Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 16:39

"Путинизмни дастакламоқда". Мирзиёевни танқид қилган яна бир тармоқ фойдаланувчиси 5 йилга қамалди


Президентлар Владимир Путин ва Шавкат Мирзиёев.
Президентлар Владимир Путин ва Шавкат Мирзиёев.

Ижтимоий тармоқларда президент Шавкат Мирзиёевни Россия раҳбари Путиннинг Украинага қарши урушини дастаклашда айблаб пост жойлаган 38 ёшли тармоқ фойдаланувчиси 5 йилу 1 ойга қамалган.

Жиноят ишлари бўйича Самарқанд вилояти Каттақўрғон туман суди ўтган йилнинг 19 октябрь куни суд ҳукмида исмининг фақат бош ҳарфлари келтирилган Бунёджон Бобониёзовни Ўзбекистон Жиноят кодексининг 158-моддаси, 3-қисми - "Ўзбекистон президентини омма олдида ҳақоратлаш ёки унга туҳмат қилиш"да айбдор деб топган.

Бобониёзов, шунингдек, Ўзбекистон Жиноят кодексининг 159-моддаси - Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузумига тажовуз қилишда ҳам айбланган.

Жиноят ишлари бўйича Самарқанд вилоят суди 28 ноябрь кунги аппелляция маҳкамасида Каттақўрғон туман суди қарорини ўзгаришсиз қолдирган.

“Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 59-моддаси тартибида, тайинланган жазоларни қисман қўшиш йўли билан узил-кесил 5 (беш) йил 1 (бир) ой озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлансин. Судланувчи Бобониязов Бунёджон Рузикуловичга жазони умумий тартибли колонияларда ўташ тайинлансин. Жазони ўташ муддати 2023 йил 14 апрель кунидан бошлаб ҳисоблансин”, - дейилади суд қарорида.

2023 якуни: Блогерларни қамаш йили
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:17:01 0:00

Озодликда нусхаси мавжуд суд ажримидан маълум бўлишича, Бобониёзов Facebook тармоғида “Boboniyoz Ahmad” номи остида постлар ёзиб келган.

Бу постлардан баъзилари суд ҳужжатларида келтирилади.

Жумладан, 2022 йил 29 октябрь куни ёзган изоҳида у Ўзбекистон раҳбари Шавкат Мирзиёевни "Путинга сотилганлик"да айблайди.

“Кутилганидек, Шавкатизмнинг тахти кетди. Бу жараён Путиннинг Танзилага орден бериши орқали бошланди. Каримов ўлдирилганида, Патрушевнинг вагнерчилари Тошкентда жойлашиб олганди ва агар Мирзиёев тахтга ўтказилмаганида ҳамма ёқ алғов-далғов бўлиши билан қўрқитилиб, Рустам Азимовга йўл берилмади. Лекин, 2016 йилларда Рустам Азимовнинг катта имкониятлари бор эди. Рустам Азимов ўша даврда, ғарб билан алоқалари яхшилиги туфайли, унинг президент бўлиши Ўзбекистоннинг 100 фоиз путин тассарруфига ўтмаслиги аниқ эди ва ғарб алоқалар яхшиларди. Ўзбекистон мардикорликдан озод бўлар эди ва ўзига тўқ яшарди”, - дея Бобониёзовнинг постидан иқтибос келтирилади суд ҳужжатларида.

Жиноят ишлари бўйича Самарқанд вилояти суди қарори.
Жиноят ишлари бўйича Самарқанд вилояти суди қарори.

2023 йил 13 январь кунги “Ўзбекистон ҳокимияти босқинчи тамсилчиси” дея сарлавҳаланган постида эса у Шавкат Мирзиёевни Россия раҳбари Путиннинг Украинага қарши урушини дастаклашда айблайди.

“Ўзбек халқи совуқдан, ис газидан ўлмоқда. Завод ва фабрикалар газ ва электр етишмаслигидан тўхтатилди. Инсонлар маошсиз таътилга жўнатилди. ШМ ва унинг клани путинизмнинг Украинага қарши урушини дастакламоқда”.

Жиноят ишлари бўйича Самарқанд вилояти суди қарори.
Жиноят ишлари бўйича Самарқанд вилояти суди қарори.

Ўзбекистон Адлия вазирлиги ҳузуридаги суд экспертиза маркази мазкур постда “президентни ҳақоратлаш, обрўсизлантириш билан боғлиқ ҳаракатлар мавжуд”, дея хулоса берган.

