Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 22:47

Пахтага одам чиқарган отряд раҳбарлари иш ҳақини ололмаяпти


Хоразм вилояти, Шовот туманидаги 2018 йилги пахта мавсумида пахтага одам чиқарган, теримни ташкиллаштирган 35 нафар отряд раҳбарлари иш ҳақини ҳануз ололгани йўқ.

Бу ҳақда Озодликка шикоят қилган отряд раҳбарларининг айтишларича, улар билан шартнома тузган “Шовот Текстил” корхонаси раҳбарияти ҳар сафар бугун-эрта деб, уларни алдаб келмоқда.

Туман прокуратураси Озодликка бу масалани ўрганиб жавоб беришини айтди.

Шовот туманидан Озодликка мурожаат қилган, 2018 йил пахта теримида қатнашган бир гуруҳ отряд раҳбарларининг ёзишича, улар билан шартнома тузган “Шовот Текстил” корхонаси ойликка келганда ўзини олиб қочмоқда:

“Бизлар, маҳалла раислари, котиблар, посбонлар, хотин-қизлар қўмиталари фаоллари қарийб икки ой давомида кечаю кундуз одамларни пахтага жалб қилиш, кўпроқ теримчи чиқариш устида ишладик. Одамларга илтимос қилдик, пахтани ўз вақтида териб олинишига кўмак бердик. “Шовоттекстил” билан расман шартнома туздик. Лекин пахта терими тугаганидан кейин бу корхона бизга иш ҳақимизни беришдан ўзини олиб қочмоқда. Неча марта бориб иш ҳақимизни талаб қилсак, эрта-индин деб алдаб келяпти”.

Исми сир қолишини сўраган отряд раҳбарларидан бирининг Озодликка айтишича, у икки марта “Шовот Текстил” раҳбарларига бориб учрашган:

“Корхона билан тузган шартномамиз бўйича ўтган йили биз иш ҳақимизни олишимиз керак эди. Янги йилдан олдин пластикка ташлаб берамиз, деганди. Икки марта бордик, бермади. 20 сентябрдан 10 ноябргача пахтада бўлдик. Шартнома бўйича, агар биз 80 тонна пахта тергизсак бир ярим миллион сўм, бундан ортиғининг ҳар тоннасига 50 минг сўмдан бериши керак эди. Баъзиларнинг иш ҳақи 2-3 миллион сўмдан ошиб кетган. Лекин бермай турипти”, деди отряд раҳбари бўлган маҳалла фуқаролар йиғини раиси.

Бошқа бир отряд раиси эса, келгуси душанба куни пулни ўтказиб беришларини ваъда қилганини айтади:

“Кеча яна борган эдим, ҳафтанинг биринчи куни ўтказамиз дейишди. Лекин мен буларга ишонмай қолдим, нечта биринчи кун бу орада ўтиб кетди”, дейди отряд раҳбари бўлган маҳалла посбонларидан бири.

"Шовот Текстил" билан тузилган шартнома нусхаси
"Шовот Текстил" билан тузилган шартнома нусхаси

Озодлик “Шовот Текстил” корхонаси билан боғланиб отряд раҳбарларининг иш ҳақлари нега берилмаётгани ҳақида сўради. Ўзини савдо бўлимининг ходими деб таништирган мулозим, бу саволга фақат корхона раҳбарлари жавоб бера олишини айтди.

Корхонанинг охири 5155 ва 5153 билан тугайдиган телефонларига эса ҳеч ким жавоб бермади.

Шовот тумани прокуратурасининг навбатчи мулозими Озодлик саволларини бирма-бир ёзиб олгач, бу масала ўрганилиб, жавоб берилишини билдирди.

XS
SM
MD
LG