Россия Давлат думасининг “Справедливая Россия – За правду” фракцияси раҳбари, депутат Сергей Миронов Ўзбекистоннинг Қозон шаҳридаги бош консуллиги фуқароларни Россия армиясида хизмат қилмасликка чақирганидан дарғазаб бўлди.
Қозондаги консулхона 14 октябрь куни ватандошларга хорижий давлатлар ҳудудида ҳарбий ҳаракатларда иштирок этиш оқибатини эслатиб, ЖКга зид ушбу ҳаракатни содир этган фуқаролар “истисносиз жиноий жавобгарликка тортилиши”дан огоҳлантирган эди.
19 октябрь куни Давлат думаси депутати Сергей Миронов Ўзбекистон билан виза режимини жорий қилишга чақирди.
“Ўзбекистоннинг Қозондаги бош консуллиги Ўзбекистон фуқароларини Россия армияси сафларига қўшилмасликка чақирди. Нега улар (фуқароларини) суюнчи пулини олмасликка ундамайди? Бошқа имтиёзлардан фойдаланиш мумкин-у, лекин сизни боқаётган мамлакатни ҳимоя қилиш мумкин эмас экан-да! Виза режими билан ҳаммаси ҳал бўлади! Фақат шу йўл билан! Бундай “фуқаролар”нинг боридан йўғи яхши”, деб ёзган Миронов Х ижтимоий тармоғидаги саҳифасида.
Ўзбекистонлик депутатлар ва фаоллар рус сиёсатдонининг бу фикрига кескин эътироз билдирди.
“Ўзбеклардек баракали халқ ҳаққини меҳнат қилиб топади, одам ўлдириб эмас. Россияни эса Мироновнинг ўзи, ўғиллари, куёвлари, неваралари ҳимоя қилиши керак. Билишимча, руслар ҳам Ватанни ҳимоя қилишни ўзбеклардагидек муқаддас бурч ҳисоблайдилар”, деб ёзди “Миллий тикланиш” демократик партияси раиси Алишер Қодиров Телеграм-каналида.
Журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ректори Шерзодхон Қудратхўжа фикрича, ўзбекистонлик мигрантлар рус заминида ишлаб шунчаки қорнини тўйдириб қолмай, Россия юқори табақа вакилларининг бойишига ҳам ҳисса қўшмоқда.
“Миронов жаноблари учун алоҳида тушунтириш бериб ўтсам: мамлакатимиз фуқаролари РФ ҳудудида ВАҚТИНЧА яшашади. Улар сизнинг фуқароларингиз ишлашга бўйни ёр бермаган жабҳаларда меҳнат қилар экан, фақат ўзларини боқишмайди. Сиздан фарқли ўлароқ улар бир бурда нонини пешона тери билан, қон ютиб топади. Айни пайтда улар фарзандлари сафарбарликдан қочиб “чириган Европа ва Америка”дан бошпана топган Россия истеблишментининг маргинал ва коррупциялашган қатлами бойишига кўмаклашади”, деб ёзди Қудратхўжа рус тилидаги постида.
У, шунингдек, Россиянинг виза режими таҳдидига жавоб чора сифатида Ўзбекистондаги рус релокантларини пахта теримига юборишни таклиф қилган.
Россия билан дипломатик можаролар фонида жамоат фаоллари Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигига “исталмаган шахслар” рўйхатини шакллантириш таклифи билан чиққанди.
Олий Мажлис Сенати жорий йил 20 сентябрь куни чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни Ўзбекистонда номақбул деб топишга доир қонунни маъқуллади.
Фаоллар “Ўзбекистоннинг ички ишларига аралашган” Мироновни ҳам ушбу рўйхатга тиркаш ва person non grata деб топишни таклиф қилмоқда.
“Афсуски, юқори мартабали сиёсатчининг бу гаплари Россия томони Ўзбекистон билан алоқаларни бузиш учун баҳона қидираётганини кўрсатмоқда. Шу ўринда жаноб Мироновга савол: агар Ўзбекистон ўз ҳудудида ишлаётган рус фуқароларини Ўзбекистон манфаати учун қаергадир урушга жўнатганида Россия дипломатик ваколатхоналари индамай туришармиди? Кейин, Ўзбекистонда ҳам қарши томонга нисбатан худди шундай виза режими жорий этиш имконияти борлигини унутмаслик керак. Менимча, Ўзбекистон учун номақбул шахслар рўйхатига Захаровадан сўнг ким киритилиши кераклиги кўпчиликка тушунарли бўлган бўлса керак”, деб ёзди Экология вазири маслаҳатчиси ва жамоат фаоли Расул Кушербоев.
“Юксалиш” ҳаракати раиси, парламент депутати Бобур Бекмуродов бундай тажовузкор риторика икки давлатнинг иттифоқчилик муносабатларига салбий таъсир кўрсатади деган фикрда.
“Биринчидан, биз ватандошларимиз бошқа давлатнинг урушларига жалб қилинишига ҳеч қачон рози бўлмаймиз. Консуллигимиз фуқароларимизни Ўзбекистонда ноқонуний ҳисобланган ҳаракатлардан ҳимоя қилиши табиий ва адолатли. Иккинчидан, ватандошларимиз ўз меҳнатлари билан Россиянинг иқтисодиётига ҳисса қўшяпти. Ижтимоий нафақаларни инсон ҳаётига таҳдид қилувчи ҳаракат билан солиштириш саводсизлик ва аҳмоқликдир”, дейди Бекмуродов.
Бу сўнгги бир ой ичида Тошкент ва Москва ўртасида кузатилаётган иккинчи дипломатик можаро.
Сентябрь ойида Тошкентдаги мактабда рус тили дарсида ўқувчига нисбатан зўравонлик содир этилганига Россия Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Мария Захарова норозилик билдирган, фаоллар буни Ўзбекистоннинг ички ишларига аралашув ўлароқ танқид қилиб чиққан эди.
Ўшанда Захарованинг баёнотига муносабат билдирмаган Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Мироновнинг баҳсли чиқиши борасида ҳам изоҳ берганича йўқ.
Форум