Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 15:25

OzodTa'sir: Қийноққа солинган оқдарёлик аёл ишини Бош прокуратура назоратга олди


Фермер укалари томонидан қийноққа солинган Феруза Убайдуллаева
Фермер укалари томонидан қийноққа солинган Феруза Убайдуллаева

Самарқанд вилоят, Оқдарё туманида яшайдиган Феруза Убайдуллаеванинг фермер укалари томонидан шафқатсиз калтакланиб, қийноққа солингани ҳақидаги Озодлик мақоласидан сўнг, Ўзбекистон Бош прокуратураси бу ҳолатни ўз назоратига олганини билдирди.

Феруза Убайдуллаева 28 декабрь куни Озодликка мурожаат қилиб, оғзаки келишув асосида ерида ишлаган фермер Зиёдилло Ўроқовнинг Бахтиёр ва Ихтиёр исмли укалари, уни ўғриликда айблаб, шафқатсиз қийноққа солгани ҳақида гапирган ва бунга далил сифатида видео тақдим қилган эди.

Ўзбекистон Бош прокуратураси матбуот хизматининг 3 январь куни Озодликка хабар қилишича, Феруза Убайдуллаева прокуратурага тақдим қилган СД-дискда унинг қийноққа солингани акс этгани Оқдарё тумани прокуратураси томонидан тасдиқланган:

“Ушбу СД-диск кўздан кечирилганида, ҳақиқатан унда дала майдонида, қоронғу шароитида фуқаро Ф.У.ни бир нафар шахс унга жисмоний ва руҳий азоб бериб, ҳакоратлаб, қийнаётганлиги акс эттирилганлиги маълум бўлган. Ушбу тасвир муқаддам ИИБ томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилаётган пайтда тақдим қилинмаган ва унинг мавжудлиги хусусида ҳеч бир маълумот берилмаган”.

Бош прокуратура матбуот хизмати мактубида ёзилишича, Феруза Убайдуллаева аризаси юзасидан “25.12.2018 йилда Оқдарё туман ИИБ ҳузуридаги ТБ томонидан ЖКнинг 110-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда".

Феруза Убайдуллаева Оқдарё туман маъмурий суди адолатсиз қарор чиқаргани, уни ўғриликда ноқонуний айблагани ҳамда уни қийноққа солган шахслар енгил жазо билан қутулиб қолгани ҳақида ҳам Озодликка гапирган эди.

Бош прокуратура мактубида айтилишича, маъмурий суднинг қарорини бекор қилиш ҳақида протест киритилган:

“Бундан ташқари, туман прокуратураси томонидан Оқдарё туман маъмурий судининг 04.12.2018 йилги қарори асоссиз бўлганлиги сабабли, уни бекор қилиб, ишни қўшимча суриштирувга қайтариш борасида 26.12.2018 йилда Самарқанд вилоят маъмурий судининг кассация инстанцияси судлов ҳайъатига протест киритилган. Мазкур ҳолат юзасидан Бош прокуратура назорати ўрнатилган”.

Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси ҳам 3 январь куни ўзининг Фейсбукдаги саҳифасида Феруза Убайдуллаевани судда ҳимоя қилиши ҳақида ёзди:

“Самарқанд вилояти, Оқдарё туманидаги «Қум ота бува» фермер хўжалиги ҳудудида бўлиб ўтган воқеа юзасидан фуқаро Ф.У.нинг мурожаати асосида 25.12.2018 йилда жиноят иши қўзғатилганлиги ва аввал чиқарилган маъмурий суднинг қарорини бекор қилиш тўғрисида прокуратура протести киритилганлигини маълум қиламиз. Мазкур жиноят ишининг судда кўрилишида Самарқанд вилояти хотин-қизлар қўмитасининг вакиллари жамоатчи ҳимоячи сифатида иштирок этиши белгиланди”.

Оқдарëлик аëл фермер уни таҳқирлаганини иддао қилди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:01:48 0:00

Озодликка 28 декабрь куни интервью берган Феруза, Оқдарё туманидаги “Қум ота бува” фермер хўжалиги раҳбари Зиёдилло Ўроқовнинг укалари Ихтиёр ва Бахтиёр уни мош ўғирлаганликда айблаб, даҳшатли қийноққа солгани ҳақида шундай деган эди:

- Ихтиёр дегани мени ерга ётқизиб, қўлимни қайириб олиб, устимга тиззасини қўйиб қийнай бошлади. Кўкрагимни қўллари билан эзғилаб, моматалоқ қилиб ташлади. Бошимга ва бошқа жойларимга тепиб ташлади. Энг даҳшатлиси олдини очиб, анавунисини чиқариб, оғзингга оласан деб, ёмон қилиқлар қилди. Кейин кийимларимни йиртиб, ечиб ташлади. Жон акалар ундай қилманглар, шарманда қилманглар деб ялинишимга қарамай, шундай қилишди. Ҳатто номусимга ҳам тажовуз қилмоқчи бўлишди. Роса масхара қилиб, кейин устивошимни кийгизиб, қўлимни ва оёғимни боғлаб қўйишди”

Озодлик воқеа ривожини кузатиб боради.

XS
SM
MD
LG