Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 14:59

Президент ўз матбуот котиби ва телевидение раисини нега ишдан олди?


Ўзбекистон президентининг матбуот хизмати раҳбари Асаджон Хўжаев ва Миллий телерадиокомпания раиси Бобур Алихоновлар бир кунда - 29 август куни ишдан олинди. Бу ҳақдаги турли нашрлар хабарларини Озодликка МТРКда ишлайдиган журналист тасдиқлади. Унга кўра¸ бу икки мулозим Самарқанд шаҳрида бошланган "Шарқ тароналари" фестивали ёритилишида йўл қўйилган камчиликлар туфайли ишдан олинган. Лекин, бу хабарнинг, ҳозирча расмий тасдиғи йўқ.

Бу маълумотни Ўзбекистон президенти девонида ишлайдиган мулозим ҳам Озодлик мухбирига тасдиқлади.

Айни пайтда, Kun.uz нашри ҳам, ўз манбаларига таяниб, бу икки раҳбарнинг ишдан олиниши "Шарқ тароналари" фестивали ёритилиши билан боғлиқлигини ëзди.

Сешанба куни ишдан олинган Асаджон Хўжаев жорий йил мартида президент матбуот хизмати раҳбари лавозимига тайинланган бўлса¸ Бобур Алихонов МТРК раиси сифатида бор-йўғи 27 кун ишлади.

Мирзиëевнинг ТВни ислоҳ қилиш ташаббуси ортидан Бобур Алихонов апрелдан буён компания раисининг биринчи ўринбосари сифатида фаолият кўрсатиб келаётган эди.

У 2 август куни лавозимдан озод этилган Хуршид Мирзоҳидов ўрнига тайинланган эди.

МТРКда ишлайдиган журналистнинг Озодликка айтишича¸ Ўзбекистон МТРК Медиа марказида 21 август куни бўлиб ўтган мажлисда ТВ дастурларни танқид қилган Бош вазир Абдулла Арипов Бобур Алихоновга ҳайфсан берган.

Журналистга кўра¸ ўша кунги мажлисдаëқ Бобур Алихоновнинг ишдан кетиши аниқ бўлган.

“Шарқ тароналари”нинг очилиш маросимини эфирга узатган техниклар нега жазоланди?

“Шарқ тароналари” фестивалининг ТВ трансляцияси билан шуғулланаëтган гуруҳ аъзосининг Озодликка айтишича¸ 28 август кунги эфир учун масъул бўлган техник ходим ва тасвирчилар жазоланган.

- Президент оиласини кўп кўрсатиб юборишгани учун, кечаги эфирда банд бўлганларга огоҳлантириш берилди. Тушунтириш хати ëзилди. Президент оиласи, рафиқаси, икки нафар куёви, кичик ўғилчаси катта экранда кўрсатилганига айбдор қидиришяпти,- дейди суҳбатдош.

МТРК каналларидан бирида яқинда иш бошлаган ва исми айтилишини истамаган журналистга кўра¸ "Шарқ тароналари" фестивали ёритилишида президент матбуот хизмати раҳбари Асаджон Хўжаев ва Миллий телерадиокомпанияси раиси Бобур Алихоновлар асосий масъулият юкланган мулозим бўлишган.

Мусиқа фестивалининг теленамойишида президент оила аъзолари кўринган
Мусиқа фестивалининг теленамойишида президент оила аъзолари кўринган

Журналистга кўра¸ миллий телеканал орқали президент оила аъзолари катта планда кўрсатилгани билан боғлиқ ҳолат ортидан бу икки мулозим 29 август куни ишдан бўшатилган:

- Юлдуз Усмонова қўшиқ айтаëтган пайтда президентнинг ҳар иккала куëви йирик планда кўрсатилди. Фарруҳ Зокиров қўшиқ айтганида президентнинг кенжа ўғли қаторлар орасида югуриб юргани кўрсатилди. Бу нарса давлат раҳбарига ëқмаган. Бош вазир Абдулла Арипов ва давлат маслаҳатчиси Ҳайриддин Султонов иштирокида 29 август куни ўтказилган кичик мажлисда Хўжаев ва Алихонов ишдан бўшатилди, - деди журналист.

Мусиқа фестивали теленамойишида президентнинг икки куëви ҳам катта планда кўринган
Мусиқа фестивали теленамойишида президентнинг икки куëви ҳам катта планда кўринган

30 август пешингача бўлган ҳолатда МТРК раиси ўринбосари лавозими бўш қолмоқда.

МТРКда ишлайдиган бир-биридан мустақил журналистларнинг ишонишича¸ МТРК раислигига Бош вазирнинг қудаси¸ 2005 йилдан то жорий йил февралигача телевидениега раҳбарлик қилиб келган Алишер Хўжаев номзоди кўриб чиқилмоқда.

ТВ даги раҳбар алмашинув силсиласи

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ҳокимиятга келгандан сўнг телевидениедаги бир қанча раҳбарларни алмаштирди.

Мирзиëев Ўзбекистон Халқ артисти, хонанда Озодбек Назарбековни “Ëшлар” телерадиоканали Бош директори қилиб тайинлади. Аммо орадан узоқ вақт ўтмай, Назарбеков Ўзбекистон Маданият вазири ўринбосари этиб тайинланди.

Жорий йилнинг февраль ойида Хуршид Мирзоҳидовни МТРК раиси қилиб қўйган президентнинг ўзи август ойи бошида уни ишдан бўшатди ва Бобур Алихоновни директор қилиб қўйди.

29 август куни Алихонов ишдан бўшатилди.

Ўзбекистон Миллий телерадикомпанияси раисининг биринчи ўринбосари лавозимидан 17 август куни бўшатилиб, “Ўзбекистон" каналига директор этиб тайинланган Хайрулла Нуриддинов 21 август куни яна эски лавозимига қайта тикланди.

Уч кун Миллий телерадиокампания раисининг биринчи ўринбосари бўлган Баҳодир Юнусов эса “Ўзбекистон” телеканалига директор бўлди.

"Ўзбекистон 24" телеканалининг маълум қилишича, “Ўзбекистон” телеканалига Хайрулла Нуритдиновгача директорлик қилган Нодир Тўлаганов Озод Ҳамидхўжаев ўрнига "Ўзбекистон 24" телеканали директори этиб тайинланган.

XS
SM
MD
LG