Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 18:33

2016 йил Каримов билан унинг даври шоирларини ҳам олиб кетди


Якунига етаëтган 2016 йил Ўзбекистон сиëсий ҳаëтига мамлакатнинг 27 йиллик раҳбари Ислом Каримов ўлган йил сифатида кирган бўлса¸ ўзбек маданий ҳаëти учун 2016 йилхалқнинг энг таниқли адабиëт ва санъат арбобларини олиб кетган йил бўлди. Ўзбек шеъриятига халқ руҳидаги маънавий уйғониш нафасини олиб киргана Эркин Воҳидов ва Абдулла Орипов айнан шу йили кетма-кет ҳаëтдан кўз юмди.

Илтимос кутинг
Киритиш (Embed)

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:10:00 0:00
Бевосита линк

“Ўзбегим” деб танилган халқ шоири

Ўзбекларнинг норасмий гимнига айланган “Ўзбегим” қасидаси муаллифи¸ Ўзбекистон Халқ шоири ва “Ўзбекистон Қаҳрамони” Эркин Воҳидов оғир хасталикдан сўнг 30 май куни Тошкентда 79 ëшида вафот этди.

31 май куни Тошкентнинг атоқли ўзбек зиëлилари хилхонаси бўлмиш “Чиғатой” қабристонига дафн этилган Воҳидов вафоти муносабати билан мамлакатнинг ўшандаги президенти Ислом Каримов қисқагина таъзия билдирди.

Мустақилликнинг илк йилларидан то 2010 йилга қадар сиëсий ҳокимият ардоғида бўлиб келган Эркин Воҳидов¸ ҳаëтининг сўнгги йиллари давомида кенг жамоатчилик назари¸ хусусан¸ теле ва радиодастурлардан йўқолиб қолган эди.

Халқ шоирига нисбатан унинг ҳаëти сўнггида кўзга ташланган эътиборсизлик¸ унинг ўлимидан бир неча ой ўтиб¸ аниқроғи Ислом Каримов вафотидан сўнг¸ Шавкат Мирзиëев ҳокимият тепасига келиши билан ўзгарди.

2003 йили Ўзбекистон президенти Ислом Каримов Самарқанд вилояти ҳокими Шавкат Мирзиëев номзодини Бош вазирликка тавсия қилганида¸ Мирзиëевни қўллаб сўзга чиққанлар орасида депутат Эркин Воҳидов ҳам бор эди.

“Мен Шавкат Миромоновични 14 йилдан бери¸ шу 1989 йилда сайланган парламентда биргаликда аъзо бўлиб¸ Олий кенгашда биргаликда аъзо бўлиб¸ ўша вақтдаги фаолиятидан биламан. Ана шу кунларда бир депутат сифатида Шавкат Миромоновичнинг тутган позицияси¸ унинг қатъий бир характери¸ мустаҳкам тутган ўрни мени ҳамиша бу инсонга нисбатан ҳурмат билан қарашга даъват қиларди. Шавкат Миромонович иккита областнинг раҳбарлик лавозимида ишлаб¸ ўзининг қобилиятини кўрсатди. Бундай қатъий характерлик инсоннинг юртга керак эканлигини ҳис қиламан”¸ деган эди Олий Мажлиснинг Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар қўмитаси раиси сифатида гапирган шоир Эркин Воҳидов.

Президент назаридан қолган Эркин Воҳидов дафн маросимида ўзи бош-қош бўлган Шавкат Мирзиëев Ўзбекистон 2-президенти этиб сайланиши биланоқ имзо чеккан илк қарорларидан бирида Эркин Воҳидовнинг 80 йиллигини мамлакат бўйлаб кенг нишонлаш ва шоирга ҳайкал қуриш ҳақида фармон берди.

28 декабрь - Эркин Воҳидов таваллудига 80 йил тўлган куни шоир хотирасини абадийлаштириш жараëни бошланди - шу куни унинг ҳовлиси деворига ëдгорлик лавҳаси ўрнатилди.

Мунаққидлар фикрича¸ ўзбек шеъриятига “содда буюклик” ëхуд “буюк соддалик”ни олиб кирган Эркин Воҳидов шеърлари¸ унинг ўлими¸ қолаверса¸ 2016 йил каби тугаëтган ва келажак йиллар чегарасидан ўтиб¸ янги наслларга ҳам етиб бориш потенциалига эга маънавий меросдир.