Суд ҳукмида айтилишича, Самарқанд вилояти Пахтачи туманида туғилган икки фарзанднинг отаси Бунёджон Бобониёзов узоқ йиллар Россиянинг Уфа шаҳрида яшаган.

Россияда экан у 2007 йилда зўравонлик ва ўғриликда айбланиб уч йил қамоқ жазосини ўтаган.

Суд ҳужжатларида Бунёджон Бобониёзов Ўзбекистонда тақиқланган “Эрк” мухолифат партиясининг фаол аъзоси бўлгани ва у Ўзбекистон Жиноят кодексининг 159-моддаси билан қидирувда бўлгани ҳам айтилади.

Жиноят ишлари бўйича Самарқанд вилояти суди қарори.
Жиноят ишлари бўйича Самарқанд вилояти суди қарори.

Суд ҳукмидан аён бўлишича, Бобониёзов 2023 йилнинг апрелида ҳибсга олинган.

Лекин қидирувга берилган Бобониёзов Россиядан қачон ва қай шаклда Ўзбекистонга келгани ҳақида суд ҳужжатларида айтилмаган.

Ҳукмда айтилишича, у судда ўзига қўйилган айбга иқрор бўлган, "фарзандлари борлигини айтиб суддан енгиллик сўраган".

Аммо, Жиноят ишлари бўйича Самарқанд вилоят суди Бобониёзов адвокатининг бу ҳақдаги сўровини қондирмаган.

“Абсурд айблов”

Мухолифатдаги “Эрк” демократик партияси раиси Муҳаммад Солиҳ Бунёджон Бобониёзов исмли шахсни танимаслигини айтди ва унга қўйилган айбни "абсурд" деб атади.

“Балки “Эрк” партиясига хайрихоҳлардан бўлиши мумкин, лекин бизнинг рўйхатимизда бундай исм йўқ. Лекин, у партиямизга аъзоми ёки аъзо эмасми, бунинг ҳеч аҳамияти йўқ. Бу одамнинг айтаётган гапи муҳим ва шуни муҳокама қилишимиз мумкин. Агар Бунёджон Бобониёзов ҳақиқатан ҳам Мирзиёевни Путин билан Украина масаласида ҳамкорлик қилаётганини айтган бўлса, тўғри айтган. Уруш бошланганидан бери ўзининг Путин ташқи сиёсатига ҳайрихоҳлигини Мирзиёев ҳар хил шаклда кўрсатиб турибди. Мен унинг Украинадаги уруш масаласида бирон бир шаклда қарши демарш қилганини эслолмайман. Бу одамнинг ёзганларида конституцияга қарши ҳеч бир нарса кўраётганим йўқ. Унга 159 - модда қўйилишининг ўзи абсурд. Зотан, абсурд бўлмаган нарсани бугунги ҳокимиятдан кутишни ўзи мумкин бўлмай қолди", - дейди Муҳаммад Солиҳ Озодлик билан суҳбатда.

"Эрк" партияси раҳбарининг фикрича, Ўзбекистон Каримов давридаги репрессияларга қайтмоқда.

"Ўтган 2023 йилда қамалга блогерларни сонини ҳисоблаб чиқсак ва улар нима учун қамалганлигини мулоҳаза қиладиган бўлсак, Ўзбекистон ўша Каримов давридаги стагнация босқичига киряпти. Яъни, сиёсий стагнация. Тўғри, бошланғичда биз ҳам озгина ноумид шайтон дегандай озгина умид қилдик ва Мирзиёев режими ҳақида баъзи ижобий фикрларни ҳам билдирган эдик. Лекин, аввалги интуитив хис бугун ғолиб келди, яъни Ўзбекистон яна давлат террори босқичига киряпти деб қўрқаман”, - дейди Муҳаммал Солиҳ.

Бир йилда 4 фуқаро тармоқдаги изоҳи учун қамалди

Озодлик сўнгги бир йилда Ўзбекистонда камида тўрт фуқаронинг ижтимоий тармоқларда ёзган пости учун ЖКнинг айни моддаси бўйича қамоқ жазосига маҳкум этилганини аниқлади.

26 октябрь куни Самарқанд вилояти Каттақўрғон тумани суди Дилшод Искандаровни Ўзбекистон Жиноят кодексининг 158-моддаси, 3-қисми - "Ўзбекистон президентини омма олдида ҳақоратлаш ёки унга туҳмат қилиш"да айбдор деб топди.

Озодликда нусхаси мавжуд суд ҳукмидан маълум бўлишича, Искандаров шу йил ўрталарида Россияда бўлган пайтда Инстаграм ижтимоий тармоғида “President family” номли видеолавҳа остида “avlodinggiga …Sh.M.Mirziyoyev” (имло ўзгаришсиз берилмоқда - таҳр.) деган изоҳ қолдирган.

