Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 18:18

Икки блогер қиссаси: Фозилхўжа Орифхўжаев озод қилинди, Олимжон Ҳайдаров қамалди


Блогерлар Олимжон Ҳайдаров ва Фозилхўжа Орифхўжаев. Коллаж.
Блогерлар Олимжон Ҳайдаров ва Фозилхўжа Орифхўжаев. Коллаж.

Ўтган дам олиш кунлари Ўзбекистон қамоқхонасидаги блогер Отабек Сатторий Навоий вилоятидаги қамоқхонадан манзил колонияга чиқарилгани маълум бўлди. Ўзбекистон қонунчилигига мувофиқ, манзил колонияга одатда қамоқ муддатининг камида учдан бирини ўтаб бўлган ва "тузалиш йўлига ўтган" маҳкумлар ўтказилади.

Расмийлар Сатторийнинг жазони ўташ тартиби юмшатилгани юзасидан қўшимча изоҳ бергани йўқ, аммо жамоатчилик унга нисбатан Конституция куни арафасида президент Шавкат Мирзиёев эълон қилган сўнгги афв қўлланилганини тахмин қилмоқда. Сатторийнинг нима учун қамоқдан буткул озод қилинмагани сабаби маълум эмас.

Блогер Отабек Сатторий маҳкамада. 11 март, 2021 йил.
Блогер Отабек Сатторий маҳкамада. 11 март, 2021 йил.

YouTube порталидаги “Халқ фикри” видеоблогида танқидий чиқишлари билан танилган Отабек Сатторий туҳмат ва товламачиликда айбланиши ортидан 2021 йил 10 майида 6,5 йилга озодликдан маҳрум қилган эди. Ўтган йил апрелида Олий суд блогерга нисбатан чиқарилган ҳукмни ўз кучида қолдирган.

"Сўз эркинлиги устидан чиқарилган ҳукм". Олимжон Ҳайдаров 8 йилга қамалди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:21:54 0:00

Халқаро инсон ҳақлари ва матбуот ташкилотлари Ўзбекистон ҳукуматини Сатторийга нисбатан айбларни бекор қилиш ва уни қамоқдан озод этишга чақириб келади.

Сатторийга нисбатан жазони ўташ тартиби енгиллаштирилгани ҳақидаги хабар блогер Фозилхўжа Орифхўжаев муддатидан аввал шартли озодликка чиқарилгани, айни пайтда бошқа бир блогер Олимжон Ҳайдаров эса саккиз йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинганидан бир неча кун ўтиб пайдо бўлмоқда.

The Diplomat нашри бу икки блогер тақдирига бағишланган мақола чоп этди. Мақола муаллифи Кэтрин Пуцнинг ёзишича, сўнгги йилларда "Янги Ўзбекистон”да блогерларга босим кучайган.

Ҳукуматнинг диний сиёсатини танқид қилган блогер Фозилхўжа Орифхўжаев 2022 йил январида Жиноят кодексининг 244-моддаси «жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига хавф соладиган материалларни тарқатиш ва намойиш қилиш»да айбланиб, етти йилу олти ойлик қамоққа ҳукм қилинган эди.

Ундан олдин Орифхўжаев ҳукуматпараст деб айтиладиган бошқа бир диндор блогер Аброржон Абдуазимов билан тортишувдан кейин майда безорилик учун 15 кунлик маъмурий жазога тортилган. Хабар қилинишича, Орифхўжаев 26 июнь куни Абдуазимов ваъз қилаётган Тошкентдаги «Тўхтабoй» масжидида Абдуазимовни «мунофиқ» деб атаган; Орифхўжаев икки кундан кейин ҳибсга олинган. Унинг 15 кунлик қамоқ муддати тугаш арафасида экан, вилоят ҳокимияти 2021 йил 6 март куни Facebook’ даги постида мусулмоннинг мусулмон бўлмаганларни диний байрамлари билан табриклаши тўғри келадими ёки йўқми деган саволга жавобан жиноят иши қўзғатганини маълум қилди, деб ёзади The Diplomat нашри.

Орифхўжаевнинг муддатидан олдин озод этилгани ҳақида ҳозиргача расмий маълумот йўқ.

Орифхўжаев ишини кузатаётган халқаро ташкилотлар, жумладан, АҚШнинг Халқаро диний эркинлик бўйича комиссияси ва Human Rights Watch аввалроқ унга нисбатан қийноқлар ва шафқатсиз муомалалар бўлгани, соғлиғи ёмонлашгани ва тегишли тиббий ёрдам кўрсатилмагани ҳақидаги даъволарни қайд этган.

Блогер Абдуқодир Мўминовга Тоштурмада ўн кунлик "карцер" жазоси тайинланди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:11:49 0:00

Орифхўжаев озод этилишидан бир неча кун олдин, аниқроғи, 1 декабрь куни бошқа бир блогер Олимжон Ҳайдаров товламачилик ва туҳмат қилишда айбланиб, саккиз йилга қамалди. Human Rights Watch ташкилоти бу айбловларни «шубҳали» деб атаган.

Ҳайдаров июль охирида Қўқон марказий бозорида ҳибсга олинган. Фарғона вилояти ички ишлар бошқармаси Ҳайдаров бозор ҳақида танқидий мақолалар жойлаштирмаслик эвазига бозор раҳбаридан 10 000 АҚШ доллари миқдорида пора олаётган пайтда қўлга олинганини билдирган. Кейинчалик унга туҳмат ва ҳақорат айбловлари ҳам қўшилди.

Ҳайдаров айбловларни рад этиб, танқидий материаллари учун ўч олиш мақсадида уюштирилганини айтган.

YouTube'да деярли 30 минг обуначига эга бўлган блогер маҳаллий ҳокимиятни танқид қилган ҳамда коррупция ва сўз эркинлиги чекланаётгани борасидаги чиқишлари билан танилган.

The Diplomat нашрининг ёзишича, 2016 йилда Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримовнинг ўлими Шавкат Мирзиёевга ўзининг ислоҳотлар дастурини бошлашга йўл очган. Бу ислоҳотлар фақат диний жамоалар орасида эмас, балки оддий ўзбеклар орасида ҳам ижтимоий-сиёсий мавзуларни муҳокама қилиш учун кўпроқ майдон очди. Шу аснода ижтимоий тармоқларда у ёки бу муаммони шарҳлаётган ўзбеклар "Янги Ўзбекистон"нинг сўз эркинлиги борасидаги чегараларини "олдинга суришга уриниб кўрдилар". Энди эса "Янги Ўзбекистон" бу чегараларни қайтадан ортга сурмоқда".

Мақола муаллифига кўра, ҳар бир ҳолат ўзига хосдир ва юқоридаги икки блогернинг мисоли Ўзбекистондаги блогерлар спектрининг икки фарқли томонида кечаётгандек.

Аммо агар бу икки ҳолат биргаликда ва бошқа мисоллар манзарасида таҳлил қилинадиган бўлса, улар Ўзбекистондаги сўз эркинлигининг тадрижи, бу эркинликка чекловлар ва унинг кўринмас чегараларини кесиб ўтганлик учун жазони ҳам кўрсатадиган ҳолатлардир.

Форум

XS
SM
MD
LG