Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 17:17

“Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон” темир йўли қурилиши молиявий баҳслар сабаб тўхтаб қолдими?


“Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон” темир йўли қурилиши лойиҳасининг техник-иқтисодий асослама (ТИА)сини ишлаб чиқиш жараёни якунланди. Эндиликда лойиҳани амалга ошириш масаласи молиявий баҳсларга бориб тақалмоқда.

Қирғизистон ҳукумати мамлакат тарихидаги энг йирик лойиҳани молиялаштириш юзасидан музокаралар давом этаётганини билдирди. Бироқ молия манбалари тўғрисидаги маълумотларни ошкор қилмади. Бундан аввалроқ “темир йўл қурилиши номаълум муддатга қолдирилгани” тўғрисида хабарлар пайдо бўлган эди.

Лойиҳани амалга оширишга 4,7 миллиард доллар керак

Қирғизистон парламентининг соҳа қўмитасида 3 октябрь куни чиқиш қилган транспорт ва коммуникациялар вазири ўринбосари Ирисбек Бариев депутатларга “Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон” темир йўли қурилиши лойиҳаси ва унинг бюджети тўғрисида маълумот берди.

“Маршрут “Тўруғарт – Қўштепа – Казарман – Жалолобод” схемаси асосида қурилади. Унинг узунлиги 311 километр бўлади. Лойиҳа қиймати тахминан 4 миллиард 700 миллион доллар. Мақмал минтақасида юк тушириш ва қайта юклаш базаси ташкил этилади. Мақмалгача юк 1435 миллиметрли темир йўл изида ташилади”.

Хитой темир йўл излари 1435 миллиметрни ташкил қилади. Бу жаҳонда энг кўп тарқалган стандартдир. Шимолий Америка, Яқин Шарқ, Шимолий Африка, Австралия, Жанубий Корея ва Европанинг катта қисмида темир йўл мана шу ўлчов асосида қурилган.

Постсовет ҳудудда, жумладан, Қирғизистон ва Ўзбекистонда, темир йўл изи 1520 миллиметрли ўлчовни ташкил қилади. Темир йўл изларидаги ўлчовлар ўртасидаги фарқни ҳисобга олган ҳолда, Хитой чегарасида юк тушириш ва қайта юклаш базасини ташкил этиш таклиф қилинмоқда.

Бундан аввал мазкур темир йўлнинг Қирғизистондан ўтадиган қисми “Тўруғарт – Арпа – Мақмал – Жалолобод” йўналиши бўйича қурилиши эълон қилинганди. Унинг узунлиги 280 километрни ташкил қилганди. Бу йўналишдаги техник-иқтисодий асосламани ишлаб чиқиш учун хитойлик мутахассислар ёлланган эди. Уларнинг фаолиятини Хитой, Қирғизистон ва Ўзбекистон тенг улушда молиялаштирган. 2022 йилда Қирғизистон Хитой мутахассисларига 483 миллион сўм тўлаган ва асосламани олган.

Дастлаб мазкур лойиҳанинг қиймати 4-5 миллиард доллар атрофида бўлиши таҳмин қилинган эди. Кейинроқ унинг қиймати 6 миллиард долларга етгани айтилган. Техник-иқтисодий асослама ишлаб чиқилганидан сўнг унинг қиймати 4,7 миллиард долларга тенглиги маълум қилинди.

26 сентябрь куни “Евросиё ахборот лигаси” нашри “Хитой темир йўл қурилишини номаълум муддатга ортга сургани” тўғрисида хабар тарқатди. 28 сентябрь куни эса бу хабарни инглиз тилида Silk Road Briefing нашр қилди.

Трансевросиё ташувлари бўйича халқаро мувофиқлаштирув кенгаши бош котиби Геннадий Бессонов бу мақолада “темир йўл қурилишининг ортга сурилгани Қозоғистон манфаатини акс эттириши” ҳақида гапирган. Унга кўра, “бу темир йўлнинг қурилиши Россияга товар етказиш учун Қозоғистонни айланиб ўтувчи муқобил йўл сифатида ҳам қаралади”. Бу ҳолатда Остона катта миқдордаги бож тўловларидан маҳрум бўлади.

“Лойиҳа тайёр, лекин Пекин, Бишкек ва Тошкент пул бўйича, аниқроғи, лойиҳани молиялашдаги улушлар юзасидан муросага кела олмади. Бу ҳолат анча узоқ давом этиши мумкин. Қирғизистон ва Ўзбекистонда пул йўқ. Хитой бу йўлни ўзи молиялаштириши мумкин эди, лекин бу Пекин учун приоритет лойиҳа эмас. Бу лойиҳада Европага маҳсулот етказиб бериш назарда тутилмайди. Европага Транссиб ва Достик (Қозоғистон) – Оренбург – Брест йўналиши орқали йилига 600 минг TEU (20 футли контейнерлар эквиваленти) ҳажмида юк ташилади. Ҳозирда Марказий Осиё республикаларида кўплаб транспорт лойиҳалари муҳокама қилинмоқда, уларнинг барчаси юк ташувчи хабга айланмоқчи, бироқ ҳаммаси пулга келиб тақалмоқда”,-деди Бессонов.