Сўнг нафасда “Ўзбекистон – ватаним маним”га сиғмаган шоир

“Шоирлар қишлоқда туғилиб¸ Парижда ўлади”¸ дейди француз мақолларидан бири. 2-жаҳон уруши бошланган йилнинг айни Наврўз кунида нафақат дунëнинг¸ балки Ўзбекистоннинг ҳам чекка қишлоғи – Қашқадарëнинг Косон туманидаги Некўз қишлоғида туғилган Абдулла Орипов¸ 2016 йилнинг 5 ноябрида ўзи таъриф берган “сеҳрли диëр” – Американинг Ҳюстон шаҳрида вафот этди.

Абдулла Орипов дафн этилди
Илтимос кутинг
Киритиш (Embed)

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:01:13 0:00

75 га кирган шоир Техас штатида яшаëтган қизининг олдига муолажага борганида¸ 3 ноябрь куни буйрак етишмовчилиги оқибатида комага тушиб¸ 5 ноябрь куни касалхонада жон берди.

“Ўзбекистон Халқ шоири”¸ “Ўзбекистон Қаҳрамони”¸ мустақил Ўзбекистон давлатининг илк гимни муаллифи Абдулла Орипов¸ Эркин Воҳидов каби социалистик реализм қолипларидан тошиб¸ 60-йилларда кўз оча бошлаган ўзбекларнинг маънавий уйғониши жараëнини шеъриятга кўчирган шоир сифатида адабиëтган кирди. Гарчи Орипов шеърияти ҳам¸ унинг шахси ҳам турли зиддиятли қарашларга нишон бўлган бўлса-да¸ мунаққидлар таъбирича¸ Орипов ўзбек шеърияти¸ ўзбеклар маънавиятида айнан 60-70-йиллардаги шеърлари билан қолади.

Аввалига Ислом Каримов ардоғида бўлган¸ Ўзбекистон Ëзувчилар уюшмасига раис бўлган Абдулла Орипов ҳам¸ умрининг сўнг йилларида бу ардоқ ва эътибордан мосуво бўлган¸ ҳатто унинг ўз мухлислари билан учрашувларига ҳам изн берилмай қўйган эди.

Эркин Воҳидовдан фарқли¸ Ислом Каримов ўлимига гувоҳ бўлган Абдулла Орипов¸ муваққат президент Шавкат Мирзиëев ташаббусига асосан эътибор билан сўнгги йўлга кузатилди. 9 ноябрь куни “Чиғатой”га қўйилган Орипов жанозасида Шавкат Мирзиëевнинг ўзи қўл боғлаб тургани¸ унинг шаънига ҳассос сўзар айтгани кўрилди.

Тирик (августга бориб ўладиган) Каримов табригини ўқиб эшиттириган ўлик сухандон

2016 йилнинг сўнгги кунларидан унинг илк кунларига назар ташланса¸ йилнинг ўзига хос мажозлар билан бошлангани кузатилади.

2016 йилнинг илк куни - 1 январда ўзбекистонликларга яхши таниш бўлган теледиктор Абдумўмин Ўтбосаровнинг вафот этгани маълум бўлди. Ўзбекистон миллий телевидениесининг 56 яшар етакчи энг сухандони¸ ўлими ҳақидаги хабардан саноқли соатлар олдин - 31 декабрь тунида¸ анъанага кўра¸ президент Ислом Каримовнинг Янги йил табригини ўқиб эшиттирган эди.

Озодлик манбалари¸ миллий телеканалларда Ўтбосаров ўқиган президент табриги кўрсатилаëтган пайтда¸ дикторнинг аллақачон ўлиб бўлганини билдирди.

Уларга кўра¸ президент табриги 30 декабрь куни ёзиб олинган¸ 31 декабрь куни эса табрикнинг ўзгартирилган вариантини ўқиш зарурати пайдо бўлган.

Шу куни Абдумўмин Ўтбосаров уйидан зудликда телевидениега чақиртирилган.

Ўзгартирилган матнни ёзиш жараёнида Абдумўмин Ўтбосаровнинг тоби қочган. Юрак хуружи ортидан таниқли суҳандон шифохонага олиб кетилган.

Ўзбекистон ичкариси ва ташқарисидаги бир қанча Интернет нашрлари Абдумўмин Ўтбосаров МТРК раиси дашномига чидай олмасдан инфаркт бўлганини иддао қилди¸ аммо ҳозирга қадардавлат телевидениеси раҳбарияти бу хабарлар юзасидан изоҳ бермади.

Узоқ йил ишлаган сухандон Абдумўмин Ўтбосаров вафот этгани ҳақида давлат телевидениеси ва матбуотида хабар ҳам берилмади.

