасини биламан, ким нима қилганиниям биламан. Иккита стулда ўтирганди улар. Эртага давлат кетиб, булар келса, буларнинг найрангига ўйнайман, деб ўйин қилган улар. У ўйинлар кетмайди энди. Албатта, ашаддий террорчи ва экстремистлар ўз йўлидан қайтмайди. Уни қайтариш ҳам керак эмас. Уларнинг мияси, бутун ҳужайраси заҳарларини, қўли қонга ботиб бўлган. Уларга гап уқтириб, инсофга чақиришнинг ҳеч фойдаси йўқ”.

Бу гап олдидан президент бундай деган:

"Халқимизда “Икки кеманинг бошини тутган ғарқ бўлади”, деган мақол бор. Қайси раҳбар, қайси имом-хатиб у томонга ҳам, бу томонга ҳам ёқаман, деб иш кўрмоқчи бўлса, қаттиқ адашади. Бизга бундай иккиюзламачи мунофиқ одамлар мутлақо керак эмас".

Президент Андижонда ўтказган йиғилиш ҳақида Озодлик ўз вақтида хабар берган, лекин ўша пайтда давлат раҳбарининг бу гаплари жамоатчиликка ошкор бўлган эмас эди.

Алматов: Мен учун ҳалигача энг оғриқли савол ана шу Андижон воқеаси ҳисобланади

1991-2006 йилларда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигини бошқарган, айни дамдаги Ички ишлар вазири маслаҳатчиси, генерал-полковник Зокиржон Алматович Алматов эса, яқинда qalampir.uz сайтига берган интервьюсида Андижон воқеаларини эслаб, бундай деди:

“Биласизми, мен учун ҳалигача энг оғриқли савол ана шу Андижон воқеаси ҳисобланади. Мана Андижон воқеаларига шунча вақт бўлди. Бу воқеаларнинг энг асосий сабабчиси, фигуранти деб мени кўрсатишади. Нима учун? Нимага деганда ўша пайтда штаб вазифаларини Президент топшириғи билан мен бажарганман. Штаб бошлиғи ҳисобланганман. Ўша ерда штаб томонидан ишни мен ташкил қилганман. Асосий қарорни мен қабул қилганман. Шунинг учун ҳам Андижондаги қонли воқеага сабаб бўлган шахс деб ҳали ҳам гапиришади”.

Собиқ вазирнинг сўзларига кўра, унинг ҳаётидаги энг оғир нуқталардан биттаси – Андижон воқеасидир.

13 май куни Андижонда нималар бўлган эди?

Андижонда 2005 йилнинг 12 майидан 13 майига ўтар кечаси Акрамийлик гуруҳига аъзоликда айбланиб, судланаётган 23 кишининг қирқтача яқини патруль-пост батальонига ҳужум қилиб, у ердаги қуролларни қўлга киритди. Сўнгра улар шаҳардаги ҳарбий қисмга ҳужум уюштирди.

Кейин қамоқхонага ҳам ҳужум қилиниб, у ердан судланаётган 23 киши ва бошқа маҳбуслар озодликка чиқариб юборилди.

Ўша куни ярим тунда вилоят ҳокимлиги биноси эгалланиб, шаҳар прокурори, солиқ инспекцияси бошлиғи ва бир қанча ҳарбийлар исёнчилар томонидан гаровга олинди.

Расмийлар берган маълумотга кўра, ўша тунда 9 ҳарбий ҳалок бўлди.

13 май куни эрта тонгдан вилоят ҳокимлиги биноси олдига андижонликлар йиғила бошлади. Майдон эса ҳукумат қўшинлари томонидан ўраб олинди.

Тушдан сўнг майдонда, норасмий маълумотларга кўра, 10 мингга яқин одам йиғилди. Одамлар ҳукумат ва Президент истеъфосини талаб қила бошлади.

Кечқурун соат 18 лар атрофида отишма бошланди. Одамлар уч томонга бўлиниб қочди. Президент Ислом Каримов кейинчалик ўтказилган матбуот анжуманида одамларга қарата ўт очишга буйруқ бермаганини айтди. Исёнчилар эса ҳарбийлар БТРлардан ва автоматлардан ҳаммани бир чеккадан ўққа тутганини билдирди.​

2005 йил 13 май куни Андижоннинг Бобур майдонида содир бўлган қонли воқеаларда расмий Тошкент ҳисобича 187 киши, жумладан, аёллар ва болалар нобуд бўлган.

Норасмий манбаларга кўра, Андижон хунрезликлари оқибатида 1000дан зиёд одам ҳалок бўлган.

​Бобур майдонидаги қонли фожиадан кейин халқаро жамоатчилик мустақил текширув ўтказишни талаб қилган, бироқ расмий Тошкент рад этган. Шу тахлит, юзлаб одам қирғинбарот қилинган 13 май фожиаси йиллар оша сиру синоатларга кўмилганича қолмоқда.

Мазкур воқеа пайтида юзлаб андижонликлар қўшни Қирғизистонга қочишга мажбур бўлди.

Бир неча ой ўтиб БМТ Қочқинлар идораси кўмагида 500га яқин андижонликлар Руминияга ўтказилди.

Кейинчалик қочқинларга дунёнинг турли мамлакатлари, жумладан, Швеция, АҚШ, Канада каби давлатлар сиёсий бошпана берилди.

XS
SM
MD
LG