Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 16:29

Блогер Отабек Сатторий муддатидан аввал озодликка чиқарилди


Блогер Отабек Сатторий суд жараёнида ўзига қўйилган айбларни рад этган.
Блогер Отабек Сатторий суд жараёнида ўзига қўйилган айбларни рад этган.

Сурхондарёлик блогер Отабек Сатторий 5 февраль куни жиноят ишлари бўйича Қашқадарё вилояти Қарши туман суди ҳукми билан қамоқдан озод этилди.

Вилоят судлари матбуот хизматининг билдиришича, унга белгиланган жазо ахлоқ тузатиш иши жазосига алмаштирилган. Бундан ташқари блогер иш ҳақининг 20 фоизи давлат даромади фойдасига ундирилиши суд ҳукмида қайд этилди.

“Шу тариқа суднинг ажрими билан О. Сатторийнинг 2024 йил февраль ойининг 5 кунига қадар ўталмай қолган 2 йил 11 ой 25 кун озодликдан маҳрум қилиш жазоси Жиноят кодексининг 74-моддаси (жазони енгилроғи билан алмаштириш) 3-қисми “в” бандига асосан ахлоқ тузатиш иши жазосига алмаштирилиб, иш ҳақининг 20 фоизини давлат даромади фойдасига ундирилиши белгиланди”, дейилади расмий маълумотда.

Товламачиликда айбланиб 6,5 йилга қамалган блогер Отабек Сатторий шу йил апрелида озодликка чиқарилиши кутилаётгани тўғрисида 13 январь куни Қаршидаги манзил колонияда Сатторий билан учрашган инсон ҳуқуқлари "Эзгулик" жамияти раҳбари Абдураҳмон Ташанов Озодликка маълум қилганди.

Ўшанда Ташанов Озодликка Сатторий 2021 йил майида суд ўзига нисбатан чиқарган ҳукмдан норози эканини, аммо қайта шикоят қилиш нияти йўқлигини билдирган эди.

Ҳуқуқ фаолига кўра, халқаро матбуот ва ҳуқуқ ташкилотлари блогерлик фаолияти учун қамалган деб ишонадиган Сатторий озодликка чиққанидан сўнг "блогерлик фаолиятини давом эттирмоқчи эмас".

42 яшар Сатторий буни "тинчгина яшаш ва келажакда IT соҳасини эгаллаш" режаси билан тушунтирган.

"Ҳужжатларимни ёқиб юборганман, энди блогерлик қилмайман, деди Отабек”, дея Сатторийнинг сўзларидан иқтибос келтирди Ташанов.

Ташановнинг сўзларига кўра, блогер қамоқхонадаги шароитлар ва соғлигидан шикоят қилмаган ва озодликка чиқиш учун "кун санаётгани"ни айтган. Ҳуқуқ фаолининг айтишича, Сатторий жазони ўтаётган манзил колония раҳбари унинг апрел ойи охирида озодликка чиқарилишини тасдиқлаган. Сатторий ўтган йил ноябрида Навоийдаги умумий тартибли қамоқхонадан Қаршидаги манзил колонияга чиқарилганди.

Ташанов маҳкум билан бемалол мулоқот қилгани, учрашув жараёнида колония маъмурияти уларнинг бирон мавзуни муҳокама қилишига тўсқинлик қилмаганини айтмоқда.

Отабек Сатторий 2021 йилнинг 10 майида жиноят ишлари бўйича Сурхондарё вилояти Музработ тумани суди ҳукми билан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг туҳмат, ҳақорат ва товламачилик моддалари билан 6,5 йилга озодликдан маҳрум қилинганди.

Сатторий Ўзбекистон ҳукумати очиқлик сиёсати даври деб иддао қиладиган Мирзиёевнинг биринчи президентлик муддати чоғида қамоққа ташланганилк блогерлардан бири.

Нью-Йоркдаги Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси Сатторийнинг қамалиши Ўзбекистондаги коррупциянинг ҳосиласи эканига урғу бериб, унинг касбий профессионал фаолияти зўравонлик йўли билан тўхтатилганини айтган.

Сатторий ижтимоий тармоқларда маҳаллий ҳокимият идораларидаги коррупцияни танқид қилувчи чиқишлари билан танилган.

Яқинларига кўра, журналистик суриштирувлар даврида Сатторийнинг телефон аппарати синдириб ташланган ва уни янги телефон олиб бериш баҳонаси билан товламачиликда айблаб, ҳибсга олишган.

Форум

XS
SM
MD
LG