“Ўтган кунлар” дан “Келинлар қўзғолони”га қадар

2016 йилнинг 25 октябрь куни Швециянинг Стокҳолм шаҳрида таниқли ўзбек киночиси Мелис Абзалов 78 ëшида юрак хуружидан вафот этди ва 26 октябрда шу шаҳардаги мусулмон қабристонида тупроққа қўйилди.

Орипов каби Абзалов ҳам Швецияда яшаëтган қизиникига келганида¸ хаста бўлиб¸ ҳаëтдан кўз юмди.

Кинорежиссёр яратган "Келинлар қўзғолони", "Суюнчи", "Чинор остидаги дуэль", "Майсаранинг иши, "Армон", "Ўтган кунлар", "Чимилдиқ" каби фильмлар ўзбек киносеварларига яхши таниш.

Ўлмас мумтоз қўшиқлар ижрочиси

Ўзбекистон Халқ ҳофизи Ўлмас Саиджонов 13 февраль куни 65 ёшида вафот этди ва эртасигаТошкентнинг “Минор” кабристонига дафн этилди.

1951 йилнинг 10 январида Китоб туманида туғилган Ўлмас Саиджонов Қарши давлат педагогика институти ҳамда Тошкент давлат ирригация ва мелиорация институтини тамомлаганига қарамай, 1969 йилда ёш ижрочилар республика кўрик-танловида ғолиб чиққанидан сўнг ўз умрини санъатга бағишлади.

Ҳофизнинг "Суратинг", "Ошиқ бўлибман", "Гулузорим","Жонон бўламан деб" каби кўплаб қўшиқлари санъат мухлислари қалбидан жой олган.

Зиë тарқатган Данко

Ўзбекистонлик таниқли файласуф олим ва давлат арбоби¸ академик Саид Шермуҳаммедов 15 февраль куни 86 ёшида вафот этди.

Яқинларининг Озодликка айтишича, узоқ хасталикдан сўнг оламдан ўтган олим 16 февраль куни Тошкентдаги Минор қабристонига дафн этилган.

Саид Шермуҳаммедов 1930 йилнинг 12 майида Бухоро вилоятининг Қоракўл туманида туғилган.

Узоқ йил Ўзбекистон Маориф вазири лавозимида ишлаган. Шунингдек, Тошкентдаги Қори Ниёзий номидаги педагогика илмий-тадқиқот институтида ректор, Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетида фалсафа кафедрасининг мудири лавозимларида ишлаган.

Саид Шермуҳаммедов ўзбек фалсафаси асосчиларидан бири бўлган. Абдулла Орипов Шермуҳаммедовга бағишлаб ëзган шеърида уни Данкога қиëслаб¸ ўз қалбини ëриб¸ атрофга зиë таратган зот сифатида таърифлаган эди.

Ажралмас ака-ука ҳофизларни ўлим ажратди

18 ноябрь куни таниқли ҳофиз Исмоилжон Ваҳобов 67 ёшида вафот этди ва эртасига Тошкентдаги “Болта мозори”га дафн этилди.

Исмоилжон Ваҳобов 1949 йил 19 январда Андижон вилоятининг Чинобод шаҳарчасида туғилган.

У укаси Исроилжон билан бирга дует куйлаб 80-йилларда танилган эди.

Сўнгги йилларда ўзбек телеэкранларидан ими-жимида йўқолган таниқли санъаткорлар каби бу ҳофизнинг ҳам катта саҳнада кўринмай қолганига анча бўлган эди.

СССР пайтида оëғи тўпга етган тўрт ўзбекдан бири

23 ноябрь куни Тошкентда афсонавий “Пахтакор” футбол жамоасининг ўйинчиси Равшан Юнусов вафот этди ва Тошкентнинг “Кўкча” қабристонига дафн этилди.

Ўтган асрнинг 60-70 йилларида Равшан Юнусов Ўзбекистонда миллати ўзбек бўлган уч-тўрт нафар футболчилардан бири бўлган. Равшан Юнусов ўз даврида СССРнинг энг машҳур футбол жамоаларида ҳам тўп сурган.

Равшан Юнусов “Пахтакор” жамоаси сафида СССР чемпионатида иштирок этган. Бундан ташқари ўзбек футболчиси Ленинграднинг “Зенит”, Москва ва Киевнинг “Динамо”, Арманистоннинг “Арарат” футбол жамоаларида ҳам ўйнаган.

XS
SM
MD
LG