Қирғизистондаги айрим нашрлар бу мақолага таянган ҳолда ““Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон” темир йўли қурилиши номаълум муддатга тўхтатиб қўйилгани” тўғрисида хабар тарқатди.

Қирғизистон Министрлар кабинети раиси ўринбосари Бақит Тўрўбаев Озодлик радиоси қирғиз хизматига берган интервьюсида бу маълумотни рад этди. Унга кўра, лойиҳани молиялаштириш бўйича музокаралар давом этмоқда:

“Бишкекда темир йўл қурилишини лойиҳалаштириш бўйича уч мамлакатнинг қўшма офиси мавжуд. Бугунги кунда лойиҳанинг техник-иқтисодий асосламасини ишлаб чиқиш якунланди ва молиялаштириш модели юзасидан музокаралар олиб борилмоқда. Қирғизистон Транспорт ва коммуникациялар вазирлиги, шунингдек, “Қирғиз темир йўли” давлат корхонаси ишчи гуруҳи Хитойга боради. ХитойТранспорт вазирлиги билан ҳамкорликда улар молиялаштириш масаласини муҳокама қилади. Бу масала юзасидан ишлар давом этмоқда”.

“Қирғиз темир йўли” ҳам бу маълумотни тасдиқлаган ҳолда, лойиҳани молиялаштириш масаласи 17-18 октябрь куни ўтадиган “Бир камар – бир йўл” халқаро форуми кун тартибига киритилганини билдирди.

Расмий хабарларда айтилишича, “Бир камар – бир йўл” халқаро форуми Пекинда бўлиб ўтади ва унда Қирғизистон президенти Садир Жапаров иштирок этади. 26-27 октябрда эса Бишкекка Хитой давлат кенгаши раиси Ли Цян амалий ташриф билан келади.

Лойиҳани молиялаштириш муаммолари нималардан иборат?

Қирғизистон ҳукумати темир йўл қурилиши номаълум муддатга тўхтатилгани тўғрисидаги хабарларга раддия берди, бироқ лойиҳани амалга ошириш учун маблағ йўқлиги тўғрисидаги хабарларни эътиборсиз қолдирди. Ҳозиргача, бу лойиҳа қайси маблағ ҳисобидан ишга туширилиши номаълум.

Қирғизистон техника университети қошидаги “Қурилиш ва архитектура” илмий-техник марказининг директори Раимкул Мендекеев 3 октябрь куни “Биринчи радио”га берган интервьюсида қуйидагиларни айтди:

”Темир йўлнинг Қирғизистондан ўтаётган қисми учун кетадиган ҳаражат ҳисоблаб чиқилган. У таҳминан 1 миллиард 340 миллион долларни ташкил қилмоқда. Бу бизнинг давлатимиз учун жуда катта маблағ. Лойиҳанинг умумий қиймати эса 3-5 миллион доллар атрофида бўлади. Хитой иқтисодиёти триллион долларлар билан ўлчанади. Шунинг учун бу Пекин учун катта маблағ эмас. Ҳозирда молиялаштиришнинг икки варианти режалаштирилмоқда: Биринчиси – лойиҳани давлат-хусусий ҳамкорлик доирасида амалга ошириш, иккинчи варианти эса темир йўл қурилиши учун кредит олиш. Лекин кредит олиш Қирғизистон учун яхши вариант эмас, чунки қарзимиз жуда кўп. Бу қарзга яна 2 миллиард доллар қўшилиши мумкин. Шунинг учун биринчи вариантни амалга ошириш жуда муҳим”.

Президент Садир Жапаров ҳам ўзининг чет эл сафарларида инвесторларни темир йўл қурилишига сармоя ётқизишга чақирмоқда. Сўнгги марта у бу ҳақда 29 сентябрда Берлинда ўтган “Марказий Осиё-Германия” саммитида гапирди.

Қирғизистон ҳукумати мазкур темир йўл Марказий Осиё минтақасини транспорт тупигидан чиқаришини ва жаҳондаги 4 миллиард кишини ўзаро боғлашини ҳамда Осиёдан Туркия орқали Европага, Яқин Шарққа, Эронга, Форс кўрфази ва Шимолий Америкага юк ташувларини кўпайтириши мумкинлигин бир неча маротаба иддао қилган.

Бугунги кунда Хитойдан Европага жўнатилаётган юклар Қозоғистон, Россия ва Беларусь орқали олиб ўтилмоқда.

Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, “Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон” темир йўли қуриладиган бўлса, бу мамлакалардан Яқин Шарқ ва Жанубий Европага юк етказиб бериш йўли 900 километрга озаяди.

Форум

Алоқадор

XS
SM
MD
LG