Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 17:15

Коронавирус: Деҳқон бозорларида нарх-наво ошди; нархларни назорат қилиш бўйича ишчи гуруҳлар иш бошлади (ВИДЕО)


Коронавирус пандемияси боис дунëнинг аксар мамлакатлари дўконларида асосий истеъмол маҳсулотлари пештахталардан ғойиб бўлмоқда. АҚШдаги магазинлардан бирида 15 март кунги аҳвол.
Коронавирус пандемияси боис дунëнинг аксар мамлакатлари дўконларида асосий истеъмол маҳсулотлари пештахталардан ғойиб бўлмоқда. АҚШдаги магазинлардан бирида 15 март кунги аҳвол.

Расмий Тошкент Ўзбекистонга коронавирус кириб келганини тан олиб¸ эпидемия ëйилишини тўхтатишга қаратилган чекловлар жорий қилиши ортидан ўзбекистонликлар орасида ҳам асосий озиқ-овқат маҳсулотларини катта миқдорда сотиб олиш бошланди.

Давлат идораларининг саросимага ўрин йўқлиги¸ асосий истеъмол товарлари захирасининг етарли эканлиги ва жорий вазиятда нархларни оширганлар маъмурий¸ ҳатто жиноий жавобгарликка тортилиши ҳақидаги огоҳлантирувларига қарамай¸ Озодликка келаëтган хабарларда¸ аксар деҳқон бозорларида нарх-навонинг ошгани айтилмоқда.

Озодлик гаплашган ҳуқуқ тизими мулозимлари¸ жойларда нарх-навони назорат қилиш бўйича ҳокимлар бошчилигида ишчи гуруҳлари тузилгани¸ аммо нархлар ошишини тўхтатиш борасида улар ваколатининг чекланганини айтмоқда.

Ўзбекистондаги йирик супермаркетлар тармоғининг Озодлик боғланган маъмурлари¸ одамлар авваллари килолаб олган айрим маҳсулотларни кейинги икки кун ичида қоплаб олишга ўтганидан сўнг товар етказиб беришда қийинчилик туғилганини билдирди.

“Биз харидорлар хулқини мониторинг қиляпмиз. Тенденция шу кетишда давом этса¸ айрим мамлакатлардаги каби¸ асосий истеъмол маҳсулотларининг киши бошига сотилишига чеклов ўрнатиш масаласини кўриб чиқамиз”¸ деди Тошкентдаги супермаркетлар тармоғи маъмури.

Деҳқон бозорларида нарх-наво ошди; картошка энг харидоргир маҳсулотга айланди

16 март куни Озодликка Ўзбекистоннинг аксар вилоятларидаги деҳқон бозорларидан юборилган видео¸ сурат ва хабарлардан¸ аҳоли ўртасида асосий истеъмол маҳсулотлари¸ хусусан¸ ун ва картошкани катта миқдорда сотиб олиш бошлангани ортидан нарх-навонинг ошгани англашилади.

Фарғона шаҳар марказий деҳқон бозорида ҳам халқ навбат ҳосил қилган¸ картошканинг нархи сунъий равишда оширилган. Ўртача нархи 3000-3300 сўм бўлган картошка¸ кечадан 8000 бўлган. Халқ норози¸ Давлат солиқ қўмитасига қўнғироқ қилсак¸ “илтимос¸ алоқада қолинг”дан нарига ўтиб бўлмаяпти”¸ дейилади Озодликка 16 март куни келган хабарлардан бирида.

Коронавирус ваҳимасидан кейин Қўқон ва Данғарада одамлар озиқ-овқат дўконларини талашмоқда. Оммавий ун¸ ëғ¸ картошка ва шакарни қолдирмасдан уйига ташияпти. Ҳамма довдираб қолган. Солиқ¸ ИИБ ходимларининг ўзи ҳам ваҳимада¸ хали халқ билан иши бўлгани йўқ. Халққа олдиндан тушунтириш берилиб¸ секин-аста тайëрлашганда¸ одамлар бу қадар ваҳимага тушмаган бўларди. Халқнинг аҳволини кўриб¸ раҳмингиз келади”¸ дейилади бошқа бир хабарда.

Ўзбекистоннинг қолган вилоятларидан Озодликка келаëтган хабар ва видеоларда ҳам деҳқон бозорларида асосий озиқ-овқат маҳсулотлари¸ айниқса¸ картошка учун узун навбат пайдо бўлгани кўрилади¸ нархларнинг¸ ҳукумат огоҳлантиришига қарамай¸ ошгани айтилади.

"Бош вазир ваъдасига қарамай¸ биржада ун нархи ошди¸ нонни ҳам оширишга мажбурмиз!"

Ўзбекистонда буханка нон пиширадиган новвойлардан бири 16 март куни уннинг биржадаги баҳоси бир кунда 200 сўмга қимматлаганини билдирди.

Мен нон маҳсулотлари ишлаб чиқарадиган хусусий тадбиркорман. “Тошкентдонмаҳсулотлари¸ Оҳангарондонмаҳсулотлари бугундан ун нархини 200 сўмга оширди. Жума куни 2400 сўм эди¸ бугундан 2600 га сотиляпти. Бу нон нархи ҳам ошади¸ дегани.Эртадан дўконга бериш 1500 сўм бўлади¸ дўконларда 2000 сўм бўлади энди. Бош вазирнинг гапи қаерда қолди?”

