Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 16:43

Лола отаси Ислом Каримовнинг сўнгги кунлари ҳақидаги хотирани эълон қилди (ВИДЕО)


Марҳум президент Ислом Каримов рафиқаси Татяна Каримова ва набираси Марям билан (Лола Каримованинг Инстаграмдаги саҳифасидан олинган сурат)
Марҳум президент Ислом Каримов рафиқаси Татяна Каримова ва набираси Марям билан (Лола Каримованинг Инстаграмдаги саҳифасидан олинган сурат)

Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримов вафотига бир йил тўлиши арафасида қизи - Лола Каримова-Тиллаева марҳумнинг сўнгги кунларига оид хотирани эълон қилди. Лоланинг 20 йиллик дўсти ёзгани айтилган хотирада Каримов 2 сентябр кечки соат 21га яқин ўлгани, унинг сўнгги кунларига оид тафсилотлар, қизи Лоланинг илтимоси билан жамоатчиликка очиқлангани айтилган.

Хотира муаллифи

Лола Каримова-Тиллаева 27 август куни Инстаграм тармоғидаги саҳифасида ёзишича, бир йил аввал айнан шу куни отасининг аҳволи оғирлашган ва шу боис, унинг сўнгги кунларига оид хотирани эълон қилишга қарор қилган.

Хотирани эса унинг чақируви билан 2016 йилнинг 1 сентябрида Париждан Тошкентга етиб борган, 20 йиллик қадрдони Оқила Тоирова қоғозга туширган.

Тоированинг ёзишича, Ислом Каримовнинг ҳаётини "то 31 август оқшомига қадар сақлаб қолиш мумкин деган умид" бўлган, бу умид сўнгач, Лолага далда бериш учун Тошкентга "пайшанба 1 сентябрь куни кечга томон етиб борган:

"2 сентябрь куни эрталаб касалхонага йўл олдим. Президентимизнинг рафиқалари, қизлари Лола ва Лоланинг тўнғич қизи Марям мана бир неча кундирки касалхонада уларнинг олдиларидан бир зум ҳам кетмасдан турар эдилар", деб ёзади Тоирова.

Биринчи оила илтимоси

2 сентябр куни тонгги соат 9да Ўзбекистон телевидениеси президентнинг аҳволи оғирлашганини хабар қилганини хотирлаган Оқила Тоирова:

"Шу ўринда айтиб ўтмоқчи эдимки, президентнинг оила аъзолари халқни юртбошимиз соғлиғидан бевосита хабардор қилиб бориш кераклигини қатъиян таъкидлашди, ва айнан уларнинг илтимосларига кўра юртбошимиз вафотининг сабабларини кўрсатувчи тиббий хулоса эълон қилинди", дея илова қилади.

Илк расмий хабар

Ўзбекистоннинг бириничи президенти Ислом Каримовнинг оғир хасталангани ҳақидаги илк хабар 2016 йилнинг 28 августида расмий матбуотда тарқатилган эди.

Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси 78 яшар Ислом Каримов 28 августда "стационар даволаниш" га ётқизилгани ва мутахассислар президентнинг "тўлиқ тиббий кўрик ва даволаниш жараёни учун муайян вақт талаб этилишини" билдиргани ҳақида баёнот тарқатганди.

29 август куни эса президентнинг кичик қизи Лола Каримова-Тиллаева ўз отасининг аҳволига оид ҳукумат очиқламаган баъзи тафсилотлар -отасининг мияга қон қуйилиш ташхиси билан шифохонага ётқизилгани ва “реанимация бўлимида тиббий муолажалар” олаëтганини Фэйсбук ва Инстаграм саҳифалари орқали, жамоатчиликка маълум қилган.

Қорилар тиловати

Унинг дўсти сифатида тақдим қилинган Оқила Тоирова хотирасида касалхонага борганида Каримов оғир иситма ичида ётгани, шунда зудлик билан “Ёсин” сурасини ўқиш учун қорилар чақирилганини урғулайди:

"Озгина вақтдан сўнг Анвар қори Минор масжидининг бошқа бир неча қорилари билан биргаликда етиб келишди. Билмадим, бу тасодифми ёки йўқ, аммо қорилар “Ёсин” сурасини ўқишни бошлашлиги заҳоти юртбошимизнинг тана ҳароратлари 36.5 га пасайди", дея хотирлайди Лола Каримова-Тиллаеванинг 20 йиллик қадрдони.

Дуогўй рафиқа, қиз ва набира

Унинг ёзишича, президентнинг рафиқаси, қизи ва набираси ҳам кейинги 12 соат давомида тўхтовсиз "тавҳид калимаси, саловотлар ўқиб, Оллоҳнинг исмларини зикр қилиб ўтирган".

"Лола отасининг олдидан кетмас, тез-тез уларнинг лабларини сув билан хўллаб турарди... Касалхонада деярли ҳамма кўз ёши тўкишар, Қуръон тиловат қилаётган Қориларнинг ҳам овозлари вақти-вақти билан йиғи туфайли узилиб қоларди... Ўша онларда президентимизнинг руҳлари бизни ҳис қилаётгандек эди назаримда. Уларнинг юзлари жиддий тус олган, мисоли Қуръонни диққат билан тинглаётгандек ҳамда ҳар сафар олдиларига қизлари Лола келиб гаплашганда, уни сезаётгандек эдилар", деб ёзади воқеаларнинг тирик гувоҳи сифатида тақдим қилинган Оқила Тоирова.

