Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 10:52

"Ўзбек Жириновскийси". Тошкент ичидаги гапларни Қодиров орқали айтяпти


“Миллий тикланиш” партияси раиси Алишер Қодиров ва Россия ТИВ расмий вакили Мария Захарова. Коллаж
“Миллий тикланиш” партияси раиси Алишер Қодиров ва Россия ТИВ расмий вакили Мария Захарова. Коллаж

Шу ҳафта бошида Ўзбекистондаги бир мактабда юз берган зўравонлик ҳодисаси Россия ва Ўзбекистон ўртасида дипломатик можарога айланиб кетди.

Бу сафар Россия Ташқи ишлар вазирлигининг жаҳлдор ва бир вақтнинг ўзида кулгили ва жангари матбуот котиби Мария Захарова ўзига анча муносиб рақиб топа олди.

Жанжалга сабаб бўлган ҳодиса 23 сентябрь куни Тошкентдаги бир мактабда содир бўлганди.

Рус тили дарсида ўқитувчи аёлдан 10 ёшли ўқувчи нега рус тилида гапирмаётганини сўраганидан сўнг, унинг қулоғини тортиб, юзига тарсаки туширди.

Ҳодисанинг хавфсизлик камераси тасвирлари интернетда тарқалиб, Россия ижтимоий тармоқларида кучли реакция уйғотди.

25 сентябрь куни Ташқи ишлар вазирлиги вакили Мария Захарова интервьюсида Россия "Ўзбекистон томонидан расмий тушунтириш талаб қилганини" маълум қилди.

Захарова терговни талаб қилиб, "ушбу шафқатсиз муомалани содир этган шахсга нисбатан чора кўриш лозимлигини" қўшимча қилди.

Россиянинг Ўзбекистон мактабларига аралашиши, ўз навбатида, Ўзбекистонда кучли норозиликка сабаб бўлди.

Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси раис ўринбосари Алишер Қодиров Telegram’да Захаровани ҳам лол қолдирадиган жавобни берди.

"Миллий тикланиш" демократик партияси раҳбари Қодиров шундай ёзди: "Бизни ички ишларимиз ҳақида бош қотиргунча муаммоларга тўла ўзларининг ишлари билан шуғулланишса тўғри бўлар эди.".

"Бола ҳуқуқи Ўзбекистон Республикасининг мактабида, Ўзбекистон фуқаросининг боласига нисбатан бузилди ва чораси Ўзбекистон халқи номидан қабул қилинган қонунлар асосида кўрилади!" дея қўшимча қилди Қодиров.

"Ўзбек Жириновскийси"

Қодиров Ўзбекистоннинг сокин сиёсий майдонида ғайриодатий шахс бўлиб, ҳар замонда шовқин кўтариб туради.

Шу ой бошида "Times of Central Asia" газетасида чоп этилган мақоласида Марказий Осиё бўйича эксперт Брюс Панниер Қодировни "Россия шовинизмига қарши Ўзбекистоннинг асосий вакили" деб атади.

Шу билан бирга, Ўзбекистоннинг сиёсий тизими ҳали ҳам чуқур авторитар эканлигини ҳисобга олган ҳолда, Панниер Қодиров "ўзи айтган гапларни ҳукуматдаги юқори лавозимли шахсларнинг розилигисиз айтмаган бўларди" деб таъкидлади ва унинг Россия миллатчилигига ҳамда Совет Иттифоқига қарши бир қанча баёнотларини келтирди.

Айниқса, йил бошида россиялик сиёсатчи ва олим Марказий Осиё мамлакатлари тарихи ва халқи ҳақида ҳақоратли фикрлар билдирганидан сўнг, Қодировнинг Россия телеканалларининг Ўзбекистонда эфирга узатилишини тўхтатиш таклифи диққат тортди.

“Ҳақиқий ўзаро дўстлик”. Путин Ўзбекистонда қолиб кетди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:14:17 0:00

Шунга қарамай, Қодировни кўпинча киноя билан "Ўзбек Жириновскийси" деб аташади. Бу 2022 йилда вафотига қадар тахминан ўттиз йил давомида Россиянинг пост-совет сиёсатида доимий иштирокчи бўлган россиялик миллатчи сиёсатчи Владимир Жириновскийга ишорадир.

Бу қиёс Қодировнинг ўзига ёқмайди.

2022 йил октябрь ойида британиялик журналист Жоанна Лиллис билан Х ижтимоий тармоғидаги мулоқотда Қодиров ўзининг Жириновский сингари шовинист эмаслигини таъкидлаб, аксинча, Ўзбекистоннинг "анъаналаримиз ва қадриятларимиз билан уйғун ҳолда миллий тараққиёти" тарафдори эканини айтган.

Қодиров Ўзбекистоннинг ЛГБТ-жамияти аъзоларини мамлакатдан чиқариб юборишни таклиф қилган эди. Бу эса Жириновскийга хос бўлган муросасизликка ўхшайди.