Фарғонадан келган хабарда эса:

Фарғонадаги ун комбинатида бир қоп ун учун 75.000 сўмдан сўрашяпти. Ўз нархи 45.000 сўм¸ қолгани шапкаси. Шунга нон нархиям ошмоқда¸ ëки грами камайиб кетмоқда. Ҳоким Ғаниев¸ буни билсаям¸ ўзини билмасликка солмоқда"¸ деб ëзилди.

Озодлик ҳозирча Фарғона ҳокимлигидан бу иддаога нисбатан расмий изоҳ олишга муваффақ бўлмади.

Солиқ ва божхона одамларни тинчлантиришга уринмоқда

16 март куни Ўзбекистон давлат солиқ қўмитаси раиси Беҳзод Мусаев Kun.uz нашри билан суҳбатда¸ коронавирус тарқаши олдини олишга қаратилган ҳукумат чора-тадбирлари эълон қилиниши ортидан одамлар орасида озиқ-овқат тақчиллиги бошланади¸ деган “ваҳима” кучайганини эътироф қилди.

Ўзбекистон Республикаси ўз халқини боқа олиш имкониятига эга”¸ деган Солиқ қўмитаси раҳбари давлат захирасида асосий озиқ-овқат маҳсулотлари етарли экани ва эҳтиëж туғилган тақдирда улар савдога чиқарилишини таъкидлади.

Коронавирус дунё бўйича икки ойдан бери юрибди. Лекин бозорда бирорта маҳсулотнинг етишмовчилиги бўлдими? Бирор бир маҳсулот нархи ошдими? Йўқ. Бундай кейин ҳам шундай бўлиб қолади", – деди маҳаллий нашр билан суҳбатда Беҳзод Мусаев.

Мусаев шунингдек¸ мамлакатдаги икки йирик супермаркетлар тармоғи раҳбарлари “нарх-навони оширмаслик”ни ваъда қилганини ҳам қўшимча қилди.

Айни шу куни Давлат божхона қўмитаси ҳам Тошкентдаги омборхонасидан видеосюжет ҳозирлаб¸ унда мамлакатга четдан кириб келаëтган озиқ-овқат маҳсулотларига чеклов ва тақиқ йўқлиги¸ омборхоналарда асосий маҳсулотлар захираси етарли эканини намойиш қилди.

Деҳқон бозорларида нарх ошишини ким¸ қандай назорат қилади?

Ун¸ ëғ¸ гўшт¸ картошка-пиëз каби асосий озиқ-овқат маҳсулотларини аксар ўзбекистонлик деҳқон бозорларидан сотиб олади. 16 март кунги хабарларда нархларнинг Ўзбекистондаги икки йирик супермаркетлар тармоғи дўконлари эмас¸ айнан деҳқон бозорларида ошгани айтилмоқда.

Озодлик бу бозорлардаги нархларни назорат қилиш бўйича Солиқ қўмитаси¸ ИИВ ва маҳаллий ҳокимиятлар нима иш қилаëтганини ўрганиш мақсадида Давлат солиқ қўмитаси матбуот хизмати билан боғланди.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:00:59 0:00
Бевосита линк


Суҳбатни рус тилида давом эттирган матбуот хизмати ходимаси¸ бу вазият ҳақида “Ўзбекистонда регистрация қилинмаган ОАВ вакилига маълумот берилмаслиги”ни айтиб¸ гўшакни илиб қўйди.

(Бир неча кундан бери турли даражадаги Тошкент мулозимлари фейк хабарлар тарқалиши ва аҳоли орасида саросима туғилиши олдини олиш учун оммавий ахборот воситаларини ҳамкорликка чақириб келмоқда.

"ОАВ вакилларига, халқаро ташкилотларга, жамоатчиликка мурожаат қилмоқчиман – асоссиз, фейк хабарлар билан курашишда ҳамкорлик қилайлик, бизга ёрдам беринг”, деган эди 10 март куни Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов жумладан - таҳр.)

Тошкент шаҳар солиқ бошқармасининг ўзини таништирмаган расмийси¸ нархлар ошишини кузатиш ва назоратга олиш бўйича прокуратура департаменти билан ҳамкорликда ишчи гуруҳи тузилгани ва у иш бошлаганини айтиш билан чекланди.

Ўзи шундай ишчи гуруҳ таркибига киритилган ИИВ зобитларидан бири¸ бундай гуруҳларнинг ҳозирча вазиятга таъсир қиладиган чоралар қўлламаëтганини билдирди.

Ишчи гуруҳларга маҳаллий ҳокимлар раҳбар. Улар ҳозирча давлатнинг тегилмас захирасига олинган маҳсулотларни сотувга чиқариш масаласини кўраëтгани йўқ. Гуруҳлар номига¸ жуда юзаки ишламоқда. Ҳозирча ҳоким буйруғи билан фермерларни холодильникда сақлаëтган нарсасини мажбурий олиб келтириб бозорда соттириш бошланди¸ холос”.

