Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 17:50

Коронавирусдан тузалган америкалик аёл: Саросимага тушманг


Коронавируснинг микроскоп орқали кўриниши.
Коронавируснинг микроскоп орқали кўриниши.

Янги коронавирусдан (COVID-19) тузалган америкалик аёл Элизабет Шнайдер аҳолини саросимага тушмасликка, аммо айни пайтда кекса ёшдагилар ҳақида қайғуришга ва касаллик аломатлари пайдо бўла бошласа, уйда ўтиришга чақирди.

Шнайдер АҚШнинг вирус энг кенг тарқалган Сиэтл шаҳрида яшайди. Биомуҳандислик бўйича PhD даражасига эга бўлган Шнайдер одамларга озгина бўлса-да умид бағишлаш мақсадида ўз бошидан кечирганларини сўзлаб беришга қарор қилганини айтди.

- Табиийки, бу ҳолатга бепарво муносабатда бўлиш ҳам яхши эмас, чунки ёши кекса ва соғлиғи бут бўлмаган шахслар жуда кўп, — деди у.

АҚШ расмийлари Хитойдан олинган маълумотларга таянган ҳолда вирусга чалинганларнинг 80 фоизида касаллик оғир кечмаганини, қолган 20 фоизи эса шифохонага ётишга мажбур бўлганини айтишди. Касаллик қандли диабет, юрак ва ўпка хасталикларидан азият чекиб келганлар учун айниқса хавфлидир.

Шнайдер 25 февраль куни ўзида гриппга ўхшаш симптомлар бошланганини айтди. Унинг сўзларига кўра, 22 февраль куни ўтказилган кечада қатнашган яна беш киши вирусни юқтиргани аниқланган.

Шнайдер бошида ўзида чарчоқ ҳис қилган, аммо бунга эътибор бермаган. Тушга яқин эса боши оғрий бошлаган ва тана ҳарорати кўтарилган. Шу сабаб ишхонасини тарк этиб, уйига қайтган. Уйга бориб мизғиб олганидан кейин тана ҳарорати 39,4 даражага етган.

Шнайдер грипп симптомларини даволашда қўлланиладиган дориларни ичганини ва дўстидан мабодо аҳволи янада оғирлашса, уни шифохонага олиб бориш учун тайёр туришни илтимос қилганини айтди. Аммо бир неча кун ичида унинг тана ҳарорати туша бошлаган.

АҚШда коронавирус илк маротаба январь ойи охирида Вашингтон штатида аниқланган эди. Бугунга қадар штат АҚШ бўйлаб касаллик ўчоғига айланди.

Шнайдер йўтал ва нафас олишнинг қийинлашиши каби коронавирусга чалинганларда энг кўп учрайдиган симптомларни ўзида кузатмагани учун вирусни юқтирмаганман, дея хулоса қилган. Аммо бир неча кун ўтиб, Facebookда дўстларидан бири Шнайдер қатнашган кечага борган бир неча кишида ундагига ўхшаш симптомлар кузатилгани ҳақида ўқиб, шубҳалана бошлаган.

Кечада қатнашганлар шифокорга борган, аммо уларда коронавирус симптомлари бўлмагани учун, уларни фақат грипп вируси учун текширишган.

Шу сабаб Шнайдер Сиэтлда коронавирус бўйича ўтказилаётган изланишда қатнашишга қарор қилган. Тадқиқот муаллифлари ундан почта орқали махсус ускуна ёрдамида бурун суюқлигидан намуна юборишни сўраган.

Тадқиқотчилар 7 март куни унга қўнғироқ қилиб, COVID-19 вирусига чалингани аниқлангани ҳақида хабар қилишган. Бу пайтга келиб Шнайдер ўзини анча яхши ҳис қила бошлаганини айтди. Шунга қарамасдан, шифокорлар унга яна камида 7 кун уйда ўтиришни тавсия қилган.

Айни дамда Шнайдер ўзини жуда яхши ҳис қилмоқда. Шундай бўлса-да, шифокорлар тавсиясига амал қилган ҳолда уйда ишлашда давом этяпти.

- Айтмоқчи бўлганим, саросимага тушманг. Агар вирус юқтириб олганингиз ҳақида шубҳалана бошласангиз, демак, шундай эканлиги ҳоли эмас. Шунинг учун анализ топширганингиз маъқул, деди Шнайдер.

Алоқадор

XS
SM
MD
LG