Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 18:40

Кореяда нолегал юрган мигрантга Ўзбекистон Миграция агентлиги 101 417 250 сўм жарима солди


Жанубий Кореяда нолегал ишлаб юрган ўзбекистонлик 40 яшар меҳнат муҳожирининг Қашқадарёдаги уйига 3 март куни Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг Ташқи меҳнат миграцияси агентлигидан 101 миллион 417 минг 250 сўмлик жаримани тўлаб қўйиш тўғрисида талабнома келди.

Агентликдан 2018 йил 29 майида чиққан, лекин адресатга орадан 9 ой ўтиб етиб борган хатда тақрибан 12 минг долларлик жарима мигрант билан 2006 йилда тузилган шартнома шартларидан келиб чиққани билдирилиб, уни 7 кун ичида тўлаб қўйиш талаб қилинган.

Жаримани тўлашдан бош тортаётган мигрантнинг Озодликка айтишича, у Агентлик билан 2006 йилда имзолаган шартнома мажбуриятлари доирасидан ўз вақтида чиқиб кетган, бинобарин унга жарима нотўғри солинган.

Шахси очиқланса жариманинг устига қўшимча “бош оғриқ” ошириб олишидан чўчиётган қашқадарёлик 40 яшар меҳнат муҳожирининг Озодликка айтишича, у бундан 13 йил муқаддам – 2006 йилнинг кузида Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги билан шартнома имзолаб Жанубий Кореяга ишга кетган.

100 миллион сўмлик жаримани тўлаб қўйиш тўғрисидаги Агентлик талабномасида қаҳрамонимиз шартномани 2006 йил 25 сентябрда имзолагани ва Кореяга ўша йилнинг 23 октябрида жўнаб кетгани эслатилган.

Агентлик ўз талабномасида мигрант Кореяда 1 йил ўқиш ва стажировкада бўлиши, 2 йил ишлаши ва шартнома муддати тугашига 4 кун қолганда мамлакатдан чиқиб кетиши шартномада ёзиб қўйилгани эслатилган.

Агентликнинг ёзишича, қаҳрамонимиз шартнома талабларини бузиб, Кореяда қолиб кетган.

Бироқ Озодликка шикоят қилган мигрантнинг айтишича, у ўз вақтида, яъни 2009 йилнинг октябрида Ўзбекистонга қайтган, Агентликка учраб, қайтиб келганини билдирган. Яъни шартнома шартларини тўлиқ бажариб, зиммасидаги мажбуриятларни соқит қилган.

Ўзбекистонга ўз вақтида қайтиб келганига далил сифатида мигрант шартнома доирасида ишлаб юрган даврида 1 йил давомида ҳар ой 300 минг вондан (бир йилда 3 млн 600 минг вон – тақрибан 3200 доллар) Агентлик ҳисобига ўтказиб турганини, қайтгач Агентлик ўша пулни “тушмаган”, деб бермаганини иддао қилди.

Жанубий Кореяда нолегал юрган муҳожирга Миграция агентлигидан юборилган талабнома
Жанубий Кореяда нолегал юрган муҳожирга Миграция агентлигидан юборилган талабнома

Нолегаллик қачон ва қандай бошланди?

Қашқадарёлик меҳнат муҳожири ҳозирда Жанубий Кореяда нолегал юрганини яшираётгани йўқ. Фақат, унинг иддао қилишича, бу нолегалликнинг Агентлик билан тузилган Шартномага алоқаси йўқ.

“Кореядан 2009 йилнинг октябрида қайтиб келганимдан сўнг мени корейс тилини яхши билганим учун Кореяда ишлаганим корхона раҳбари ўзи таклиф қилди, визани ўзи тўғрилади, мустақил равишда виза олиб, Кореяга кетдим ва 2012 йилгача корхона билан тузилган контракт асосида ишладим. 2012 йили контрактим муддати тугади ва нолегал бўлиб қолдим”, - деди нолегал қашқадарёлик.

101 миллион 417 минг 250 сўмлик жарима қандай пайдо бўлди?

Агентликдан мигрантнинг Қашқадарёдаги уйига келган талабномада меҳнат муҳожири Кореяда ноқонуний истиқомат қилган ҳар бир йили учун Корея Республикасида белгиланган энг кам ойлик иш ҳақининг икки карраси миқдорида жарима солиниши белгилаб қўйилгани эслатилган.

Талабномада кўрсатилишича, Корея Республикасида белгиланган энг кам ойлик иш ҳақининг икки карраси 1 352 230 вондир. Бу 10 141 725 ўзбек сўми бўлади.

Агентликнинг ҳисобича, қаҳрамонимиз 2018 йилнинг баҳоригача Кореяда 10 йил нолегал юрган, бинобарин у тўлайдиган жарима 101 миллион 417 минг 250 сўмга етган.

Агар меҳнат муҳожири чиндан ҳам шартнома доирасидан чиқиб кетган бўлса, Агентлик унга жарима солишга ҳақлими?

Бу саволга жавоб олиш учун Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг Халқаро бўлими билан боғландик. Бўлим мулозими Халқаро бўлимнинг вазифаларини қисқа тушунтиришу шартномалар билан юридик бўлим шуғулланишини эслатишдан нарига ўтмади.

Агентликнинг ўзининг “телефон оператори”, деб таништирган ходимаси юрист мажлисга кириб кетганини айтаркан, "эртага телефон қилиб кўришни" маслаҳат берди.

Юрист билан боғланолган тақдиримизда ҳам, бу вазиятда ундан бир жўяли гап чиқиши қийин деб ўйладик. Вазиятдан чиқишнинг икки йўли борга ўхшайди: Агентлик ўз архивларини кўтариб, қаҳрамонимиз чиндан ҳам 2009 йили шартномадан чиққанига иқрор бўлади ва солган жаримасини бекор қилади ёки иш суд орқали ҳал бўлиши мумкин.

Йиллардан буён оиласини кўролмаётган нолегаллар

Жарима билан боғлиқ ташвишидан шикоят қилган қашқадарёлик муҳожирнинг Озодликка айтишича, шу кунда Жанубий Кореяда у билган камида 200 нолегал ўзбекистонлик бор.

“Кеча, масалан, 11 ватандошим билан бирга бўлдик. Ҳаммаси - нолегал. Уларнинг ҳам уйларига жарима хатлари келибди. Лекин жарима миқдори нолегал юрган йиллари миқдорига қараб ҳар-хил”, - деди мигрант йигит.

Ҳар ой уйига 900-1000 долларга тенг ақча жўнатаётган қашқадарёлик йигитдан суҳбат давомида “2009 йилдан буён Ўзбекистонга келганингиз йўқми?” деб сўрадик хайрон бўлиб.

“Ҳа, борганим йўқ, ака, бу ерда 20 йилдан бери боролмай юрганлар бору!”- деди меҳнат муҳожири.

Алоқадор

XS
SM
MD
LG