Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 13:30

"Биз вирусни енгдик!" Шифокорлар аҳоли коронавирусни унутгани ва янги туридан хавотирда


Наманган вилояти Соғлиқни сақлаш бошқармаси ходимлари маҳаллаларни айланмоқда - январь, 2021
Наманган вилояти Соғлиқни сақлаш бошқармаси ходимлари маҳаллаларни айланмоқда - январь, 2021

Тошкент, Наманган ва Фарғонадаги оилавий поликлиника шифокорлари сўнгги кунларда аҳоли орасида COVID-19 инфекциясининг ёйилиши фавқулодда озайиши ортидан пандемия қарийб унутилаёзди, деган хавотирда.

Озодлик суҳбатлашган уч нафар шифокор Европада коронавируснинг янги тури ёйилаётгани ҳамда унинг Россияга кириб келгани, Хитойда яна эпидемия авж олаётганидан хабардорлиги, бу ҳолат Ўзбекистонга ҳам келиши мумкинлигидан хавотирда эканини билдирди.

Шифокорларга кўра, Соғлиқни сақлаш вазирлиги (ССВ) эҳтимолий иккинчи тўлқинга ҳозирлик кўриш ҳақида кўрсатма берган, аммо ёйилиш эҳтимоли бўлган янги турдаги коронавирус ҳақида маълумот жуда оз.

Тошкентлик шифокор: Ўзбекистон коронавирусни енгиб бўлди

Тошкентнинг Олмазор туманидаги оилавий поликлиника (ОП) шифокори январь ойидан буён ўзи ишлаб турган поликлиникада ковид билан хасталанган беморлар ҳар 2-3 кунда 1 ёки 2 нафардан аниқланаётганини айтди.

Бу шифокор ишлайдиган ОП 33 минг аҳолига хизмат кўрсатади.

Исмини ошкор қилмаслигимизни сўраган умумий амалиёт шифокорига кўра, “Ўзбекистон коронавирусни енгиб бўлган”:

“2-3 кунда биттадан бемор чиқяпти. Булар ҳам унақа оғир беморлар эмас. Назаримда, биз енгдик бу коронавирусни. Аҳолининг асосий қисмида иммунитет шаклланиб улгурди, қутулганимиз рост бўлсин! Ҳозир ўзимизнинг мавсумий касаллар билан бандмиз”.

Шифокорга кўра, ССВ оилавий поликлиникаларга коронавируснинг янги тури тарқалиши эҳтимолига тайёр туриш ҳақида кўрсатма берган, аммо етарли маълумот берилмаган:

“Россияга келибди янги тури, деб эшитдик. Қараб турибмиз янгиликларни. Россияга келган бўлса, бизга ҳам жуда яқинлашди, дейиш мумкин. Фақат биз тиббиёт ходимларида ҳам, аҳолида ҳам бу янги ковид бўйича етарли маълумот йўқ, ҳозирча. Назаримда, ҳозирликни янги вирус тури бўйича кўпроқ ахборот етказишдан бошлашса, яхши бўларди. Чунки, айниқса янги йилдан кейин пандемияга эътибор роса камайди, одамлар унутди, десам ҳам бўлади. Мен айтардимки, ҳушёрликни йўқотмаслигимиз керак!”

Бу шифокорга кўра, ўзида коронавирус аломатларини сезган беморлар ҳануз ўз поликлиникасига мурожаат қилиши лозим. Коронавирус аниқланган беморлар эса, аҳволига кўра, уйида, поликлиника шифокорлари назорати остида даволанади ёки Зангиотадаги махсус шифохонага йўлланади.

Наманганлик шифокор: Қишлоқларда аҳоли коронавирусни унутди!

Чуст туманидаги Қишлоқ оилавий поликлиника (ҚОП) умумий амалиёт шифокорига кўра, у яшаб турган ҳудуддаги 20 минг аҳолига хизмат кўрсатадиган поликлиника пандемиядан аввалги иш режимига қайтган.

Исмини ошкор этмасликни сўраган бу шифокор ҳам қишлоқ аҳолиси коронавирус пандемияси, деган муаммога эътибор қилмай қўйгани, жамоат жойларида ниқоб тақмаслик ҳоллари ортганини айтади.

Айни пайтда у Ўзбекистонда COVID-19 пандемияси иккинчи тўлқини бошланиши мумкин, деган хавотирга ўрин йўқ, деган фикрда:

- Охирги икки ҳафта ичида бизнинг қишлоқдан битта ҳам бемор чиқмади. Аҳолимиз бу вирусни енгиб бўлди, ҳамма касал бўлиб бўлди-да. Аҳолининг асосий қисмида иммунитет шаклланиб бўлди. Агар янги турил келиб қолса ҳам, бир марта бу вирусни юқтирганларда енгил кечса керак, деб ўйлайман”.

Бу шифокор ҳам COVID-19 пандемияси бўйича дунёдаги вазиятни интернет тармоғи орқали кузатиб бораётгани, Хитойда яна эпидемия бошланганидан ҳам хабардор эканини айтди. Унинг айтишича, ССВ томонидан вируснинг эҳтимолий хуружларига ҳозир туриш ҳақида кўрсатма бўлган, бироқ конкрет йўриқнома ёки ахборот берилмаган:

- Ҳали расман пандемия тугагани йўқ, бизга унақа маълумот ҳам келгани йўқ. Лекин янги тўлқин келиб қолиши мумкин, деган огоҳлантиришлар ҳам йўқ. Одамларда ҳам унақа хавотир йўқ ҳозир, умуман хавотир йўқ. Ҳозир одамларнинг асосий муаммоси свет-газ бўлиб турибди.

