Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 17:24

Ўзбекистонда COVID-19 қандай "енгилди"? Бу ҳақда давлат пулига фильм суратга олинмоқда


Ўзбек киночилари маска тикилаëтган корхонани суратга олмоқда
Ўзбек киночилари маска тикилаëтган корхонани суратга олмоқда

«Ўзбеккино» миллий агентлиги буюртмасига биноан “Ҳужжатли ва хроникал фильмлар киностудияси” ДУК томонидан “Синовли кунлар” номли ҳужжатли фильмни суратга олиш ишлари бошланди.

«Ўзбеккино» миллий агентлиги матбуот хизмати вакили Нозим Сафарийнинг Озодликка билдиришича¸ 3 қисмли фильм учун давлат бюджетидан 230 миллион сўм миқдорида маблағ ажратилган.

Фильм режиссери “Ислом Каримов” ҳақидаги ҳужжатли ва яна 40 дан зиëд фильмларни суратга олган 31 яшар Дониëр Шокиров Озодлик билан суҳбатда фильмнинг биринчи қисми шу йил декабр ойида экранларга чиқишини маълум қилди.

Режиссёр ва сценарий муаллифи Шокировга кўра¸ фильм қахрамонлари “Коронавирус билан курашаëтган шифокорлар ва шу кунларда фидоийларча хизмат қилаëтган турли соҳа вакиллари”дир.

Фильм режиссери Дониëр Шокиров
Фильм режиссери Дониëр Шокиров

Aгентлик матбуот хизмати вакили Нозим Сафарийнинг қўшимча қилишича¸ “фильмда давлат раҳбари ҳамда халқнинг коронавирусга қарши ҳамжиҳатликдаги кураши, милий қаҳрамонларимизга айланган шифокорлар, ҳарбийлар, ИИВ ҳамда Миллий Гвардия ходимларининг кураши” акс этади.

Сафарийга кўра¸фильмни суратга олиш ишлари Хоразм, Бухоро, Самарқанд, Сирдарё, Андижон вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳрида амалга оширилмоқда. Суратга олиш ишларини операторлар Саид Далилхон ва Саид Турғутхонов олиб бормоқда.

Офат пайтида камера кўтарганлар ëки пандемия тошойнаси

Ўлат , оспа, холера, испанка – ўтган асрда бу эпидемиялар дунëни даҳшатга солган бўлиши баробарида ижодкорларга илҳом ҳам берган.

Француз рассоми Никола Пуссен ўзининг “Ашдодда ўлат” номли асарида одамлардаги қўрқув ҳиссини тасвирлайди.

Кинорежиссёр Терри Гиллиам 1995 йил суратга олган “12 маймун” (Twelve Monkeys) фильми лабораториядан жиноятчи ўмарган вирус тарқалиши оқибатида инсоният бир неча ўн йил ер остида яшашга маҳкум бўлгани ҳақида ҳикоя қилади.

Санъатшунос Абдумалик Турдиевнинг айтишича¸ "экстремал шароитда бурчакка қадалган одам изтироби" ижодкорларни ўзига жалб қиладиган магнитдир.

“Лекин мен бу умуминсоний фожиа ҳақида ўзбек киночилари¸ хусусан, Дониëр Шокировнинг тош босадиган кино олишига ишонмайман. Бу режиссёр суратга олган Ислом Каримовнинг 80 йиллигига бағишланган ҳужжатли фильмни кўрганман. Мен бу қўштирноқ ичидаги фильмга тарғибот ролиги, деб баҳо бергандим. Доҳий Ким Чин Эр ҳақида Шимолий Корея киночиси қандай фильм олиши мумкин бўлса, Йўлдошев ҳам айнан шундай кино олган. Янглишсам, мамнун бўлардим. Аммо COVID-19 ҳақидаги хужжатли фильм ҳам “ўзбек ҳукумати ва йўлбошчисининг COVID-19 устидан шонли кураши ва ғалабаси ” ҳақида бўлади. Аслида, коронавирусдан Ўзбекистон енгилди. Олинса, шу мағлубият ҳақида кино олиниши керак эди. COVID-19 боис касалхонада қаровсиз қолиб ўлган минглаб бечоралар ҳақида кино олиш керак эди. Зангиота касалхонасида ўликни олиб чиқиш учун охирги пенсия пулини пора сифатида бераëтган кампир фожиасини олиш мумкин эди. Майли, ëш режиссёрни умидсиз қилмай¸ кино экранларга чиққанидан кейин яна гапирсам...”, - дейди санъатшунос.

Ўзбек киноижодкорлари навбатдаги фильмни суратга олмоқда
Ўзбек киноижодкорлари навбатдаги фильмни суратга олмоқда

Зарур фильм

Ўзбек киночиси Улуғбек Йўлдошев пандемия ҳақида фильм яратиш зарурлигини таъкидлайди.

“Бу жуда яхши. Келажак авлодлар учун бугунги кун акс этган солнома. Лекин COVID-19 ҳақида 230 миллион сўмга сифатли кинокартина олиш қийин”, - дейди у.

Улуғбек Йўлдошев ҳали чиқмаган бу фильм қандай бўлиши ҳақида фикр юритади:

“Олдиндан айтай - кино эмас, плакат суратга олинади. Демак, мардонавор ўзбек врачлари коронавирусни енггани ҳақида шоëн таҳсинли фильм олинади. Эшитишимча, биринчи сериясини аллақачон олиб, ишчи версияси катталарга кўрсатилган. Лекин бу кино ижодкорлари фильмни коронавирусдан жабр кўрган касбдошларига кўрсата олармикан? Масалан, актёр Фатҳулла Мақсудов ëки Абдурайим Абдуваҳобов каби COVID-19 дан ўлган, деб ишонилаётган ўнлаб ижодкорлар оиласига... Президент Администрацияси дирижёрлигида олинган кинонинг савияси юксак бўлишига ишонмайман”,- дейди Улуғбек Йўлдошев.

Рассом Бобур Исмоилов асари
Рассом Бобур Исмоилов асари

Айни пайтда ўзбек рассомларининг пандемия мавзусида яратган асарлари мунаққидлар тарафидан яхши қаршиланган.

Камида икки нафар ўзбек рассоми пандемия мураккабликлари акс этган асарлани яратишди.

Улардан бири, таниқли ўзбек рассоми¸ 47 яшар Бобур Исмоилов шу йилнинг 25 март куни коронавирус мавзусидаги рангтасвир асарини Тошкентда жамоатчиликка тақдим қилган эди.

Тошкентлик 49 яшар рассом Анна Иванова COVID-19 боис карантин жорий қилинган Ўзбекистон пойтахти манзараларини туркум суратларда акс эттирди.

Биринчи карантин жорий қилинган март охиридан буён ўтган даврда мусаввира коронавирус хроникаси акс этган юзлаб суратларни чизди.

Суратларда карантин жорий қилинган Тошкент кўчаларидаги кундалик ҳаëт акс этган.

Ўзбекистондаги таниқли рассомлардан бири бўлган Анна Иванова Озодлик билан суҳбатда “Вирус даври эпопеясини” расмларда акс эттириб, келгуси авлодларга етказиш ниятида” бу ишга қўл урганини айтган эди.

XS
SM
MD
LG