Ўтган йил январь ойида эса фарғоналик 27 ёшли Ўткирбек Собиров Фарғонада газ тақчиллигидан норози бўлиб Телеграмдаги “Қўқон метан газ” номли гуруҳда овозли шарҳ қолдиргани учун уч йилга қамалган.

Экспертиза Собировнинг овозли матнида “президентни ҳақоратлаш аломатлари” борлигини аниқлаган.

“Собиров 2022 йил 27 январь куни табиий газ ва электр тармоғидаги узилишлар сабабли давлатимизда юритилаётган сиёсатдан норози бўлиб Ўзбекистон президентини ҳокимиятдан четлатиш лозимлигини айтиб, қонуний равишда сайланган ҳокимият вакилини ҳокимиятдан четлатишга очиқдан-очиқ даъват қилиб шу мазмундаги фикрларини овозли ва матнли шаклда гуруҳга жойлаштириб, “Қўқон метан газ” номли гуруҳга тарқатган. Бундан ташқари гуруҳ аъзоларини Қўқон шаҳридаги Ўрда мажмуаси олдида йиғилиб митинг ўтказишга чақирган”, дейилади суд ҳукмида.

Ундан олдин Фарғона вилоятининг Қува туманида 30 ёшли Аҳрорбек Қўчқоров Телеграмдаги овозли пости учун 4 йиллик уй қамоғига маҳкум қилинганди.

Суд ҳукмида Қўчқоров “Қўқон метан газ” номли гуруҳида “ўзбек тилининг ўта қўпол сузлашувидаги сўзлари ёрдамида президентни обрўсизлантириб ҳақорат қилган”и айтилади.

Бундан олдин Ўзбекистонда турли нашрлар босган мақолалар остида қолдирган изоҳи ёки ижтимоий тармоқлардаги пости учун блогер ва фойдаланувчилар ИИБ ва ДХХга чақирилгани, айримлари жаримага тортилгани ҳақида Озодлик хабар берган.

Медиа экспертларга кўра, медиа ҳуқуқида "ҳақорат қонунлари ("Insult Laws") деб аталувчи қонунчиликдан ҳукуматлар амалда фикр, ифода, юмор учун жазолаш ва сўз эркинлигини чеклаш мақсадида фойдаланиш ҳоллари кўплаб учрайди.

Халқаро ташкилотлар у ёки бу давлатда матбуот эркинлиги аҳволини ўрганар экан, асосий эътибор "ҳақорат қонунларнинг тури ва сонига қаратилади.

Халқаро матбуот институти (International Press Institute) Ўзбекистон қонунчилигидаги бир қатор моддаларни матбуот эркинлигига таҳдид сифатида баҳолаган.

Булар Жиноят кодексининг Туҳмат ва ҳақорат учун жавобгарликни назарда тутадиган 139-140 ҳамда Давлат рамзларига ҳурматсизлик қилиш учун жавобгарлик белгиловчи 215-моддалари. Миллий, ирқий, этник ёки диний адоват қўзғатиш учун жавобгарликни назарда тутувчи 156-модда ҳам шулар жумласидан.

Жиноят кодексининг 158-моддаси 3-қисмига асосан президентни омма олдида ҳақоратлаш ёки унга туҳмат қилиш, шунингдек, матбуот ёки бошқа оммавий ахборот воситаларидан, телекоммуникация тармоқларидан ёки Интернет бутунжаҳон ахборот тармоғидан фойдаланган ҳолда уни ҳақоратлаш ёки унга туҳмат қилиш уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки икки йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёхуд беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

“Ўзбекистон Республикаси Президенти фаолиятининг асосий кафолатлари тўғрисида”ги қонуннинг 4-моддасига асосан эса Президентнинг шаъни ва қадр-қимматига путур етказилишига йўл қўйилмайди ҳамда бундай ҳаракатлар қонун билан таъқиб қилинади.

"Чегара билмас мухбирлар" ташкилотининг матбуот эркинлигига оид сўнгги рейтингида Ўзбекистон аввалги йилга нисбатан 4 поғона пастлаб 137-ўринни эгаллади.

Ташкилотга кўра, Ўзбекистонда ОАВ эркинлиги билан боғлиқ вазият "мураккаб" бўлиб қолмоқда, ОАВ тўғрисидаги "репрессив" қонунлар амалда ҳамда "кузатув, цензура ва ўз-ўзини цензура қилиш" ҳукмрон

Форум

XS
SM
MD
LG