Бу шифокорга кўра, ҳозир Чуст тумани бўйича битта ковид поликлиника ишлаб турибди, туман бўйича ҳафтада 1 ёки 2 нафар бемор аниқланяпти.

Қуйида чустлик шифокор билан суҳбатни тингланг:

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:04:00 0:00
Бевосита линк

Фарғоналик шифокор: Бизга дунёда ковиднинг янги ўчоқлари ҳақида кўпроқ маълумот керак!

Фарғонада шу кунда коронавирус беморларини қабул қилиб олаётган поликлиника шифокорига кўра, ковидга ажратилган тиббиёт муассасалари эҳтимолий ҳолатларга шай турибди:

“Бизда захира койкалар ажратилган, зарур дори-дармонлар ҳам тайёр. Ҳаммасини қайтадан қайддан ўтказиб, ҳисобини чиқариб, республикага жўнатганмиз. Ҳушёрликни қўлдан берганимиз йўқ. Лекин бизда кейинги тўлқин ҳақида умуман маълумот йўқ. Масалан, Европада тарқалган иккинчи коронавирус тури аввал касалланганларга юқадими-йўқми? Бизга шу ҳақда ҳам маълумот берилмаяпти. Агар юқмаса, хавотирга асос йўқ. Лекин юқадиган бўлса, унда келиб қолса, ҳамма яна касал бўладими бир бошдан?! Унақа бўладиган бўлса, аҳвол чатоқ”, - дейди исмини ошкор қилмаётганимиз фарғоналик шифокор.

Озодлик сўнгги икки кун ичида гаплашган шифокорлар, Ўзбекистонда пандемия тугагани ёки бу пандемия сабаб тиббиёт муассасаларда жорий этилган махсус иш тартиби бекор қилингани ҳақида ҳали бирор расмий маълумот келмаганини айтмоқда.

Айни пайтда улар, ССВ томонидан, дунёни хавотирга солаётган COVID-19 касаллигини қўзғовчи коронавируснинг янги тури ҳақида аниқ ва кенг кўламли, расмий маълумот беришни сўрамоқда.

ССВ: Янги вирус олдингисидан кўпроқ ўлимга сабаб бўлиши исботланмаган

Коронавирусга қарши курашиш штаби аъзоси Ботир Қурбонов берган баёнотга кўра, Ўзбекистон 2020 йилнинг 21 декабридан коронавируснинг янги штамми аниқланган Буюк Британия ва яна 8 та мамлакат билан авиақатновларни тўхтатган.

“Янги штамм Ўзбекистонга кириб келишининг олдини олиш мақсадида чет элдан келаётган фуқароларни кўрикдан ўтказиш, экспресс усулида антиген тест синовлари ўтказиш, шифохоналарга жойлаш, карантинга олиш ва мулоқотда бўлганларни изоляция қилиш тадбирлари давом эттирилмоқда”, дейилади ССВ расмийси баёнотида.

ССВга кўра, иммунитети суст бўлган одамнинг танасига тушган коронавирус ривожланиб, мутацияга учраши оқибатида янги турдаги вирус пайдо бўлиши мумкин. Бу вирус олдингисига қараганда кўпроқ ўлимларга сабаб бўлиши исботланмаган.


Озодлик гаплашган шифокорлар эса, кенг жамоатчилик учун тарқатилган бу ахборот тиббиёт ходимлари учун етарли эмаслигини айтмоқда:

“Масалан, мутацияга учраган янги коронавирус қандай аниқланади? Уни даволаш протоколи ҳам аввалги тури билан бир хилми? Аввал касалланган беморлар яна касалланиши мумкинми? Мутацияга учраган вирусда мутациялашув яна давом этадими ва қандай давом этади? Шунақа саволлар кўп бизда. Вирусолог бўлмаган, умумий амалиёт шифокори бўлиб, енгил мавсумий касалликларни даволаб юрган шифокорлар ҳам бу маълумотларни ипидан-игнасигача билишига тўғри келяпти ҳозир”, - дейди фарғоналик шифокор.

COVID-19: дунёдаги янги хавотирли вазият

Коронавирус бўйича жаҳон статистикасини олиб бораётган АҚШдаги Жонс Хопкинс университетининг билдиришича, дунёда COVID-19га чалинганлар сони 92 миллионга яқинлаiди. Беморлардан 2 миллионга яқини вафот этди.

Коронавируснинг Британияда пайдо бўлган ва ҳозирнинг ўзида 30 дан ортиқ давлатда тарқалган янги тури эмлаш жараёнини янада тезлаштириш масаласини кун тартибга қўйган.

Дунё бўйлаб сиёсатчилар яқин келажакда одатий ҳаётга қайтишга ваъда бераркан, эмлаш жараёнларининг кутилганидан секинроқ бораётгани хавотирларга сабаб бўлмоқда.

Айни пайтда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти дунё давлатлари эмлаш жараёнини тезлаштирган ҳолатда ҳам, 2021 йилда COVID-19га қарши жамоавий иммунитет ҳосил бўлмаслигини билдирган.

“Вакцина аҳолининг энг заиф қатламларини ҳимоя қилган тақдирда ҳам биз 2021 йилда умумий ёки жамоавий иммунитет пайдо бўлишига эриша олмаймиз. Айрим ҳудудларда пайдо бўлган иммунитет бутун дунёдаги одамларни ҳимоя қила олмайди”, - деди 11 январь куни ЖССТ бош илмий ходими Сумья Сваминатан.

XS
SM
MD
LG