Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 19:59

Коронавирус ўзбек ижодкорлари учун "илҳом париси"га айланди


Бобур Исмоилов асари
Бобур Исмоилов асари

Таниқли ўзбек рассоми¸ 47 яшар Бобур Исмоилов 25 март куни ўзи яратган «Сирға» деб номланган рангтасвир асарини Тошкентда жамоатчиликка тақдим қилди.

Ўзбек шоирлари коронавирус турткисида ҳассос саволлар қўйилган шеърлар ëзмоқда¸ уйида ўтириб янги ашула ëзаëтганлар аҳолини ҳам ўз қўшиғи билан уйдан чиқмасликка даъват қилмоқда.

Маданият вазирлиги эса 24 март куни "Уйдаги юлдузлар" танлови эълон қилиб¸ уйдан чиқмай яратилган энг яхши ижод намуналари учун 2 миллион сўмлик мукофот ваъда қилди.

Дунëни гўзаллик қутқаради...

Исмоиловнинг санъатшунос ва мунаққидлар тарафидан илиқ қаршиланган янги асари қаҳрамони коронавирусдан ўзини ҳимоя қилиб тиббий ниқоб таққан соҳибжамол аëлдир. ​

Ўзбек тасвирий санъатини халқаро кўргазмаларда тамсил қилиб келаëтган рассом Бобур Исмоилов Озодлик билан суҳбатда ижодкорнинг вазифаси бугунги борлиқни акс эттириш деб билишини айтади:

- Рассом асари бу ўзига хос тошойна. У бугунги кунимизни акс эттиради. Мен чизган асар қаҳрамони тиббий ниқоб тақиб олган. Аммо у ўзиниинг гўзаллигини ўйлаб¸ қулоғига сирға тақмоқда. Демак атрофда фалокат юз берса ҳам¸ аëл киши гўзалликка талпинади. Шуни акс эттирдим.

47 яшар тошкентлик рассом Бобур Исмоилов қатнашган “Дилхирож”, “Ўртоқ Бойкенжаев” каби фильмлар халқаро кинофестивалларда совринлар олган.

Бобур Исмоиловнинг асарлари Ўзбекистон ва хориж давлатларидаги галереяларда сақланади.

Кўнгил дeзинфекцияси?

Бобур Исмоилов коронавирус пандемияси давридаги кайфиятни ифодалашга уринган биринчи ўзбек ижодкори эмас.

Коронавирус мавзусида ундан олдинроқ шоир, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раисининг биринчи ўринбосари Нодир Жонузоқ ҳам шеър эълон қилган эди.

Шоир назарида инсоният бу касалга даво топади¸ аммо «миллат руҳидаги коронавирус давосиз қолиши мумкин».

Халойиқ,

Не учун турибсиз лоқайд?

Нега ёпмайсиз дил чегарасини?

Келажак авлодни ўйланг лоақал –

Невара, эвара, чеварангизни.

Уларга юқмасин сиздан зарра гард,

Кўнгил остонасин хлорлаб ювинг,

Дилга ниқоб тақинг –

Кирмасин микроб.

Қўлингизни беринг –

Ўйим йўқ қия,

Саволим ноўрин бўлса гар, айтинг:

Қилганмисиз дилни дезинфекция?!

Қалбингизда қачон бўлгай карантин?!

Хонандалар коронавирусни қўшиққа солди

Рассом ва шоирлар қаторида хонандалар ҳам¸ айни кунларда дунë бўйлаб «трендга чиққан» бу мавзуни қўшиққа солиш пайига тушди.

Хусусан¸ ëшлар орасида машҳур «Уммон» гуруҳи «Уйда жим ўтиринг» деган қўшиқ билан чиқди. Ижоди баҳсларга сабаб бўлган Азиз Насафий ижросидаги «Коронавирус» қўшиғи ижтимоий тармоқнинг ўзбек сегментида хитга айланди.

Ўзбекистон Маданият вазирлиги эса «уйда ўтириб коронавирус мавзусида ижод қилаëтганлар»ни олқишлаб¸ улар яратган асарларнинг энг сараларига 2 миллион сўмлик мукофот ваъда қилди.

Рассом Бобур Исмоилов Озодлик билан суҳбатда «мукофот учун эмас¸ балки борлиқда кечаëтган жараëнни акс эттирииш учун қўлига мўйқалам олганини» айтди.

Маданий тадбирлар бекор қилинди

Коронавирус пандемияси нафақат Ўзбекистон¸ балки бутун дунëдаги оммавий маданий тадбирларни фалаж ҳолига келтирди.

Пандемия боис Франциядаги Канн кинофестивали¸ Венециядаги рассомлар биенналлеси ўтказилмайдиган бўлди; ўнлаб таниқли қўшиқчиларнинг улкан стадионларга белгиланган концертлари бекор қилинди.

Коронавирус ижодкорлар учун илҳом париси?

Бундай фалажликка қарамай¸ санъатшунос Абдумалик Турдиев «эпидемияларнинг доимо ижодкорлар учун илҳом манбаи бўлиб келгани»ини айтади:

- Ҳозир кимдир эпидемия ҳақида киносценарийси ëзаëтгани аниқ. Ҳар доим Ҳолливуд киноларида кўрадиганимиз фалокат ичида реал яшаëтган ижодкор нақадар омадли эканлигини ўйлаб кўрасизми? Эпидемия инсонларнинг ичидаги оддий ҳаëтда кўринмайдиган салбий ва ижобий тарафларини ярқ этиб кўрсатадиган экстремал ҳолатдир. Бу эса ижодкор учун энг керак нарса. Умуман шу пайтгача ëзувчилар асарларида эпидемиялар касаллик мавқеидан кўтарилиб¸ абсолют ëвузлик тимсоли сифатида тасвирланди. Альбер Камюнинг «Ўлат» ¸ Пушкиннинг «Ўлат пайтидаги зиëфат»¸ Боккачонинг «Декамерон» асарларини эслаш кифоя.

Хитой ва Жанубий Кореядаги ëпилган музейлар очилмоқда

Шанхайдаги ўнлаб музей, жумладан Хитой бадиий музейи ва Power Station of Art замонавий санъат музейи қайтадан фаолиятини бошлади.

Бу ҳақда хабар тарқатган ARTneн портали 23 март куни Сеулдаги замонавий санъат Миллий музейи очилганини ҳам таъкидлади.

Ушбу маданият масканлари январь ойи охирларида омма учун эшикларини ёпган эди.

Бу музейларнинг очилиши "пандемияни енгиш мумкин" деган умидли ишорат сифатида кўрилмоқда.

XS
SM
MD
LG