Айни пайтда¸ шахси очиқланмаслигини сўраган бу мулозим¸ ишчи гуруҳда деҳқон бозорларидаги нархни оширганларни жиловлашга ҳуқуқий асос йўқлигини билдирди.

Деҳқон бозорида нархни оширганларга ҳозирча чора кўролганимиз йўқ. Шунга нархлар ҳар соатда ошмоқда. Жазолаш учун илгари спекулянтлик деган жиноят бор эди. Ҳозир бу йўқ. Нархни оширганни жазолаймиз¸ дегани қуруқ гап. Департамент ëки солиқ тадбиркорни савдо қоидасини бузгани ëки лицензиясиз фаолият кўрсатганлик бўйича жазолаши мумкин. Лекин озиқ- овқат сотувчиларда бундай лицензия йўқ. Савдо қоидасини бузганлик учун жазолашда¸ масалан¸ рўйхатдан ўтган тадбиркор килограммдан уриб қолса жазоланади. Бу ҳолат аниқланса¸ биринчи марта маъмурий чора¸ лекин тадбиркор бўлиши шарт. Бозорда эса тадбиркорлар эмас, оддий сотувчилар сотади. Уларга патент олиш шарт эмас. Улар кунлик патта тўлайди. Чунки қишлоқ хўжалик маҳсулотига патент йўқ. Шунинг учун ишчи гуруҳларида бундай савдогарларни нархни оширгани учун қонуний жазолаш механизми йўқ”.

Супермаркетлар таъминот тармоғида зўриқиш бор¸ нархларни жиловлаш усуллари кўриб чиқилмоқда

Озодлик Давлат Солиқ қўмитаси “нархларни оширмаслик учун захирасида маҳсулоти етарли эканини билдиргани”ни тилга олган Ўзбекистондаги икки йирик супермаркетлар тармоғи маъмурларидан бири билан жорий вазият хусусида суҳбатлашди.

Матбуотга гапириш ваколати йўқлиги боис исми очиқланишини истамаган бу мутахассис¸ ҳозирча супермаркетларда нарх-навони оширмаслик¸ бўшаб қолган пештахталарни тўлдириш уринишлари бораëтганини билдирди:

Ўтган икки кун ичида одамлар олдинлари килолаб олинган насаларни қоплаб олиш бошланди. Энг кўп дезинфекция моллари талаш бўлди. Бир кунда нари борса 100 дона сотилган нарсага талаб бир кунда 5000 тага чиқти. Бунча талабни кўтарадиган ғамлама на бизда¸ на ишлаб чиқарувчида борлигидан¸ бу маҳсулотлар тортилиб қолди. Узоқ сақланадиган маҳсулотлар¸ гуруч¸ шакар¸ ëғ билан муаммо ҳозирча йўқ. Лекин тез бузиладиган сабзавотлар билан муаммо сезиляпти. Биз ҳам бу маҳсулотларнинг бир неча кунлигини бозордан оламиз. Бозор қимматласа¸ биз ҳам қимматлатишга мажбур бўламиз”.

Ўзбекистонда¸ айниқса¸ картошканинг талаш бўлаëтганига изоҳ берган берган супермаркетлар тармоғи бошқарувчиси¸ асосий захиранинг импортдан келишини билдирди.

Биласиз¸ камбағал қатламнинг асосий емиши картошка. Шунга қоплаб олиш бошланди. Биз картошкани асосан Россия ва Покистондан олиб келамиз. Ҳозирча таъминотда узилиш йўқ¸ шунга нархни оширмадик. Фақат¸ эрта картошка бундан мустасно. У жуда қиммат¸ килоси ҳозирги саросимагачаям 16 минг сўм эди. Лекин картошкага нисбатан эҳтиëж ҳозирги катта даражада қоладиган бўлса¸ таъминотчининг бунча талабни қондириш имкони бор-йўқлиги аниқ эмас. Зотан¸ саросима фақат Ўзбекистон эмас¸ бутун дунëда бўлаяпти. Шундан келиб чиқиб¸ айрим Европа супермаркетлари каби¸ асосий озиқ-овқат маҳсулотларининг киши бошига сотилишига вақтинча чеклов ўрнатиш масаласини бугун муҳокама қиламиз. Аҳоли харид хулқини мониторинг қиляпмиз. Бугун ўтган икки кунга нисбатан саросима сал пасайди”.

Озодлик коронавирус пандемиясининг Ўзбекистонга кириб келиши ортидан маҳаллий бозорларда юзага чиққан вазиятни кузатишда давом этади. Озиқ-овқат савдоси¸ таъминоти билан билан шуғулланувчи тадбиркор¸ хусусан¸ жорий вазиятда нархлар ошиш жараëнни назорат қилишга масъул ишчи гуруҳга алоқадор бўлсангиз¸ вазиятга оид факт ва маълумотларни Озодлик орқали жамоатчилик билан ўртоқлашишингиз мумкин.

Бунинг учун Озодликнинг Telegramдаги @ozodnews каналига хабар юборинг.

Алоқадор

XS
SM
MD
LG