Бу лақаб унга ёпиштирилишининг сабабларидан атиги ярми, холос.

Жириновский сингари, Қодиров ҳам "дангалчи инсайдер" ва "тизимли мухолифат" ролини ўйнаган бўлса-да, ўзига юклатилган вазифадан ташқари ҳеч қандай ҳақиқий сиёсий интилишлари йўқдек кўриниши муҳимроқ ҳисобланади.

2021 йилда Қодиров президент Шавкат Мирзиёевга қарши турган тўрт номзоддан бири эди.

Кўпчилик сайловчилар Мирзиёевдан ташқари, сайлов бюллетенида таниган ягона ном шу эканини айтишди.

Бироқ у ҳеч қачон амалдаги раҳбарнинг устунлигига таҳдид солмаган, айниқса, хорижда ишлаб пул топаётган ўзбекистонликларнинг ватанларидаги оилаларига юборадиган маблағларини солиққа тортиш ҳақидаги номаъқул таклифни илгари сурганидан сўнг.

2023 йилги муддатидан олдинги сайловлар олдидан Қодиров ва унинг "Миллий тикланиш" партияси Мирзиёев номзодини қўллаб-қувватлади.

Янги вазият, янгича ёндашув?

Барча ушбу эътирозларга қарамай, Қодиров Ўзбекистонда нисбатан янги ҳодиса ҳисобланади.

Ислом Каримовнинг чорак асрлик ҳукмронлиги даврида Каримовнинг ўзидан бошқа деярли ҳеч бир амалдор эътиборни тортадиган гап айтмасди.

Бу Мирзиёевга ҳам тегишли эди, у 13 йил давомида Каримовнинг бош вазири бўлган, аммо фақат у вафот этганидан кейингина ўзини намоён эта бошлаган.

OzodNazar: Алишер Қодиров кўпроқ овоз олади деб ўйлагандим
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:17:30 0:00

Ўзбекистоннинг дипломатик доиралари эса ўта эҳтиёткор.

Бироқ Тошкент нуқтаи назаридан, янги геосиёсий вазият янгича ёндашувни талаб қилаётган бўлиши мумкин.

Сўнгги ўн йил ичида Россиянинг Украинадаги уруши янада тажовузкор риторика ва ўзининг совет ва империя тарихини янада қатъийроқ таъкидлаш билан қўшилди.

2015 йилда ҳозирги лавозимига келган Захарова маълум маънода бу тенденцияни акс эттиради.

Бундан ташқари, доимо илгари Москва назорати остида бўлган мамлакатлар ва жамиятларни танқид қилиш ва ҳақоратлашга тайёр турган кўплаб рус экспертлари, журналистлари ва қонунчилари бор.

Бундай вазиятлар Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати раҳбарларини банд қилиб қўйиши мумкин – бу ҳақда Ўзбекистоннинг қўшниси Қозоғистонда Ойбек Смадияровдан сўранг.

Захарованинг аралашувидан сўнг, тўғридан-тўғри дипломатик жавоб беришга кўплаб талаблар пайдо бўлди.

"Gazeta.uz" нашри таълим бўйича эксперт Комил Жалиловнинг 26 сентябрдаги сўзларидан қуйидагича иқтибос келтиради: "Эҳтимол, ўзларини ҳамон «катта оға» ёки «катта опа» деб ҳисоблайдиган шимолликларга Ўзбекистон суверен давлат эканлигини ва ўзбек мактабларидаги интизом масаласини ўзимиз ҳал қила олишимизни айтишимиз мумкиндир?"

Тарих ва пропаганда: Кремл ўзбек дарсликларига қизиқмоқда
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:27:10 0:00

Молиявий таҳлилчи Отабек Бакиров Х тармоғида қайси ўзбекистонлик амалдор Россияга "Ўзбекистон мактабларида нима бўлаётгани Ўзбекистоннинг ички иши" деб айта олади деб сўради.

Охир-оқибат, шундай жавоб берилди, дейиш мумкин.

БМТ Бош Ассамблеясига ташрифи ҳақида маълумот бераркан, Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов 27 сентябрь куни ўзининг расмий Telegram- каналида БМТ Бош Ассамблеяси доирасида Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров билан музокаралар ўтказганини маълум қилди.

Саидовнинг ёзишича, музокаралар давомида икки томон "ўзаро ишончни мустаҳкамлаш учун давлатларнинг бир-бирининг ички ишларига аралашмаслик тамойилига содиқ қолиш муҳимлигини таъкидлади".

Бироқ бундай баёнотлар сатрлари орасини ўқий оладиганлар учун. Ошкора айтилмайдиган нарсаларни баланд овозда айтиш учун эса Алишер Қодиров бор.

Форум

XS
SM
MD
LG