Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 23:46

Коронавирус: Ўзбекистон чекловларни юмшатмоқда - Британияда тарқалган янги штамм қанчалик хавфли?


Коронавируснинг янги штамми тарқалишда давом этаркан, тиббиёт ходимлари беморни Лондон Қироллик шифохонасига етказмоқда - Британия, 26 январь, 2021
Коронавируснинг янги штамми тарқалишда давом этаркан, тиббиёт ходимлари беморни Лондон Қироллик шифохонасига етказмоқда - Британия, 26 январь, 2021

Республика махсус комиссиясининг қарори билан 28 январидан бошлаб Ўзбекистонда концерт-томоша тадбирларини ўтказишга рухсат берилди.

Концерт-томоша тадбирларида томошабинлар сони залдаги ўринларнинг 50 фоизидан кўп бўлмаслиги, оралиқ масофани сақлаши ва ниқобда бўлиши шарт.

Шунингдек, Республика махсус комиссияси умумий овқатланиш ва кўнгилочар объектлар соат 8:00 дан 23:00 гача ишлаши мумкинлиги ҳақидаги чекловни бекор қилди. Эндиликда мазкур объектлар пандемия чекловлари жорий этилгунига қадар мавжуд бўлган иш тартиби асосида фаолият юритишлари мумкин.

“Республика махсус комиссияси халқимиздан коронавирус инфекциясини тарқалишини олдини олиш мақсадида санитария-эпидемиологик қоидаларга қатъи риоя этишлари ҳамда мамлакатимизда эпидемиологик барқарорликни таъминлаш борасида эришилган бугунги вазиятни бардавом бўлиши учун шахсий масъулиятни оширишларини сўраб қолади”,-дейилади расмий билдирувда.

Ўзбекистон 2020 йилнинг ноябрь ойидан бошлаб "коронавирус пандемияси билан боғлиқ вазият бироз бўлса-да барқарорлашганлиги муносабати билан" карантин чекловларини юмшата бошлаган.

Айни пайтда соғлиқни сақлаш расмийлари мамлакатга коронавируснинг Британияда тарқалган янги штамми кириб келгани ҳақидаги хабарларни рад этганлар. Коронавирусга қарши курашиш штаби аъзоси Нурмат Отабеков ўтган ҳафта Тошкент давлат педагогика университетининг талабасида қайд этилган коронавирус инфекцияси янги штамм эмаслигини айтган.

"Касаллик бизга кириб келмабди, дея хотиржамликка берилиш, ҳимоя ва гигиена қоидаларини унутиш тўғри эмас. Эҳтиёт чоралари ҳамон амалда”, - дея Отабековнинг сўзларидан иқтибос келтирган Kun.uz нашри.

Озодлик суҳбатлашган Шифокорларга кўра, Соғлиқни сақлаш вазирлиги (ССВ) эҳтимолий иккинчи тўлқинга ҳозирлик кўриш ҳақида кўрсатма берган, аммо ёйилиш эҳтимоли бўлган янги турдаги коронавирус ҳақида маълумот жуда оз.

Британияда тарқалган штамм хавфлироқми?

Британиялик олимларнинг таъкидлашича, мамлакатда вирусга чалинишлар сони ошишига туртки бўлган янги вирус штамми ҳам тезроқ тарқалмоқда, ҳам кўпроқ беморларда ўлимга сабабчи бўлмоқда. Олимларга кўра, янги штаммни юқтирган беморлар орасида ўлим хавфи вируснинг бошқа турларига чалинган беморларга солиштирганда 30 фоизга юқорироқдир.

Вируснинг B.1.1.7 номи берилган ушбу штамми Британияда тарқалган бошқа коронавирус турларидан 70 фоизга юқумлироқ экани айтилмоқда. Янги штамм аллақачон дунё бўйлаб тарқалди. АҚШ соғлиқни сақлаш расмийлари B.1.1.7 вируси келаётган март ойигача мамлакатда коронавируснинг доминант вариантга айланиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирмоқда.

Британия олимлари қандай янги далилларни қўлга киритди?

Британиянинг Янги нафас йўллари вируслари таҳдиди бўйича кенгаши (NERVTAG) тўпланган маълумотлар асосида COVID-19 тестлари ҳамда касаллик сабабчи бўлган ўлимлар бўйича тўрт тадқиқот ўтказди. Синовларнинг барчаси B.1.1.7 вариантини юқтирган одамлар орасида ўлим хавфи Буюк Британияда тарқалган бошқа вариантлар билан таққослаганда анча юқори эканини кўрсатди.

Хусусан, NERVTAG тўртала тадқиқот хулосаларини бирлаштириб яратган модель мазкур вирус турини юқтирганларда ўлим хавфи ўртача 30% га юқори эканини кўрсатди.

Олимлари хулосалари қай даражада аниқ?

Буюк Британия ҳукуматининг бош илмий маслаҳатчиси Патрик Валланс жума куни бу ҳисобларда «ноаниқликлар» мавжудлигини айтди, чунки маълумотлар турли хил манбалардан олинган.

Англия соғлиқни сақлаш хизмати мутахассиси Сюзан Хопкинс дастлабки хулосалар вируснинг янги вариантини юқтиргани маълум бўлган нисбатан оз сонли аҳоли тўғрисида тўпланган маълумотларга таянишини айтди.

«Эҳтимол, биз тўлиқ вазиятни кўрмаяпмиз», - деди у.

Аммо душанба куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида Лондон Гигиена ва тропик тиббиёт мактабининг юқумли касалликлар бўйича математик моделлар тузиш профессори Жон Эдмундс олимлар хулосалари «статистик жиҳатдан аҳамиятли» эканини ва уларга жиддий эътибор бериш кераклигини айтди.

Янги вирус тури нима учун хавфлироқ экани бизга маълумми?

Олимлар вируснинг янги штамми нима учун кўпроқ ўлимга сабаб бўлаётганини аниқлагани йўқ, аммо бу саволга жавоб топиш устида иш олиб борилмоқда.

Бугунга қадар янги штамм мутация туфайли инсон ҳужайраларига маҳкамроқ тирмаша олиши аниқланди.

Ридинг университетининг ҳужайра микробиологияси бўйича доценти Саймон Кларкнинг айтишича, вирус ҳужайрага кучлироқ боғлана олгани учун «иммун тизими кескин реакция қилиши ва натижада касаллик беморда оғир кечиши мумкин».

Юқори ўлим хавфи қай даражада хавотирли?

Тадқиқотларнинг бирига етакчилик қилган Эдмундс янги далилларни «ёмон томонга жиддий бурилиш» деб атади.

«Ушбу вирус ўта жиддий ва уни ўта жиддий қабул қилиш керак», - деди олим.

Аммо Англия соғлиқни сақлаш хизмати эълон қилган баёнотда COVID-19 инфекцияси туфайли ўлиш хавфи (барча ёшдаги гуруҳлар бўйича) «янги вариант учун ҳам, эски вариант учун ҳам паст бўлиб қолмоқда», дейилади.

XS
SM
MD
LG