Каримовнинг ҳаётда қолишидан умид узилгач, дафн маросимини оиланинг ўзи режалаштирган ва васиятига кўра, Ислом Каримовни Самарқанд шаҳридаги Ҳазрат Хизр масжиди ёнига дафн қилишга кўрсатма берган.

Бир қучоқ райҳон ва Анвар қори

Тоированинг ёзишича, президент Каримов 2 сентябр куни кечки соат 21га яқин ҳаётдан кўз юмган.

"Кечки соат 21:00га яқин Оллоҳ юртбошимизнинг жонларини олди.
Биз улар билан видолашиш учун палаталарига кирдик, шу он Анвар қори ва уларнинг иккита шогирдлари ҳам хонага киришди. Улар қўлларида бир қучоқ райҳонни ушлаб туришар эди. Шунда Лола қоридан, бу шундай одатми, деб сўради. Унинг саволига жавобан Анвар қори, марҳумни уларнинг севимли гуллари билан ёпмоқчи эканликларини айтдилар. Шундан сўнг президентимизни оқ мато билан ёпишди, ҳамда Анвар қори, уларинг шогирдлари ва Лола марҳум бошининг тепаси, елка, қўлларининг устига райҳон гулларини қўйишди ва президентимиз тамомила райҳон гулларига буркандилар. Мен ҳам битта райҳон гулини сўраб олдим ва уни президентимизнинг оёқ томонларига қўйдим. Шундан сўнг барчамиз ўтирдик. Бутун хона райҳон ифорига ва Қуръон тиловотларининг ёқимли овозига тўлди. Бу жуда ҳам таъсирли онлар бўлиб, ҳам хонада, ҳам киши кўнглида равшанлик ва ёруғлик ҳукм сурарди",
деб хотирлайди марҳум Каримовнинг сўнгги кунларини Оқила Тоирова.

Оқ рўмол ва тақиқланган оқ дўппи

Оқилова 3 сентябрь куни тонгги соат 5да аэропортга йўл олгани, саҳарлаб Тошкент аэропортига элтадиган йўл йиғлаб турган одамлар билан тўлганини ёзади. Соат 8 да Самарқандга етиб борган гувоҳ бу ерда ҳам оқ рўмол ўраган ва оқ дўппи кийган кишилар кўчаларни тўлдирганини ҳикоя қилади.

Унинг ёзишича, марҳмуни аввал Самарқандда у туғилиб-ўсган уйга олиб бориб ювишган ва сўнг Регистон комплексига олиб боришган.

"Атроф оломон билан тўлган, шаҳар бўйлаб одамлар йиғиси эшитилар эди. Бу жуда ҳам оғир дамлар эди. Лола онаси билан тобутнинг кетидан юришар, биз эса уларнинг ортидан бир неча қадам орқада кетар эдик. Тобутни олиб бориш вақтида кишилар тобутга тегишга ва уни қўлма-қўл кўтаришга ҳаракат қилишар эди. Мен ўша онлар, одамларнинг ҳақиқий айрилиқ дарди ва мотамсаро кўз ёшлари гувоҳи бўлдим", деб ёзади Оқила Тоирова.

Жанозадан сўнг янграган мадҳия

Унинг ёзишича, тобутни Регистон майдонидан олиб чиқишаётганда "Ўзбекистон мадҳияси янграган", президентни васиятига биноан Ҳазрат Хизр масжиди ёнига дафн этишгандан сўнг, Самарқанднинг форумлар мажмуасида расмий хотира маросими бўлиб ўтган.

Хотира сўнггида эса "Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти ҳаётининг сўнгги кунларига оид ушбу тафсилотлар Оқила Тоирова томонидан ёзилган", дея имзо чекилган.

2016 йилнинг зиддиятли ҳафтаси

Орадан бир йил ўтиб, Лола Каримова-Тиллаева эълон қилган хотирада ҳикоя қилинган Ислом Каримовнинг сўнгги кунларида ўта зиддиятли хабар ва миш-мишлар урчиган эди. Баъзи манбалар, Каримов 28 августда ўлди, мазмунида хабар тарқатганди.

Аммо, бундай хабар ва овозаларга ўша кезда муносабат билдирмаган Ўзбекистон раҳбарияти 31 август кунги Мустақиллик байрами тантаналарини қолдирди, Тошкентдаги Мустақиллик майдонидаги “Мустақиллик ва эзгулик” монументига илк бор Ислом Каримов эмас, эндиликда президент, ўша кезда эса Бош вазир бўлган Шавкат Мирзиёев гулчамбар қўйди.

Фақат 2 сентябр кунига келиб, аввалига Каримовнинг аҳволи ўта оғирлашгани, шу куни кечки соат 10да эса унинг вафот этгани ҳақида расмий хабар берилди.

Озодлик махсус дастури Ўзбекистон сўнгги ўн йилликларининг ана шу бурилиш нуқтаси - Ислом Каримов ўлимининг кунма-кун¸ соатма-соат ривожланган хроникасини тўлиқ мана бу линкда ўқиб, тинглашингиз мумкин.

Алоқадор

XS
SM
MD
LG