Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 21:34

Тиббиёт коллежида ўқийдиган қизнинг жонсиз танаси уйидан топилди


25 май куни Бекобод тиббиёт коллежининг (Тошкент вилояти) учинчи босқичида ўқиётган қизнинг жонсиз танаси ўз уйидан топилди.

Марҳума яшаган оиланинг қўшнилари ўқувчи ўзининг томирига укол қилган бўлиши мумкин ва эҳтимол у ўша инъекция оқибатида ўлгандир, деб тахмин қилмоқда.

Коллеж раҳбариятидан олинган маълумотга қараганда, ўқувчи қиз отасининг дорихонасида амалиёт ўтаётган эди.

Мазкур воқеа юзасидан прокуратура текширув бошлаган.

Бекобод тиббиёт коллежининг фармацевтика бўлими учинчи босқич ўқувчиси З.С.(ўқувчи қизнинг исм-фамилияси Озодликка маълум – таҳр.) 25 май куни ўз уйида жонсиз топилди.

Марҳума яшаган оила қўшниларидан бири Озодлик мухбири билан мулоқот давомида бўлажак доришунос ўзини ўзи укол қилиб ўлдирган бўлиши мумкинлигини тахмин қилди:

“Бу қизнинг ота-онаси аптекачилар. Ўша куни у онаси билан аптекада бирга ишлаётган бўлган. Кейин қайси бир иш билан онаси уни уйига юборган. Ҳеч келавермагач, хавотирланиб телефон қилса, шунақа воқеа бўлган экан. Айтишларича, қиз уйига келиб хонасига киргану қўл томирига қандайдир укол қилган. Мен аниғини билмайману, адреналин қилган дейишяпти. Кейин тез ёрдам чақиришган, лекин тез ёрдам келганда, у жон таслим қилиб бўлган экан. Биз чиққанда моргга олиб кетишди”, дейди қўшниларидан бири.

Унинг айтишича, ўқувчи қизнинг ота-онаси ва қўшнилар у ўз жонига қасд қилган, деб ўйлаяпти ва бунинг сабабини ҳеч ким билмаяпти.

Бекобод тиббиёт коллежи директори ўринбосари Моҳира Бердуқулованинг Озодликка айтишича, ўқувчи қиз амалиётда бўлган:

- Роса одобли, яхши қиз эди. Проблемаси йўқ эди. Уйларида бирор гап бўлганми, йўқми, биз бу нарсани аниқ билмаймиз. Учинчи курслар ҳозир практикада эди, у дадасининг дорихонасида практика қилиб турганди. Биз ҳам ҳайрон қолдик. Тиббий экспертиза “доридан заҳарланиш”, деб берибди. Қолганини прокуратура ўрганяпти, деди Моҳира Бердиқулова.

Бекобод шаҳар ички ишлар бўлимининг ўзини таништирмаган мулозими, 25 май куни шундай вқоеа бўлганини тасдиқлар экан, бу ишни шаҳар прокуратураси текшираётганини айтди.

Бекобод шаҳар прокуратурасининг мулозими телефон орқали бу ҳақда маълумот берилмаслигини айтди.

Ўзбекистонда мактаб ва коллеж ўқувчилари орасида ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари кўпаяётганлиги кузатилмоқда.

Жумладан, ўтган ой давомида Озодлик ўз жонига қасд қилган 3 нафар мактаб ўқувчиси ҳақида хабар берган эди.

Тошкент вилоятининг Ўртачирчиқ тумани Қўқоновул маҳалласида 54-сонли мактабнинг 9 синф ўқувчиси F.Ж 17 май куни ўз уйининг ертўласида осилган ҳолда топилган эди.

3 май куни Тошкентнинг Яшнобод туманидаги 69-сон мактаб ўқувчиси ўз уйида осилган холда топилганди.

17 апрел куни эса Самарқанд тумани 45-сонли мактабнинг 9-синф ўқувчиси ўз уйи молхонаси устунига ўзини осгани ҳақда қўшнилари Озодликка маълум қилганди.

Президент Шавкат Мирзиёев ўтган йилнинг 9 ноябрь куни Самарқанд вилоят Халқ депутатлари кенгашида қилган чиқишида¸ вилоятдаги долзарб муаммолар қаторида аëллар ўртасида ўз жонига қасд қилиш даражасининг юқорилигича қолаëтганини тилга олган эди.

“Бу кўрсаткич 145 тани ташкил этади”¸ деган президент¸ бу рақамнинг қайси даврга оид эканини ҳам¸ аëлларни ўзини ўлдиришга мажбурлаëтган омилларни ҳам аниқлаштирмаган.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти​га кўра, 2010 йилда ҳар 100 минг ўзбекистонликдан 7 нафари ўз жонига қасд қилган бўлса¸ 2016 йилга келиб¸ бу нисбат ҳар юз мингдан 9,2 ни ташкил қилган.​

Бу ташкилотнинг 2016 йилги ҳисоботига кўра¸ ўз жонига қасд қилиш дунë бўйлаб 15-29 ëшдагилар ўртасида энг кўп учрайди ва кейинги йилларда суицид 15-19 ëшдаги қизлар ўртасидаги ўлимнинг биринчи сабабига айланган; ўзини ўлдираëтганларнинг 80 фоизга яқини камбағал ëки ўртаҳол оилалардан.

XS
SM
MD
LG